Тинч-осойишта, ҳар куни янги зафарларга бой бу юртнинг қутлуғ тўйи остонасида юртдошларимизнинг қалби эзгу ҳисларга чулғанган, кайфияти юқори, эртанги кунга ишончи баланд. Энг асосийси, бугунги кундан, олиб борилаётган ислоҳотлардан рози, миннатдор.
Қарши туманидаги марказий ўйингоҳда бўлиб ўтган байрам тадбирида давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, санъаткорлар, ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Асрол Бойқараев сўзга чиқиб, юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қарши туманида ҳам аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб, энг чекка қишлоқларда ҳам одамларнинг чиройли ҳаёт кечириши учун зарур барча шароит ва қулайликлар яратилаётгани, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт иншоотлари қад ростлаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик туфайли дориломон кунларда яшаяпмиз, кўнглимиз хотиржам.
Туман деҳқонлари бу йил қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришди, ғаллакорлар 87 минг тонна ҳосил етиштириб, давлатга 46 минг тоннадан зиёд сара дон сотган бўлса, пахтакорлар 50 минг тонналик улкан пахта хирмонини яратиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Ярим йиллик якунларига кўра, бошқа турдаги халқ хўжалиги режалари ҳам ортиғи билан бажарилгани эътирофга лойиқ.
Жорий йилда туманнинг 4 та массивида 700 га яқин замонавий ва шинам уйлар қуриб битказилди. 27 километрлик тупроқ йўлларга шағал ва асфальт тўшалди, 55 миллион АҚШ долларилик хорижий инвестиция ҳамда 76 миллиард 501 миллион сўм маблағ жалб қилиниб, 212 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу каби ишларнинг амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади ва бу аҳолининг турмуши янада фаровонлашувига хизмат қилади.
Қолаверса, буюк ватандошимиз, калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ва мутафаккир Абул Мўъийн ан-Насафий бобомизнинг айни шу ҳудуддан етишиб чиққани ҳам туман аҳолиси қалбида фахр уйғотади. Муҳтарам Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари асосида буюк бобокалонимизнинг бой илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида зиёратгоҳнинг реконструкция қилиниши ва мажмуа негизида кутубхона ташкил этилиши муҳим воқеликдир.
Байрам дастурида юртимизда тарихан қисқа даврда эришилган улкан ютуқлар, аҳоли турмуш даражаси ўсиб, миллий қадриятлар қайта тиклангани бадиий ифодасини топди. Вилоятимизнинг хушовоз хонандалари ҳамда пойтахтдан келган санъаткорлар, сўз усталари иштирокидаги куй-қўшиқлар, байрам ҳазиллари барчага завқ-шавқ улашди.
Аҳолига кўтаринки кайфият бахш этаётган бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида, чекка ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