Ҳаётда бундай ҳолатлар бўлиб туришини кўп кўраяпмиз. Яъни аҳоли яшаб турган уй-жой ўрни – маълум ер участкаси муайян мақсадларда олиб қўйилиши мумкин. Давлат ва жамоат эҳтиёжларини кўзлаб шундай қилинади одатда. Натижада ўша уй-жойни, мол-мулкни бузишга тўғри келади. Табиийки, тегишли мол-мулк эгаси бундан зарар кўради. Шунга ўхшаш ҳолатда айрим фуқаролар қандай йўл тутиш кераклигини, ўз ҳуқуқлари нимадан иборат эканини тўлиқ билади, деб айтолмаймиз. Зеро, аҳолидан бўлаётган, уй-жой бузилишига тааллуқли мурожаатлар мавжудлиги ҳам мавзуга атрофлича тўхталишни, қонуний асосда ечим беришни тақозо этмоқда.
Хўш, бугунги кунда уй-жой бузилишига оид масалалар қай тартибда ҳал қилинади? Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши натижасида уй-жойи бузилган фуқароларнинг ҳуқуқлари нималардан иборат? Фуқаро ва юридик шахс кўрган зарар қандай қопланади? Қуйида шуларга батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Аввало шуни алоҳида қайд этиш жоизки, юртимизда ҳар бир инсон турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Бу эса Конституциямизда ҳам мустаҳкам белгилаб қўйилган. Давлат хусусий мулкни ўз муҳофазасига олган экан, шунчаки унга зарар етказилишига ҳам жим қараб турмайди. Ўзаро муносабатларда эса фуқароларнинг рози бўлишига, манфаати ифода этилишига эътибор қаратади. Етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилади.
Биринчи навбатда мазкур муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси асосида тартибга солинади. Кодекснинг 5 та моддаси айни шу масалага бағишланган. 27-модда ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар жой билан таъминлашни кўзда тутади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган.
Мазкур Низомда ер участкасини олиб қўйиш ва тўлов миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби белгиланган. Ер участкасини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги ва ўзаро келишув бўйича туман, шаҳар, вилоят ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши керак. Ер эгаси бу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин. Туман ҳокимликлари бу тоифадаги қарори нусхаларини илова қилган ҳолда, билдиришнома билан бузилиш бошланишидан олти ойдан кечикмай, имзо қўйдириб фуқарога топшириши керак. Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларнинг қиймати тўланмайди. Бузилишга тушган уй-жойлар кейинчалик бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас. Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналарга ажратиб берилган тақдирда уй-жой қийматини тўлаш ва бошқа харажатларни қоплаш тегишли туман(шаҳар)лар ҳокимларининг қарорига кўра ушбу корхона томонидан амалга оширилади.
Ер участкасини олиб қўйиш қандай компенсация қилинади?
Низомга кўра, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилиши таъкидланган. Биринчи ҳолатда фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш орқали зарар қоплаб берилади. Бошқа бир ҳолатда эса бузилаётган уйлар ва иншоотлар ҳамда дов-дарахтлар қиймати фуқароларга тўлаб берилади. Ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уй ва иншоотлар ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ тўланган ҳолда фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси тақдим этилиши ҳам мумкин.
Юридик шахсларга ҳам аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва етказилган бошқа зарарлар қопланади. Етказилган зарарлар тўлалигича қопланиши шарт. Фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак бўлган уйлар, иморатларни кўчириш ва янги жойда тиклаб бериш варианти ҳам мавжуд. Янги жойда уйлар, иморатлар қуриб уларни ер участкаси олиб қўйилган фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш ҳолати ҳам истисно қилинмайди.
Қачон уй-жойни бузиш амалга оширилади?
Туман(шаҳар)лар ҳокимининг ўринбосари бошчилигида бузилаётган уйлар, иншоотларнинг тўлов миқдорини ва компенсация турини белгилаш бўйича комиссия ташкил этилади. Уйлар, иморатлар ва дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ариза берувчининг маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Бузилаётган уйлар ва иморатларнинг бузишдан олинган материаллари қурувчи ёки тўловни мулкдорга тўлиқ тўлаётган ер эгаси ихтиёрида қолади.
Бузилаётган уй-жой қиймати берилаётган турар жой қийматидан ортиқ бўлган тақдирда мулкдорга тафовут тўланади. Бузилаётган уй-жой эгаси бузиш тўғрисидаги билдиришномани олгандан кейин бир ой муддат ичида турар жой ажратиш тўғрисида туман ҳокимлигига ариза бериши керак. Қарор ҳоким томонидан тасдиқлангандан кейин мулкдор бузилиши керак бўлган уйни бўшатиш тўғрисида кафолат хати тақдим этади. Уй-жойни бузиш мулкдорга янги уй-жой берилгандан кейин амалга оширилади. Бузилаётган уй эгасининг мол-мулкини янги квартирага ташиш иморат қурувчининг ёки ерни олганнинг маблағи ҳисобига амалга оширилади.
Юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари ва дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилганда ҳам зарарлар тўлалигича қопланади. Юридик шахс билдиришномани олгандан кейин бир ой ичида компенсация турини кўрсатган ҳолда туман ҳокимлигига ариза бериши керак. Кўчирилган ва янги жойда тикланган уй-жойлар, иншоотларнинг қиймати пул билан қопланмайди. Кўчириш ва тиклаш ишлари бир йилдан кеч бўлмаган муддатларда амалга оширилиши керак. Уйлари бузилиши лозим бўлган фуқаро ва юридик шахснинг розилиги билан янги уй-жой қуриб берилганда бузилаётган уйларнинг қиймати тўланмайди.
Зарар қайси маблағ ҳисобидан қопланади?
Низом талабларига кўра, бузилаётган уйлар эгасига турар жой бериш ва компенсациянинг бошқа турларини тўлаш тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, вилоятлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағлари ва вилоят ҳокимларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда, қонун ҳужжатларимизда уй-жойларнинг бузилиши оқибатида фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг механизми яратиб берилган. Асосийси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ушбу қонун талаблари асосли ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармонида “...кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда” деб таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этиладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5495-сонли Фармонига биноан 2018 йил 1 сентябрдан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйиладиган бўлди. Бундан ташқари, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлар бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши белгиланди.
Мамлакатимизда фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид кўплаб қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Асосийси, бу қонун ҳужжатларининг самарали ишлашини таъминлай олсакгина, аҳолида қонунларга бўлган ишончни оширишга эришамиз.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари