Аммо мен бугун Сизга бадиий китоблар мутолааси ҳақида эмас, айнан эртакларнинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида гапирмоқчиман. Нима? Эртак ҳақида "эртак" эшитишга катталик қиламан, дейсизми? Эртак воқеалари мен учун жудаям оддий-ку, дегандай бўлдингизми? Йўқ, менимча ундай эмас! Аслида бизга оддий ва жўн туйилган эртакларда шу даражада катта ҳикматлар яшириниб ётиши мумкинки, уларни тушуниб олиш учун фақатгина катта ёшга эга бўлишнинг ўзи камлик қилади. Балки инсонга зийраклик, мулоҳазакорлик, топқирлик керак.
Улар қандай пайдо бўлган?
Жуда қадимдан инсоният табиат ҳодисаларининг сирларини англашни, уларни ўзига бўйсундиришни, адолатни, бахт ва саодатни орзу қилган. Барча халқларнинг эзгу орзу-ниятлари бир-бирига ўхшаш бўлса-да, улар турлича ифодалаган. Халқларнинг ана шу ҳисси ифодаси ўлароқ, халқ оғзаки ижодида эртак жанри пайдо бўлган. "Эртак" сўзининг луғавий маъноси ҳам айнан - айтиб бермоқ, ҳикоя қилмоқ дегани. Шундан келиб чиқиб айтганда ўзбек халқ эртакларининг энг қадимий намуналари ҳам ўз-ўзидан дунёга келган эмас. Биргина "Ур, тўқмоқ!" эртагини мисол келтирадиган бўлсак, ўтмишда ҳар хил босқинчиликлардан азият чеккан она халқимиз ўз эртагида тўқмоқни тасвирлаб, ёвларнинг заминимиздан таъзирини еб, тезроқ бадарға бўлишларига умид қилган. "Очил, дастурхон"ни тасвирлаб, қачондир дастурхонлари тўкин-сочин бўлишини, қорни мазали овқатларга тўйиб, сархил таомлар тано- вул қилишига умид қилган. Чол лайлакнинг синган оёғини даволаб-тузатгани замирида эса ҳар қандай орзу-умидларга етишнинг йўли ўзгаларга яхшилик қилиш ва меҳнатда эканини тушунтириш бор. Ёки шунга ўхшаш қадимий эртакларимиздан яна бири "Уч оғайни ботирлар"ни олайлик. Сиз эсласангиз, иккита катта акасининг қора девга мағлуб бўлганини эшитган Кенжаботир махлуқ билан олишишга кетиш олдидан билагини тилиб, товоқчани қонга тўлдиради ва устидан сочиқ ёпади. Хотинига қараб: "Сочиқдан қон томиб турса, мендан хавотир олма. Товоқчадаги қон зардобга айланганда эса мендан умидингни узавер!" деб айтади. Эртакдаги бу мажозий ифодада аслида бир авлоддан биргина киши тирик бўлган тақдирда ҳам ҳали авлод давом этиши, авлоднинг сўнгги вакили нобуд бўлса, қони айниши - авлод ердан супурилиб кетиши ҳақидаги ҳаёт ҳақиқати ётибди.
Cамолёт асоси учар гиламми?
Бугун сиз техника асрида яшаяпсиз, азиз дўстим! Самолёт, ракета нима эканини яхши биласиз. Ҳатто, ҳавода учадиган самолётнинг кичикроқ нусхасини ўзим ясаб бера оламан, десангиз мен ишонаман. Чунки мактабдаги дарсликдан, телевидениедан, газета-журналлардан, қолаверса, интернетдан бундай техник воситаларнинг ясалиши ва ички механизми ҳақида маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Аммо уларни дастлаб кашф қилган олимлар-чи, олимлар уларни қандай ўйлаб топди? Ушбу сирни Сизга очсам, ўша олимлар кўпгина кашфиётларига асос бўлган ғояларни айнан халқ эртакларидан олди! Ҳа, ишонаверинг, эртаклардан!
Бунинг далил-исботларидан бири - учар гиламдир. Ахир учар техник воситалар ҳақидаги тушунчалар пайдо бўлмасдан туриб жуда қадимдан инсонлар осмонга парвоз қилиш ҳақида ўйлай бошлаган. Бу амалга ошириш мумкин бўлган орзу эканини ҳис этишган ва учар гилам ҳақидаги эртакни тўқишган. Кейинчалик италиан олими Л.Давинчининг дастлабки учиш мосламаси ҳақида изланишлар олиб боришига ҳам ва ниҳоят рус денгиз офицери А.Ф.Можайскийнинг 1884-1885 йилда илк росмана самолётни яратишига ҳам айнан осмонда парвоз қилувчи гилам ҳақидаги эртаклар бош ғоя бўлиб хизмат қилган бўлса эҳтимол. Телевизорнинг кашф этилишига эса кўҳна-қадим эртакларда айтиладиган "Ойнаи-жаҳоннома" туртки бўлганлигига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Зеро, телевизорнинг ҳозирги номларидан бири ҳам - ойнаижаҳон-ку!
Хуллас, айтмоқчи эдимки...
Хулоса шуки, ёруғ оламдаги ҳеч қайси эртак аслида "эртак" эмас!
Эртаклар - қадимда яшаган аждодларимизнинг умид ва армонлари!
Эртаклар - ота-боболаримиздан қолган ўгит ва насиҳатлар!
Эртаклар - доно ўтмишдошларимизнинг асрлар оша бизга йўллаган ғоя ва кашфиётлари!
Шундай экан, азиз дўстим, ҳар замонда эртак ҳам ўқиб туринг. Ўқиганда ҳам мутолаа қилаётган эртагингиз ҳақида фикрлаб, мағзини чақишга уриниб ўқинг. Аллақачон бир қанча эртаклар ўқиб қўйган бўлсангиз эса, унда эртак тўқинг! Эртагингизга ўзингизнинг ҳамма орзуларингизни, келажакдаги мақсадларингизни сингдириб юборишга ҳаракат қилиб кўринг. Ажаб эмаски, бу эртагингиздаги орзуларингиз қачондир амалга ошиб қолса. Бу эртагингизни асос қилиб келажакда кимдир, жуда буюк нимадир кашф этса...
Байрам АЛИ