Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод ЎКТАМ

27.03.2020


ЭПИДЕМИЯ ҚАНДАЙ КЕЛГАН БЎЛСА, ШУНДАЙ КЕТАДИ...

Сараланган сатрлар

Кафка, Камю ёки Ницше каби адиблар Европанинг ўзида ҳам оммавий ўқилмайди, дунё ўз маромининг қайсидир палласида шундай адибларга эҳтиёж сезади, деган фикрнинг айни ҳақиқат экани шу кунларда яққол билинаяпти. Бугун дунё Альбер Камюнинг "Вабо" асарига ўзига хос эҳтиёж ҳиссини туяяпти, десак хато бўлмайди. Тўғри, роман рамзий хусусиятлардан ҳам холи эмас, Даниель Дефонинг "Агар қамоқда ётишни бошқа бир қамоқда ётиш орқали тасвирлаш мумкин бўлса, унда воқеликда ҳақиқатан бор нарсани қанақадир умуман йўқ нарса орқали тасвирлаш ҳам мумкин бўлади" деган сўзлари эпиграф қилиб олинганидан келиб чиқсак, "Вабо"да фашизм ва унинг инсоният бошига келтирган кулфатлари баён этилгандай ҳам тасаввур уйғонади.

Одам қийин вазиятларда, дейлик, эпидемия, ғам-кулфат паллаларида ўзини қандай тутади, тутиши керак, бу ҳақда "Вабо" мутолааси асносида билиб оламиз. Коронавирус пандемияси шароитида асарни янада чуқур ҳис қила оламизки, бунинг боиси, роман қаҳрамонлари билан дардимиз бирлигидир. Асосий фарқ шуки, китобда оқибати оғир эпидемия ҳақида сўз боради. Одам улкан балолар қошида ҳам инсонийлигини сақлаб қолган экан, шунчаки шахсий гигиенага амал қилиш билан хасталикдан нари туриладиган бир вазиятда ўзликни йўқотмаслик керак...

* * *

Табиий офат ўзи асли одатий нарса, ҳатто бошимизга тушган кезда ҳам унга ишонишингиз қийин. Дунёда уруш, вабо деганлари доим бўлиб туради. Лекин, одатда уруш ҳам, вабо ҳам одамларни ғафлатда қолдиради.

* * *

Уруш бошланиб қолса, одамлар: "Э-э, унча чўзилмайди, чунки бу ўтакетган нодонлик", дейишади. Чиндан ҳам, аслида уруш - ўтакетган нодонлик, лекин, бари бир, нодонлиги унинг чўзилишига тўсиқ бўлолмайди. Умуман олганда, нодонлик - ҳаддан ортиқ собит нарса, агар фақат ўзингизни ўйлаб қолмасангиз, буни тушуниш унча қийин эмас.

* * *

Бу борада ҳамтабааларимиз бошқалардан айбдорроқ эмас, шунчаки улар камтарликни унутиб, бизга ҳамма нарса мумкин, бинобарин, табиий офатлар бўлиши мумкин эмас, деб ишонган эдилар. Улар илгаригидек иш ишлаб, саёҳатларга шайланиб ва ҳар бир нарса ҳақида ўз фикрларига эга бўлиб юрган эдилар. Вабо келажакни, саёҳатларни, мулоқотларни бирдан тақиқлаб қўйса, бунга ишониб бўладими ахир! Ҳамтабааларимиз ўзларини эркинмиз деб ҳисобладилар, лекин офат бўлиб турган пайтда ким ҳам эркин юра олади.

* * *

Ҳакимнинг хотирасида рақамлар айқаш-уйқаш қўзғолди, ва у тарихда юз миллион жонни нобуд қилган тахминан ўттизтача катта вабо эпидемияси бўлган, деб ўзига ўзи уқтирди. Лекин юз миллион ўлик нимани билдиради? Урушни бошингдан ўтказсанг, битта ўлик нималигини тасаввур этишинг қийин бўлади. Агар уни ўлик ҳолда кўрсанг, ўлган одам ҳам кўз олдингда бир салмоққа эга бўлади, лекин башар тарихида сочилиб ётган юз миллион ўлик, моҳиятан олганда, хаёлни пардалаб қўядиган бир туман, холос.

* * *

"Вабо" деган сўз тилга олинди - бу ҳақиқат, айни шу дақиқада қамчин шувиллаб, бир-иккита қурбонни йиқитди. Лекин нима бўпти - ҳали уни тўхтатишга кеч эмас. Энг асосийси - англаш керак бўлган нарсани аниқ-равшан    англаш, беҳуда хаёлларни нари қувиб, зарурий чораларни кўришдир. Шундагина вабонинг йўли кесилади - ахир, одам вабо нималигини тасаввур қилолмайди ёки нотўғри тасаввур қилади. Агар вабонинг йўли кесилса, шундайлиги эҳтимолга яқинроқ, қолгани из-изига тушиб кетади. Акс ҳолда, одамлар вабо нималигига, кейин уни енгиш учун аввал унга кўникиш воситалари бор-йўқлигига ўрганиб қоладилар.

* * *

Шу дақиқадан вабо энди ҳаммамизнинг умумий ишимизга айланди, деб дадил айтиш мумкин. Шунгача ҳамтабааларимиз ақл бовар қилмайдиган воқеалардан таажжуб ва хавотирда қолганларига қарамай, илгариги жойларида туриб, баҳоли қудрат ўз ишлари билан банд эдилар. Ва албатта, кейин ҳам шундай давом этавериши керак эди. Лекин одамлар, жумладан, ҳикоячи ҳам, шаҳар дарвозалари бекилгани ҳамоно ҳаммалари битта зиндонга қамалганларини, энди унга кўникишдан ўзга чора йўқлигини англаб қолдилар. Тасаввур қилинг, дастлабки ҳафталардаёқ, масалан, ўз маъшуқасидан айрилишдай энг шахсий туйғу ҳам энди ҳамманинг, умумхалқнинг туйғусига айланди ва қўрқув туйғуси билан биргаликда бу узоқ муддатли сургуннинг асосий уқубатларидан бири бўлди.

* * *

Эрлар, ўз маъшуқалари садоқатига имон келтирадиган маҳбублар бирдан рашк қилишга ҳам қодир эканликларини билдилар. Севги савдосида ўзларини суюқ ҳисоблаган эркаклар бирдан қуйилиб қолдилар. Шу пайтгача бирга яшаган онасига парво қилмаган ўғил энди волидасининг хотирадан чуқур жой олаётган ҳар бир ажинига хавотир ва ҳамдардлик билан термилишга тушди. Бу қўрс айрилиқ, биронта ҳам нажот қолдирмаган, келажакни тасаввур этишга изн бермайдиган бу жудолик бизни тамом эсанкиратиб қўйди, яқиндагина бўлиб ўтган, лекин аллақачон узоқлаб кетган хотираларга дош бериш иқтидоримизни сўндирди, энди барча кунларимиз шу хотиралар билан банд бўлиб қолди.

* * *

Бошқа, оддий кунларда биз, англабми, англамайми, поёнсиз муҳаббат борлигини тан оламизу, айни пайтда, ҳатто анчайин хотиржамлик билан, ўз муҳаббатимизни шунчаки, иккинчи нав, деб ҳисоблаймиз.

* * *

Ишга кўмилган эр, камбағаллик, истиқболнинг аста-секин бекилаётган йўллари, шомларда дастурхон узра муаллақ турадиган оғир сукунат - бунақа дунёда ҳиссиётга ўрин топилмайди.

* * *

...чол ён бермади: "Эҳ, агар зилзила бўлса! Боплаб силкитади - шу ҳолда... Ўладиганлару қоладиган аниқ бўларди - вассалом. Бу манжалақи вабони айтмайсизми! Ҳатто соппа-соғ одам ҳам касалликни юрагидан чиқариб ташлолмайди".

* * *

- Демак, сиз ҳам, Панлю ҳазратга ўхшаб, вабонинг ижобий томонлари ҳам бор, одамларнинг кўзини очади, ўйлашга мажбур қилади, деб ҳисоблайсиз?

Ҳаким бесабр бош чайқади:

- Дунёнинг ҳамма касаллиги қандай бўлса, шундай. Бу дунёнинг хасталикларига нима мос тушса, шу вабога ҳам тўғри келади. Эҳтимол, кимгадир яхшироқ ҳам бўлар. Лекин вабонинг шунча қайғу ва кулфат келтираётганини кўриб туриб, у билан муроса қилиш учун телба, сўқир ё шунчаки аблаҳ бўлиш керак.

* * *

Дунёда бор ёмонлик қарийб ҳамиша нодонликдан келиб чиқади ва ҳар қандай яхшилик, агар у керагича маърифатли бўлмаса, ёмонликдан кам кулфат келтирмайди. Одамлар - ёмондан кўра яхшироқлар ва, моҳиятан олганда, гап бунда эмас. Лекин улар у ёки бу даражада бехабарликда юрадилар, устига устак, ҳамма нарсани билишни даъво қиладиган ва шу билан ўзини ўзи адо этишга йўл қўядиган авомликдан даҳшатлироқ иллат йўқ. Қотилнинг кўнгли сўқир бўлади ва мутлоқ аниқ кўришсиз ҳақиқий яхшилик ҳам, гўзал муҳаббат ҳам учрамайди.

* * *

Вабони англаш учун кузатиш, тафаккур қилиш керак бўлади. Зеро у фақат ўзининг, шундай айтилса, нуқул салбий аломатлари билан кўринади.

* * *

...фожиадан ҳам жозибасизроқ манзаранинг ўзи йўқ, энг буюк ҳалокатлар ҳам ўзининг чўзилиши билан зерикарли. Даҳшатли вабо кунларидан тирик чиққан одамлар хотирасида бу кунлар баҳайбат ва мудҳиш ёнғин тимсолида эмас, кўпроқ бир жойда туриб олиб, ҳаммани тагида топтаб-янчаётган ниҳоясиз бир депсиниш бўлиб гавдаланади.

* * *

"Мен унга одамлардан узилиб қолмасликнинг бирдан-бир чораси - энг аввало, виждонни тоза сақлаш, деб роса уқтирдим, аммо фойда бермади. У менга хўмрайиб: "Э, биласизми, ҳар бир одам ўзича яшайди", деди. Кейин қўшиб қўйди: "Нима десангиз денг, лекин менинг гапим шундай: одамларни бирлаштиришнинг бирдан-бир чораси - уларга вабо юбориш. Атрофга бир қараб қўйинг, ахир!"

* * *

Эпидемия қандай келган бўлса, шундай кетаётганини қайд этиш мумкин. Унга қарши курашда қўлланган стратегия ўзгаргани йўқ, кеча самарасиз бўлган бўлса, бугун аён муваффақият келтираётган эди. Ишқилиб, касаллик ўзини ўзи адо қилди, ё, эҳтимол, мўлжалга олган ҳамма жойларга зиён етказиб, кейин чекинди деган тасаввур туғилади. Қай бир маънода, у ўз ролини ўйнаб бўлган эди.

* * *

Баъзи бировларининг кўнглига вабо шундай чуқур ишончсизлик солиб қўйдики, ундан қутулиш даргумон эди. Энди уларга умиднинг ҳукми ўтмайди. Улар ҳатто вабо мавсуми тугагандан кейин ҳам унинг қоидалари билан яшайвердилар.

* * *

Зеро, бир-бирига қапишган, сўзга хасис шу жуфтларгина ўз бахтларининг бутун тантанасию бутун адолатсизлиги билан вабо тугагани ва фожиа вақти ўтиб кетганини жорий қилар эдилар. Улар кўриниб турган ҳаммасига қарши ўлароқ, совуққонлик билан бизнинг бир одамни ўлдириш чивинни чертишдек жўн иш бўлган телба дунёни кўрганимизни, бу атай қилинган ёввойиликни, бу майда-чуйдасигача ўйланган алаҳсирашни, бугунги кун бўлмаган ҳамма нарсани ваҳшиёна озод этган бу бандиликни, ҳали вабо ўлдирмаганларни ақлдан оздираёзган бу ўлим ҳидини рад этар, улар ниҳоят, бизнинг бир бўлаги ахлат куйдириладиган печ домига тиқилиб, ҳавога елимшиқ мой тутун бўлиб ўрлаган, қолган бўлаги айни шу вақтда чорасизлик ва қўрқинч кишанлари бўғовида ўз навбатини кутган халқ бўлганимизни инкор қилар эдилар.

* * *

Ва чиндан ҳам, шаҳар марказидан келаётган қувонч ҳайқириқларига қулоқ тутган Риэ ҳар қандай шодлик таҳлика остида туришини эсга олди. Зеро, Риэ бу шод-хуррам оломон бехабар, фақат китобларда ўқиш мумкин нарсани, - микроб ҳеч қачон ўлмаслигини, ҳеч қачон йўқолмаслигини, мебелнинг бурмаларидами, тўшак қатламидами ўн-ўн йиллаб ухлаши, унинг хобхоналарда, ертўлаларда, жомадонларда, дастрўмолларда, қоғозларда ўз пайтини сабр-тоқат билан пойлаб ётавериши ва эҳтимол, одамларга кулфат ва сабоқ келтирадиган, вабо каламушларни қўзғатиб, уларни бахтли шаҳар кўчаларига ўлиш учун ҳайдаб чиқарадиган кун келишини билади.

 Бекзод ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo