Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

24.01.2017


ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ ВА ДАХЛДОРЛИК ҲИССИ БИЛАН

Тинч-осойишта, ҳар куни янги зафарларга бой бу юртнинг қутлуғ тўйи остонасида юртдошларимизнинг қалби эзгу ҳисларга чулғанган, кўнгиллар масрур, шодумон. Зеро, шундай буюк, мустақиллиги мустаҳкам, Юртбошиси одил, қонунлари устувор мамлакатга байрамлар ярашади.

Китоб туманидаги марказий ўйингоҳда бўлиб ўтган байрам тадбирида давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида туман ҳокими Узоқ Худойқулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Хусусан, юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Китоб туманида ҳам аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб, энг чекка қишлоқларда ҳам одамларнинг чиройли ҳаёт кечириши учун зарур барча шароит ва қулайликлар яратилмоқда. Йўл ва кўприклар, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт иншоотлари қад ростламоқда. Дарҳақиқат, узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осо-йишталик туфайли дориломон кунларда яшаяпмиз, кўнглимиз хотиржам.

Тадбирда Ватанни, истиқлолни, тинчликни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар янгради. Фольклор ансамбллари, ёш гиманстикачилар, велоспорт, картинг иштиёқмандларининг чиқишлари тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Спорт усталарининг маҳорати юртимиз иқтидор ва истеъдод эгаларига бойлигини яна бир бор тасдиқлади. Вилоятимизнинг хушовоз хонандалари ҳамда пойтахтдан келган санъаткорлар иштирокидаги куй-қўшиқлар барчага завқ-шавқ, кўтаринки кайфият улашди.

***

Яккабоғ туманидаги марказий ўйингоҳда бўлиб ўтган байрам тадбири спортчи ёшлар, таниқли ижодкорлар, машҳур хонанда ва қизиқчилар иштирокида янада серфайз бўлди. Миллий ҳунармандчилик намуналари, кичик бизнес субъектлари маҳсулотлари "Истиқлол берган эркинлик" мавзусидаги кўргазмада йиғилганларга ҳавола этилди. Бу орқали   юртимизда тарихан қисқа даврда  нечоғлик улкан ютуқлар қўлга киритилгани, аҳоли турмуш даражаси ўсиб, миллий қадриятлар қайта тиклангани "Ким эдигу ким бўлдик?" деган ғоя асосида кўрсатиб берилди.

Болажонлар ижросидаги, шунингдек, ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқлари, миллатлараро тотувликни ифода этган кўринишлар байрамга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, ҳудудлардаги байрам дастурлари республика тарғиботчилари гуруҳи иштирокида янада сермазмун ва кенг қамровли ўтмоқда.

Аҳолига кўтаринки кайфият бахш этаётган бундай тадбирлар вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида, чекка қишлоқларида ҳам давом этмоқда. Истиқлол байрами тантаналари кеча Шаҳрисабз туманида кенг нишонланган бўлса, бугун Чироқчи ҳамда Деҳқонобод туманларида байрамга чорлов садолари янграмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo