Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

12.09.2024


ЭРКИН, ОЗОД ФИКРЛАШ ИМКОНИЯТИДАН МАҲРУМ ОДАМ ҲЕЧ МАҲАЛ ҲАЛОЛ БЎЛА ОЛМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Рауф Парфи деганда, ўзбек адабиётида Чўлпон, Фитратлардан кейин янги ўзан ҳосил қилган, шеърларида ўзига хос руҳ, услуб акс этган шоир кўз олдимизда гавдаланади. Унинг дарвештабиатлиги, моддий дунёга ҳирс қўймагани, кимлардир уй-жой ташвишида ор-номусидан кечган бир шароитда тайёр уйни ташлаб кетавергани ҳақида кўп айтишади. Аниқки, Рауф Парфи дунёдан баландда тура олган, шу боис ўткинчи ҳавасларга парво қилиб ўтирмаган.

Унинг шеърларида Туркистон руҳи бўй кўрсатиб туради - Ватанни, халқни бир бутунликда кўриш орзуси.

Ўтган йили чоп этилган "Ҳукмнома" китоби Рауф Парфи шахси ҳақида янги, мутлақо кутилмаган тасаввурлар беради. Китобдан суҳбатлар, турли тадбирлар видеотасвирларидан ёзиб олинган матнлар, ҳикоялар (!), Уильям Сарояннинг "Ҳей, ким бор?" асари таржимаси ўрин олган.

Рауф Парфини аввало шоир сифатида таниймиз, аммо янгича услубдаги ҳикоялари ҳам борлигини ҳаммаям билмаса керак.

Энг муҳим жиҳати, китоб мутолааси асносида Ҳақни таниган, ўзини тафтиш этиб, ўзлигини излаб яшаган Инсон сиймоси кўринади. Ва ўзимиз интилиб, курашиб юрган нарсалар ҳеч нимага арзимаслигини пайқаб қоламиз...

*  *  *

ҚАЙҒУ одамни руҳан поклайди. Қайғуролган одам дардли одамга, хаста одамга, ночор-нотавон одамга дарддош, маслакдош, елкадош бўла оладиган одамдир. Бизнинг босқинчиларга кучимиз етмайди, шунинг учун ғамгинмиз. Биз зўравоннинг юзига мушт тушира олмаймиз. Шунинг учун ғамгинмиз. Исёнимизни ғам, алам ва изтироб орқали ошкор эта оламиз. Бу бизнинг авлод чекига тушган қисмат бўлди.

*  *  *

САНЪАТНИНГ вазифаси инсонга ўлимни англатишдир, шакли қандай бўлишидан қатъи назар... Тушунган, англаган инсон ҳамиша оғриқ, фожиа билан яшайди. Таъбир жоиз бўлса, шундай дейиш мумкин: фожиа - инсон билан бирга туғилган аниқ нарса. Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, ўзига, бировга  хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади. Инсоннинг фожиаси ёлғонларга тўқнашганда бошланади. Биз: "Ёлғоннинг умри қисқа", деб ўзимизни юпатамиз. Йўқ, ёлғоннинг умри узун. Буни инсоният тарихига бир назар ташласангиз, билиб оласиз.

*  *  *

Биз ўйлаймиз, гўё оила, жамият, давлат учун яшаяпмиз. Гўё сиз бормасангиз, иш тўхтаб қоладигандай. Биз шу фикрга эркимизни боғлаб қўйганмиз. Сиз ўзингизни жамиятнинг винтиман деб ҳисоблайсиз. Бу айёр ақлнинг хулосалари, оқил ақлнинг эмас.

*  *  *

Ёлғон - тузатиб бўлмайдиган катта қаср. Шайтон унга қулф уриб, калитини кўлга отиб юборган. Ҳаммадан кулиб, фикрлаётган одамнинг ожиз жойларидан фойдаланиб йўлдан уряпти бу шайтон!

*  *  *

Қафасдаги одам Худосиз бўлганлиги учун қафасда. Уларнинг қафаси нимадан, Худо билади. Темирданми, тошданми, пулданми: кўчада юрибди - барибир қафасда. Улар ҳукм қилинган одамлар. Улар ўзларини қафасга ўзлари солган. Улар токи Аллоҳни топмагунча бу қафасдан чиқолмайди. Топса - ҳаммаси бир пул бўлиб қолади. Руҳи бор одам учун зулм институтлари ҳеч нарса эмас.

*  *  *

Оддий одамларга фикрни етказиш оғир. Бунга улкан маҳорат керак. Шекспир домла "Ҳамлет"ида гапни гўрковлардан бошлаб, аста-аста Ҳамлетни арвоҳ билан учраштиради. Яъни одамни асосий  фикрга руҳан тайёрлаб, тарбиялаб келади. Фикр етиб бормайдиганлар учун қонун-қоидалар ишлаб чиқилган. Қоида - бу шариат дегани. Агар қонун-қоида қилишмаса, булар тушунмайди.

*  *  *

Мен ҳаммани ҳурмат қиламан. Мен ҳатто душманимни ҳам ҳурмат қиламан. Чунки душманимдан ўрганаман мен. Унга душман деб қарай олмайман. Чунки бундай қараш мумкин эмас. Инсонга душман деб қарамаслик керак. Инсонга дўст деб қараш   керак, то у сизга дўст бўлгунча.

*  *  *

Одамлар кучли, бақувват бўладилар. Дарахтларни кесадилар, тошларни ўрнидан силжитиб, ҳар томонга отадилар. Кучли кимсалар одамларни бир-бири билан уруштириб, жанжал чиқариб, давлатни бошқарадилар. Кучли одамга най чалаётган шоир керак эмас. Най чалаётган одам ниҳоятда кулгили туюлади унга. Китснинг назарида, кучли одам шеър ёзмаслиги керак. Бошқа ишнинг бошини тутсин. Чала-чулпа туғилган, касалванд, кўнгли бўш, сал гапга кўзига ёш оладиган, ҳаммани кечирадиган шоирлар, шоиртабиатлар кучли одамнинг ғашини келтиради.

*  *  *

Жуда кўп нарсани ҳис этиб, англаб турган зотнинг ҳаёти қийин кечади. Ҳаётни жуда қисқа қилиб бўлиб олиб, бу ёғи меники, нариги ёғи билан ярим тийинлик ишим йўқ дейдиган одам бахтлидир. У ўзини улкан фожиадан ажратиб олди. Уйга кириб эшикни ёпди, ўша ондаёқ дунёни унутди. У - оддий одам. У ҳайвон каби бахтли. У ўз қалбини ўлимга маҳкум этди.

*  *  *

Шайтонга қарши кураш бутун илмдан иборат эканлиги, тўрт минг йилдан бери неча миллион китоб шайтонга қарши ёзилганини била туриб ҳар қадамингизда шайтонга дуч келаверасиз. Нега "баланс" йўқ? Нега одам боласи бир-бирини тушунмайди? Давлатлар бир-бири билан урушади. Миллат миллатни хўрлайди. Нега? Бу зулм давом этади. Нега?

Бу илмлар нега керак эди, таъсири бўлмаса? Фалончига юз минг керак экан, нега пистончини алдаши керак? Шунча илм бор-ку, нега? Қани бу илмлардан келган фойда?

*  *  *

Сиёсат ёлғон ишлатади, макр ишлатади. Сиёсатда, балки, кечирилар. Сиёсатда мумкиндир. Аммо шеъриятда ёлғон гапириш мумкин эмас.

*  *  *

20-30 йиллардаги фожиалар, масалан, қулоқ қилиш... большевизм, Лениннинг ўзи айтган, жаноби фалончи деса, йўқотинглар деган. Чунки жуда олифта, яхши гапиряпти. Кўз олдингизга келтиринг, ўзини саводлиман дейишдан қўрқишни... ана фожиа. Шундай қилиб, умрининг охиригача бизнинг ота-оналаримиз ўзини саводсиз деб жонини сақлаганлар.

*  *  *

Ҳамманинг умри Яратганга боғлиқ, эртага бормизми, йўқмизми? Бизнинг ҳаётимиз, бизнинг умримиз ўзимизга боғлиқ эмас, қанчалиги, қанча яшашимиз. Бу Яратганнинг иши. Бизнинг ишимиз, бу ёқдаги ишимиз... мана шу бесаранжом дунёнинг ичида ўзимизнинг ким эканлигимизни, шахсиятимизни, иймонимизни, виждонимизни бузмасдан яшаш. Энди жудаям оддий қилиб айтганда, тўғри яшаш, вассалом.

