Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

31.07.2018


ЭРТАГА ЯНГИ ШАКЛДАГИ ТЕСТ СИНОВЛАРИ БОШЛАНАДИ. БИРОҚ...

Яна бир янгилик шуки, жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида, вилоятимизда эса Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати манежи ва спорт залида, яъни аввалгидек ҳар жойда эмас, ягона бинода ўтказилади.

Албатта, бу борадаги барча ўзгаришлар тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлашга қаратилган.

Хусусан, ҳар бир фандан тест топшириқлари 36 тадан 30 тага туширилгани, натижалар тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига эса фақат ижодий имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилиш жорий этилгани ўғил-қизлар учун катта қулайлик бўлди, дейиш мумкин.

Бу йил Қарши давлат университети кундузги ва махсус сиртқи таълим йўналишига 30 минг 937 нафар абитуриент ҳужжат топширди (уларнинг 2380 нафари талабаликка қабул қилинади). Қарши муҳандислик-иқтисодиёт  институтида эса 18 минг 192 талабгор 1 минг 550 ўрин учун билимини синовдан ўтказса, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалига 2 минг 400 нафар абитуриент ҳужжат топширган (қабул квотаси 290 та).

29 июлдан бошлаб мазкур олий таълим  муассасаларида абитуриентларга Давлат тест марказининг тегишли рухсатномалари топширилмоқда.

Суратларда кўрганингиз – ушбу манзаралар Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидан олинди. Тўғриси, жорий йилдан бошлаб тест синовларини ўтказишдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг ташкилий тадбирларда ҳам катта ўзгаришларни кутгандик. Бироқ аҳвол ўша-ўша, эски тос, эски ҳаммом. Олий ўқув юртларида мутасаддилар масалага аввалги йиллардаги каби – қўл учида ёндашаётгани кўриниб турибди. Ҳолбуки, бу йил абитуриентлар учун қулайликлар яратилиши айтилган, навбат кутиш, оворагарчиликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Маълум бўлишича, Қарши давлат университетида ДТМ рухсатномалари Қарши шаҳридаги 23-, 29- ва 34-мактабларда, педагогика коллежида ҳамда университетнинг ўзида тарқатилаётган экан. Бироқ бу ҳақда абитуриентларга вақтида маълум қилинмаган шекилли, ҳамма аввал университетга келиб, кейин айтилган жойга бораяпти. Тўпланган кишилар – университет қабул ҳайъати масъулларининг яхши ташкилотчи эмаслиги оқибати.

Наҳотки оддий ДТМ рухсатномаларини тартибли тарзда, сарсонгарчиликнинг олдини олган ҳолда тарқатишнинг имкони бўлмаса? Ваҳоланки, янги шаклдаги тест синовларига 9 ойдан бери тайёргарлик яна кўрилади. Эртага имтиҳонлар бошланса, бу хилдаги оворагарчиликлар учрамасмикан?

Биз бошланажак 15 кунлик жараённи кузатиб борамиз.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo