Туркия раҳбари Ражап Тоййип Эрдўған АҚШнинг Исроилга қурол етказиб бериш қарорини "президент Жо Байден Ғазо тарихини "қонли қўллар"да ёзади", дея изоҳлади.
Аввалроқ "Washington Post" газетаси юқори мартабали манбага таяниб, Америка президенти маъмурияти Яқин Шарқда юз бераётган кескин қарама-қаршиликлар фонида Исроил давлатига қиймати 735 миллион долларга тенг юқори аниқликда ишловчи қурол-яроқлар сотишни тасдиқлагани ҳақида эълон қилганди.
"Бугун Жо Байден Исроилга қурол етказиб бериш бўйича муҳим ҳужжатни тасдиқлади. Аммо улар сўзда қуролсизлантириш тарафдори. Муҳтарам Байден, сиз номутаносиб кучлар қўлланиши бир аҳволга солиб қўйган Ғазо тарихини қонли қўлларда ёзаверинг. Биз эса Фаластин ҳимояси бўйича посбонлик қилишда давом этамиз. Ким Фаластиндаги фожеадан кўз юмаётган бўлса, ўз бошига келгуси ҳалокатлар уруғини ёғдиради", деган Эрдўған Анқарада қилган чиқишида.
"БМТ Хавфсизлик кенгаши халқаро ҳуқуқлар билан нотаниш, террорчи ва босқинчи кўринадиган Исроил давлатини Фаластин ерларида янги еврий манзиллари қуришини тўхтата олмади. Исроил Ғазодаги аёллар ва болаларни ўлдиради, оммавий ахборот воситалари жойлашган бинони бомбалайди. Сиз портлаш овозидан қўрқадиган исроиллик болалар учун қайғурасиз, аммо Исроил бомбаларидан ўлаётган фаластинлик гўдакларни ўйламайсиз", дея қўшимча қилган Туркия президенти.
Унинг сўзларига кўра, Қуддусни бошқаришнинг энг мақбул йўли - уч дин вакилларидан комиссия ташкил қилиш бўлади.
Ғазо ва Исроил чегарасидаги вазият 10 май куни кечаси кескинлашганди. Ҳаводан ўзаро ўққа тутишлар натижасида Фаластин томонидан ҳалок бўлганлар 200 нафардан ошган, шундан 60 нафарга яқинини болалар ташкил қилган бир пайтда, Исроил томонида ҳам кичик йўқотишлар бўлган.