*  *  *

Бутун дунёни бошқариб турган нарса - муҳаббат. Инсониятни, тирикчиликни бошқарган... муҳаббат бўлмаса, инсон қандай яшайди? Усиз мумкин эмас. Муҳаббат шундай улуғки, Умар Хайёмда    шундай сўз бор, сен танлаган йўл ул ҳам эмас, бу ҳам эмас, эй бехабар, дейди. Битта муҳаббат йўли бор. У Аллоҳга борадиган йўл. Бизнинг муҳаббатларимиз Аллоҳга бўлган муҳаббатимизнинг кўринишларидир, деб тушунсак бўлар, балки.

*  *  *

Фалончи шоирни орага қўшма, пишиб турган ошни бузади, миянг оғриб тузган фитнаю режаларингни дарров чиппакка чиқаради, дейдилар.

Тўғри гап. Шоир дилидагини тилига чиқариб ўтиришларни, йиғинларни бузиб юборади. Умуман, ноқис жамиятда шоир - ортиқча одам.

*  *  *

Санъат билан тиллашган кимса худди мозорни айланиб чиққан каби кўнгли маънисиз шовқиндан, кир-чирдан фориғ бўлади. Санъат билан мозорнинг орасида бир ажиб яқинлик кўраман. Ҳар иккаласида ҳам аждодлар руҳи билан мулоқотга киришилади. Мозор сукунат, жимлик билан руҳни тарбиялайди, санъат эса мунг ёрдамида кўнгилдаги касал туйғуларни даволайди.  Санъат ҳам, мозор ҳам мияда босиқ ва илоҳий нурга чулғанган мулоҳазалар пайдо этади. Кўчада бақириб-чақириб, ғийбату ҳасадга булғаниб юрганларнинг бари мозор ва санъатдан анча йироқ каслардир.

*  *  *

Бир дарахт. Сокин. жим турибди. Ҳеч нарса демайди. Қайғули. Кўнгил шу дарахт томон интилади. Шу дарахт сизни кўпроқ тушунадигандек. Вағиллаб юрган, ҳиринглаётган одамлар бояги дарахтнинг ёнида пасайиб кетади. Дарахт жуда ақлли кўринади. У кўп нарсани биладигандек. Зарур бир гапни айтмоқчи бўлаётгандекми...

*  *  *

Наполеон айтган: "Туркни, балки, ўлдириш мумкиндир, лекин уни енгиб бўлмайди". Турк дунёга бойлигини, энг кучли одамларни берди. Ислом арабларга берилди, аммо уни амалга айлантириш туркларга топширилди. Турк эканлигимизни англашга интилиш зарур. Тараққиётимиз калити шу.

*  *  *

Унвон - мукофот ҳақида гапириш жуда ноқулай. Негаки кимдир сизга мукофот берсаю, унга эътироз билдириш одобдан эмас. Аммо чет элдаги дўстларимиз таъзия билдирганлари рост. "Рауф Парфи деган шоир вафот этибди", деб айтишгани тўғри. Лекин, Худога шукур, мен тирикман. Бир эмас, ўнта унвоним бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, ўша Рауф  Парфиман.

*  *  *

Эзилганлар ҳамма мамлакатда, ҳамма миллатда бор. Зеро, ёвузлик шу қадар шаклланганки, унинг даражасини давлат миқёси билан ўлчаш мумкин. Бу ўз-ўзидан бўлмаган, балки инсоннинг ожизлигидан фойдаланиб инсонни хўрлаш учун яратилган  институтлар борлиги сабабли ҳам шу даражага етган ёвузлик. Инсон озод яшаши, озод, эркин фикрлаши билангина инсон! Моддийлик, унвону ҳашам эса ҳурфикрлилик олдида ҳеч нарса эмас. Эркин, озод фикрлаш имкониятидан маҳрум одам ҳеч маҳал ҳалол бўла олмайди, айниқса, ижод аҳли, шоирлар!

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo