Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ

15.08.2017


ЕРГА КЎМИЛГАН СЕЛИТРА

Мазкур фермерлар давлат томонидан ажратилган минерал ўғитлардан белгиланган мақсадларда фойдаланиб, ер унумдорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўтариш ўрнига мўмай даромад илинжида уларни пуллашга уринаётгани ачинарли. Ваҳоланки, қонунга зид бу қилмиш минерал ўғитлар олди-сотдиси билан ноқонуний шуғулланувчи “уддабуронлар” жонига “ора” кирмоқда.

Мазкур йўналишдаги қонунбузарликларни фош этишда вилоят божхона бошқармаси томонидан тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Таҳлилларга кўра, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий  йилнинг биринчи ярмида 7 та ҳолатда вазни 6,9 тонна аммиакли селитра минерал ўғитининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Мисол учун, Қарши туманидаги Гулистон қишлоғида жойлашган “Кенжабоев Самат Бойқобилович” чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги (фермер хўжалиги номи ва исм-фамилиялар ўзгартирилган) иш бошқарувчиси Ғани Бобомуродов томонидан ҳудуддаги майдонда ерга кўмилган ҳолда 30 дона синтетик қопга завод усулида қадоқланган 1,5 тонна аммиакли селитра минерал ўғити ноқонуний равишда сақлаб келингани аниқланди.

Яна бир ҳолатда, Нишон туманида ўтказилган тадбир натижасида фуқаро Маъруф Парпиев жиноий шериги Одил Маҳкамов бошқарувидаги “Форд транзит” русумли давлат рақами 50 G 883 GA бўлган юк автотранспорт воситасига 25 дона полиэтилен қопда қадоқланган 1,3 тонна аммиакли селитрани юклаб, ноқонуний тарзда келгусида қайта сотиш мақсадида қўшни қишлоққа олиб бораётганда қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шуни унутмаслик лозимки, давлат фермерларга қишлоқ хўжалиги экинларининг ўз вақтида пишиб етилиши, ҳосилдорлиги ошиши учун зарур минерал ўғитларни ўз муддатида ва меъёрида етказиб беради. Бундан унумли ва мақсадли фойдаланиш фермер хўжаликларининг давлат олдидаги мажбуриятларини бажариш билан бирга, озиқ-овқат захирасини тўлдиришга ҳам катта ҳисса қўшади. Яъни белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик кун келиб кўнгилсиз ҳолатларга, жумладан, озиқ-овқат танқислигига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабаб бу борада ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар қатъий бўлади.

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo