Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ,

03.02.2017


ЭЗГУ ФАЗИЛАТЛАР БАРДАВОМ

Маълумки, диний бағрикенглик тушунчаси турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг бир замин, бир ватанда олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида ҳам диний бағрикенглик тарғиб қилинганини учратамиз. Жумладан, аллома Абу Мансур Мотурудий «Тиловат аҳли сунна» асарида Қуръони карим оятларидан бирини тафсир этиб: «Черков ва синогогларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмон ўлкаларда шу давргача улар сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир», деган фикрни билдиради.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аждодларимиз қарашларига ҳамоҳанг тарзда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Бунда Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида  тенгдирлар», деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилгани ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида жами 2238 та диний ташкилот мавжуд. Улардан 2064 таси ислом, 158 таси христиан оламига оид, яна 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоаси, 1 та Кришна жамияти ва 1 та Будда ибодатхонаси фаолият юритмоқда. Мазкур диний ташкилотлар қаторидан диний таълим муассасалари ҳам ўрин олган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 9 та ўрта махсус ислом билим юрти (мадраса) ва Тошкент ислом институти, Рус православ черкови, Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг Тошкент православ семинарияси ҳамда Тошкент протестант семинарияси шулар жумласидандир. Булардан ташқари, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан таъсис этилган Тошкент ислом университети давлат тасарруфидаги олий таълим муассасаси бўлиб, унда таълим олаётган талабалар ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни уйғунликда ўзлаштирмоқдалар.

Самарқанд вилоятида фаолияти йўлга қўйилган Имом Бухорий халқаро марказида эса буюк аждодларимизнинг мероси пухта ва чуқур ўрганилиши билан бирга масжид имом-хатибларининг махсус ўқувлари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, республикамиздан муқаддас қадамжоларга зиёрат қилаётган фуқароларимизга ҳам шарт-шароит яратиб берилган. Бунинг самараси ўлароқ,  2016 йилнинг биринчи ярми давомида 5000 нафардан зиёд фуқаро Умра зиёратини амалга ошириб келишга муваффақ бўлди. Рамазон ойида эса яна 670 нафар ҳамюртимиз Умра сафарига бориши режалаштирилган.

Булардан ташқари, юртимиздан ноисломий ташкилотлар томонидан ҳам христиан ва яҳудийлар учун муқаддас қадамжоларга зиёратлар ташкил этилади. Ҳар йили Тошкент ва Ўзбекистон епархияси томонидан Исроилнинг Қуддус шаҳрига, шунингдек Россия ва Греция давлатларига сафарлар ташкил этиш яхши анъанага айланган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда барча миллат ва элат, дин ва эътиқод вакиллари тенг кўрилиши, виждон эркинлиги таъминлангани алоҳида таҳсинга лойиқ. Бинобарин, Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётгани ҳам бежизга эмас.

Президентимиз таъбири билан айтсак, «Бугун мана шундай хавфли-таҳликали, ўта нотинч бир даврда  жаҳон молиявий инқирози ҳали-бери давом этаётган бир пайт­да эл-юртимиз нимаики натижаларни қўлга киритмасин, буларнинг барчаси юртимизда тобора мустаҳкам бўлиб бораётган тинчлик ва осудалик, миллатлар, динлар ва фуқаролар­аро тотувлик ва аҳиллик, бир-биримиз­га ҳурмат ва эҳтиром ҳисобидан десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди».

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.

 

Report typo