Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

31.01.2017


ЕР МАЙДОНЛАРИ – УМУМИЙ БОЙЛИГИМИЗ

Хўш, ерга оид муносабатлар қайси қонун нормалари билан тартибга солинади? Нима қилсак фуқароларимизнинг ерга бўлган талабини қондира оламиз? Нима қилсак ота-боболаримизни боққан, бизни ҳам боқиб келаётган она заминимизни келгуси авлодларга серунум, фойдали қилиб етказа оламиз?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгилаб қўйилган. Ерга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунлар ҳамда қонуности актлари билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига биноан “Вилоят, туман, шаҳар ҳокими корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, деҳқон хўжаликлари ва фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга, бу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга, шунингдек ерларни олиб қўйишга ҳақли бўлиб, қабул қилинган бу хусусдаги қарорлар халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланади”.

Айрим фуқароларимизга уй-жой қуриш ёхуд тадбиркорлик  фаолиятини амалга ошириш учун мурожаат қилишганда ер участкаларини бериш тартиби батафсил тушунтирилса-да, улар вилоят ва республика идораларига туман ер ресурслари бўлими, архитектура ҳамда туман ҳокимлиги ер бермаётгани тўғрисида шикоят қилишади. Ваҳоланки, туман ҳокими уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ваколатига эга эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарори билан тасдиқланган “Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида”ги Низомга асосан, 2008 йил   1 январдан бошлаб якка тартибда уй-жой қуриш учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 285-сонли қарорига биноан, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик фаолияти учун ер участкалари фақат танлов асосида берилади.

Албатта, “2008 йилнинг 1 январь кунига қадар қурилиб, фойдаланиб келинаётган уй-жойлар ҳамда 2016 йилнинг 1 январь кунига қадар қурилиб фойдаланиб келинаётган, аммо кадастр ҳужжатлари бўлмаган нотурар кўчмас мулкларнинг масаласи қандай ҳал қилинади?” деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида “Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка  мулк ҳуқуқини олади”, деб белгиланган.

Бу каби масалалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 1-сонли қарори билан ҳам тартибга солинади. Кўплаб фуқароларимизда узоқ йиллардан буён фойдаланиб келаётган уй-жой ва нотурар жойларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Фуқароларимиз тезда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитасининг ҳудудий органларига мурожаат қилиб бундай биноларни давлат рўйхатидан ўтказишлари шарт. Шундан кейин кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлари кучга киради.

Ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик, ерни яроқсиз ҳолга келтирганлик, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-, 65-, 99-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197-, 2291-моддаларида жавобгарлик масаласи белгиланган. Шу сабабли ер участкаларини амалдаги қонунларга риоя қилган ҳолда эгаллаш ҳамда ундан оқилона ва унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу ерларда келгуси авлодларимизнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқи бор.

Абдишукур ОМОНОВ,

Деҳқонобод тумани ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Report typo