Мазкур эртак-томошада Тешавой исмли дангаса ва ёлғончи боланинг бошидан кечирган саргузаштлари тасвирланган. Маълумки, ёлғончилик ва дангасалик зарарли одат бўлиб, у кейинчалик турли кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин. Айниқса, ёлғон гапирган кишига бора-бора дўстлари, оила аъзолари ишонмай қўйишади. Ҳатто унинг рўйи-рост айтган сўзлари ҳам ёлғон дея баҳоланади. Албатта, бунда ёлғиз унинг ўзи айбдор. Дангаса киши эса ҳеч кимга ёқмайди. Яқинларининг ҳафсаласини пир қилгани қолади, холос. Ундан ҳамма ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади. Томошада ёлғончилик ва дангасалик салбий одат экани болаларга тушунарли тарзда ифодалаб берилди.
- Бу эртак-томоша болаларга янада манзур бўлиши учун улар билган ва таниган замонавий мультфильм қаҳрамонларидан фойдаландик, - дейди лойиҳа муаллифи ва режиссёр Қаҳрамон Музропов. - Бу уларга жуда ёқди. Томошани ўқувчиларнинг ёзги таътили давомида яна давом эттирамиз.
Эртак-томоша ёш томошабинларда катта таассурот қолдирди. Буни уларнинг намойишдан сўнг ўз яқинлари билан бўлишган қизғин таассуротларидан ҳам англаш мумкин. Энг муҳими, улар ёлғончилик ва дангасалик салбий одат эканини билиб олишди.
Шу куни вилоятимиздаги истироҳат боғларида, хиёбонларда болалар учун махсус тайёрланган турли тадбирлар, қувноқ ўйинлардан ҳам уларнинг дили завқ-шавққа тўлди.
Азизбек НОРОВ