Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

22.02.2017


ЭРКИН ФИКР, ХОЛИС НАЗАР

1766 йили Швецияда “Матбуот ва сўз эркинлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда фуқароларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлса, 1789 йил французларнинг фуқаро ҳуқуқлари декларациясида матбуот эркинлиги тушунчаси анчайин кенг ифода этилди.

1991 йилнинг 3 майида Намибиянинг Виндхук шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда Африка давлатлари газета-журнал муҳаррирлари дунё ҳукуматларини ОАВ эркинлигини таъминлашга, журналистларнинг ҳақиқатни юзага чиқариш йўлидаги чиқишларига тоқатли бўлишга даъват этишди. Учрашув сўнгида матбуот эркинлиги тўғрисида декларация имзоланади. Орадан икки йил ўтгач, 3 май БМТ томонидан Жаҳон матбуоти эркинлиги куни, деб эълон қилинади. Шу кундан эътиборан мазкур сана жаҳонда матбуот эркинлиги куни сифатида нишонлаб келинади.

Мамлакатимизда ҳам истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга муҳим принципиал масала сифатида қараб келинмоқда. Бу Бош қомусимизнинг 67-моддасида “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”, сўзлари билан мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олиниши, шунингдек, уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”, кўринишидаги таъкид ҳам бунинг ёрқин ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш юзасидан олдинда турган вазифаларни белгилаб берар экан, биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Маълумки, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий    фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу        Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисобланади.

Мамлакатимиз раҳбари шу ҳақда тўхталиб, “Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларни танқидий баҳолар эканмиз, муҳим бир масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, деб ўйлайман. Яъни, бу ўринда гап оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларнинг устувор жиҳатларини тўғри белгилаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш ҳақида бормоқда”, дея мутасадди идоралар вакиллари масъулиятини янада ошириш лозимлигини айтган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуот эркинлигини таъминлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Боиси, мазкур қонун орқали фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлари сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтирди.

Умуман олганда, матбуот эркинлиги фақат соҳа ходимларига эмас, юртимизнинг барча фуқароларига оид кенг қамровли ҳуқуқдир. Зеро, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида таъкидланганидек, ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эга.

Хуллас, матбуот эркинлиги жамият тараққиётини белгилар экан, шу маънода бугун жаҳон миқёсида кенг нишонланаётган Жаҳон матбуоти эркинлиги куни сўзни қадрлайдиган, эркин фикр, холис назар тарафдори бўлган ҳар бир кишининг ҳам шодиёнасидир.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратда: “Ғузор ҳаёти” газетаси таҳририяти жамоаси.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo