Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш, ўқувчи-ёшларнинг чегара қўшинлари сафларида хизматни ўташи, ҳарбий билим юртларига ўқишга кириши учун руҳан ва жисмонан тайёрлаш, улар ўртасида Ватанга муҳаббатни, ҳарбий ватанпарварлик ғояларини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган кўрик-танловда вилоятнинг чегараолди ҳудудларида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” клублари аъзоларидан иборат 6 та жамоа иштирок этди.
Танлов давомида иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тайёргарлик даражаси аниқланди. Шунингдек, биринчи тиббий ёрдам, тарих, чет тилларига оид билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Китоб туманидаги 3-академик лицейнинг “Қалқон” жамоаси 1-ўринни ва мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Нишон маиший хизмат кўрсатиш коллежининг “Ёш ҳарбийлар” жамоаси 2-, Шаҳрисабз агросаноат коллежининг “Бургут” жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб жамоалар ва мусобақада фаол иштирок этган қатнашчиларга махсус дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Замира РЎЗИЕВА.