Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

08.05.2020


ЭВАКУАЦИЯ ҚИЛИНИБ, БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ФУҚАРОЛАР

Fузордаги поляклар қабристонида дафн этилган экан

8 май - Қизил Хоч ва Қизил ярим ой халқаро ҳаракати  куни

Ҳар йили 8 май бутун дунёда Қизил хоч ва Қизил ярим ой халқаро ҳаракати ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади. Мазкур ҳаракатнинг вужудга келиши тарихи швейцариялик тадбиркор, тинчлик бўйича халқаро Нобель мукофоти лауреати Жан Анри Дюнан номи билан боғлиқ.

Анри Дюнан 1828 йил 8 майда Женевада туғилган. Манбаларда ёзилишича,  Дюнан 1859 йил Сольферино қишлоғи яқинида бўлиб ўтган жанг гувоҳи бўлади ва  азобланиб ётган ярадор аскарларни кўриб қалби ларзага келади. Анри Дюнан атрофдаги қишлоқлар аҳолисига жангда ярадор бўлган аскарларнинг қайси армияга, қайси миллатга мансублиги, қайси тилда гапиришидан қатъи назар уларга ёрдам кўрсатиш ҳақида мурожаат қилади. "Барча одамлар - оға-инилардир" чақириғи бевосита унинг номи билан боғлиқ.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг асосий принципи инсонпарварлик, холислик, мустақиллик, ихтиёрлилик, бирлик ва кўп тармоқлилик ҳисобланади.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация ёки депортация этилган инсонлар, Германияда мажбурий меҳнат қилганлиги, гетто ва концлагерларда бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатларини қидириш, хорижда ҳалок бўлганларнинг манзили, дафн этилган жойи ва қабристонини аниқлашда кўмаклашиш жамиятнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Биргина мисол. Халқаро Қизил хоч қўмитасидан Ўзбекистон Қизил ярим ой   жамиятига уруш даврида Чехословакия ва Польшадан Ўзбекистонга эвакуация қилинган ва дом-дараксиз йўқолган фуқароларни топишда кўмак беришни сўраб мактуб келади. Унга асосан Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти ходимлари барча туманларда иш олиб боради.

- Қидирувларимиз давомида улардан иккитасининг жасади туманимиздаги поляклар қабристонида дафн этилганлиги аниқланди, - дейди Қизил ярим ой жамияти Ғузор тумани бўлими масъул ходими Нурмамат Жабборов. - Бу ёрдамдан сўнг Польша давлатидан бир гуруҳ поляклар келиб, ушбу қабристонни зиёрат қилиб, таъмирлаш ишларида яқиндан ёрдам беришди. Айни пайтда бу ерда 654 нафар уруш даврида эвакуация қилиниб, шу ерда яшаб қолган чет эл фуқароларининг қабрлари бор.

Шунингдек, жамиятнинг яна бир фаолият тури "Меҳр-шафқат" хизмати бўлиб, жамият қарамоғидаги якка-ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимоя, ўзгалар парваришига муҳтож кишилар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, ОИТС, сил  касалликлари билан касалланганларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб, уларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида иш олиб боради.

- Бугунги кунда вилоятда 157 нафар ёлғиз кекса рўйхатга олинган бўлиб, уларга 15 нафар меҳр-шафқат ҳамширалари бириктирилган, - дейди Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти ҳамшираси Соҳиба Иргашева. - Ҳамшираларимиз доим улардан хабардор бўлиб, бошқа касалликлар юзага келганда ҳам тиббий кўрикдан ўтказиб, назоратда сақлайдилар. Айниқса, юртимизда юзага келган пандемия сабаб эълон қилинган карантин вақтида ҳамшираларимиз деярли ҳар куни ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб, керакли муолажаларни олиб боришмоқда. Айни пайтда вилоятдаги даволаш муассасалари қошида "Меҳр-шафқат" хизмати кўрсатиш учун 19 палатада 39 та жой ажратилган.

Бундан ташқари, жамият ташаббуси билан вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳар йили "Инсонпарварлик нима?"  мавзусида  иншолар танлови, имконияти чекланган болалар орасида "Мафтункор ранглар олами" ва санитария постларида фаолият юритаётган ёшлар ўртасида "Саломатликнинг ёш дўстлари" кўрик-танловлари ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантириб борилмоқда.

Бу ўз навбатида ташкилот олдига қўйилган вазифалардан аҳоли бохабарлигини оширишга ҳам хизмат қилаётир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo