Танлов
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида "Энг жанговар қўшиқ" танлови Қашқадарё вилояти босқичи ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг 2022 йил 24 октябрдаги қўшма қарорига асосан йўлга қўйилган мазкур танлов Қуролли кучлар ҳарбий хизматчиларининг маънавий-ахлоқий тайёргарлиги ва жанговар руҳини янада оширишга қаратилгани билан эътиборлидир.
"Юксак жанговар руҳ - аскарнинг енгилмас кучи, армиянинг қудратидир!" деган концептуал ғояни ўзида жамлаган танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ҳаваскор ва профессионал ижодкорлар ғолиблик учун беллашди.
Иштирокчиларни баҳолашда жонли ижро, қўшиқнинг жанговар руҳ, тантанавор оҳангни ўзида мужассам этганлиги; миллий армиямизга нисбатан ғурур ва ифтихор туйғусини уйғота олишига эътибор берилди.
Якуний натижаларга кўра, Яккабоғ туманидаги 14-мактаб мусиқа фани ўқитувчиси Учқун Нурматов 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўл олди.
Ғолиб ва совриндонларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
НАСРИДДИН