Ой номланиши жаннатдаги ариқ номи билан боғлиқ. Пайғамбаримиз (с.а.в.) меърож кечаси осмонга кўтарилганда, у кишига жаннатда суви қордан оқ, асалдан ширин ариқ кўрсатилади. Ўша ариқнинг номи Ражаб деб аталган.
Халқимизда ражаб ойида туғилган ўғилга Ражаб, қизига Ражабой, деб ном қўйиш анъанаси бор. Ражаб ойида турли хайр-эҳсон маросимлари ўтказилади, касалманд кишилар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинади, имкон қадар ёрдам беришга, кўпроқ хайр-эҳсон қилишга ҳаракат қилинади.
Ривоят қилинишича, ражаб ойи тугаганда Аллоҳ: “Эй менинг ойим, қайси бандам сени дўст тутди ва ҳурматингни бажо келтирди?” деб сўрайди. Ражаб ойи сукут қилади. Аллоҳ таоло: “Нега сукут сақлайсан?” деб сўрайди. Ражаб ойи ўзини карликка олади. Аллоҳ таоло: “Эй асам (кар, гаранг) ой, нега гапирмайсан?” деб сўрайди. Ражаб ойи шундай жавоб беради: “Илоҳо, сен раҳмлик, журму хатоларни кечиргувчи саттор, мени асам (гаранг, кар) деб атадинг. Мен сенинг бандаларингнинг гуноҳ ишларини эшитмадим, аммо эзгу амалларига шоҳид бўлдим”. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Ражаб ойи, сен менинг асам (кар, гаранг) ойим экансан, мен ҳам бандаларимнинг гуноҳларини мағфират қилдим. Уларнинг эзгу ишларига ижобат қилдим”, дер экан. Бу ривоятда ражаб ойининг бандаларнинг гуноҳлари кечирилиши ва уларнинг эзгу амаллари қабул бўлишига тарафдор ой эканлигига ишора қилинади.
Халқимизнинг қамарий йил ҳисобида тўртта улуғ ой бўлиб, шулардан бири ражаб ойидир. Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам, яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир. Шу сабаб кишилар ражаб ойида ўзаро ихтилоф, уруш-жанжалдан тийилишган. Бир-бирлари билан аразлашиб юрган кишилар бу ойда ўзаро аразларини қўйиб, ярашганлар. Бир-бирларига бўлган турли хил гина-кудуратни унутганлар. Бу эса ражаб ойининг инсонларга тинчлик-хотиржамлик, ўзаро бирдамлик бахш этадиган ой эканлигини кўрсатади.
Айни пайтда эса ҳижрий-шамсий (деҳқончилик) йил ҳисобида 21 мартдан ҳамал ойи киради. Ҳамал атамаси “қўй”, “қўзи” деган маънони беради. Бу ойнинг ҳамал деб аталишига сабаб осмондаги ўн икки буржнинг бири ҳамал деб аталишидадир.
Маълумки, ҳар йили бир марта қуёш осмондаги ҳут (балиқ) юлдузлар буржидан ҳамал (қўй) буржига ўтади. Қўй (ҳамал) буржи кеча ва кундузнинг тенглик нуқтаси ҳисобланади. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (“Саодатга бошловчи билим”) асарида шундай дейилади:
Эса келди шарқдан баҳорнинг ели,
Оламга очилди, гўзаллик ели.
Бўз ер ипорланди, қору муз кетиб,
Безанди олам чирой кўрсатиб.
Ғолиб келди қишдан баҳор чиройи,
Янгидан қурилди баҳорнинг ёйи.
Қуёш қайтди яна келиб ўрнига,
Балиқ қуйруғидан қўзи бурнига.
Қуёшнинг “балиқ қуйруғидан” “қўзи бурнига”, яъни ҳут (балиқ) буржидан ҳамал (қўзи) буржига ўтиши ҳамал ойининг бошланиши ҳисобланади. Унинг биринчи куни эса Наврўз - янги кун деб аталади. Шу туфайли халқимиз Наврўзни янги деҳқон йилини бошлаб берадиган кун деб ҳисоблайди, йил боши, қиш тугаб баҳор бошланган кун сифатида тантана қилади.
Ҳамал келиши билан табиатда кун сайин ўзгариш юз бера бошлайди. Шу сабабли халқимизда “Ҳамал кирди - амал кирди”, деган нақл бор. Бу ойда табиатдаги наботот ва ҳайвонот оламида катта ўзгаришлар рўй беради. Ҳаво ҳам мусаффо бўлиб, ариқларда лиммо-лим сув оқади, тупроқ ҳам қиш карахтлигидан уйғониб, экиладиган экинларга қувват беришга тайёр ҳолга келади. Жойларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига киришилади.
Бир-бири билан ёндаш келган ражаб ва ҳамал ойлари халқимиз учун барокатли бўлсин!
Руҳиддин АКБАРОВ