Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаҳҳор АҲМЕДОВ

01.02.2017


ЭЗГУ ИНТИЛИШЛАРИМИЗ ИНЪИКОСИ

Сабаби, собиқ тузум даври асоратлари эсимиздан чиқиб улгургани йўқ. Совет давлати ҳали ўзининг ҳукмронлик кучини йўқотмаган, унинг репрессив сиёсати давом этаётган, "пахта иши" деган туҳмат, сунъий равишда ўйлаб топилган сиёсий кампания пайтида қанчадан-қанча одамлар ноҳақ қамалган, тазйиқ ва таъқибларга учраган, халқимиз ўртасида тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик кайфияти, қўрқув ва ваҳима кенг тарқалган бир пайтда ана шундай ўта оғир, умумий инқироз ҳаётнинг ҳамма соҳаларини тўлиқ қамраб олган таҳликали шароитда мустақилликка эришиш масаласи кун тартибига қатъий қўйилиши чин маънода тарихий ҳодиса эди.

Ўз фаолиятимдан мисол. Буйруқ кутиш билан вақт ўтказардик. Шахсий ташаббус рағбатлантирилиши ўрнига жазоланарди. Баъзида миллий қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил вазифалар, режалар белгиланарди. Уларни қай тартибда бажариш устида бош қотирардик. Устига-устак Гдлян, Иванов сингари десантчиларнинг таъсири шаҳарлардан тортиб узоқ-узоқ қишлоқларгача етиб борганди. Уларнинг қаттол иш услуби натижасида вилоят раҳбари муовинлари, бўлим мудирлари, шаҳар ва туман партия қўмиталарининг котиблари, вилоят ижроия қўмитаси раиси, унинг 4 нафар ўринбосари, масъул котиби, шаҳар ва туман ижроқўмларининг 12 нафар раиси, йирик ташкилотларнинг раҳбарлари, колхоз ва совхозларнинг 100 га яқин раиси ва директори ишдан олинган ҳамда уларнинг аксарияти жиноий жавобгарликка тортилганди.

Ишлаб чиқарувчи кучлар ва аввало саноат объектлари асосан стихияли равишда, аниқроғи, ҳар хил ўзбошимчалик, буйруқбозлик билан қабул қилинган қарорлар асосида, кўпинча илм-фан вакиллари, билимли ва обрўли мутахассисларнинг тавсиялари мутлақо эътиборга олинмай жойлаштирилди. Бу эса республика иқтисодиёти ҳамда аҳоли пунктларининг экологиясига ғоят катта зиён етказиб, аҳолининг ҳаёт таъминотига, одамларнинг яшаши ва уйғун камол топиши учун зарур шароитларни яратишга салбий таъсир ўтказди.

Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида узоқ йиллар давомида ҳукм сурган маъмурий-буйруқбозлик тизими таъсирида фақат хомашё етказиб беришга асосланган, қолоқ ва мўрт иқтисодиётга эга бўлиб, бу ҳолат республика аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасига анча кескин таъсир кўрсатди.

Инсон манфаати тўғрисида сўз борар экан, бир неча рақамлар устида тўхталиб ўтишга тўғри келади. Истиқлол арафасида мамлакатимиздан олиб чиқиб кeтилаётган бойликларнинг 70 фоизини фақат хомашё ташкил қилар, чeтдан эса 70 фоиз тайёр маҳсулот олиб кeлинар эди. Бу ўз-ўзидан қишлоқларимиз инфратузилмасига, умуман ижтимоий ҳаётга жуда катта салбий таъсир ўтказди.

Собиқ тузумга 25 йил беридан туриб назар ташларкансан, халқимиз нечоғлик қийин шароитда, инсон шаъни топталган, қадри қолмаган бир даврда яшаганига амин бўласан киши. Бугун эришаётган ютуқларимизни кечаги кун билан солиштириб кўриш эса турмуш тарзимиз, ҳаётга муносабатимиз буткул ўзга томонга ўзгарганини кўрсатади. Энди биз қадр топдик, ҳақ-ҳуқуқларимизга қадрият сифатида қарала бошланди. Қўлимиздан иш келса, иқтидоримиз бўлса, уни намойиш этиш имконига эга бўлдик. Тадбиркорликни уддалай олсак, ҳукумат барча ҳуқуқларимизни дунёнинг ҳеч бир давлатида бўлмаган шароитда кафолатлаб қўйди.

Энди аввалгидек фақат бойнинг боласи ўқийди, камбағалнинг боласи далада юради, деган гаплар эртакка айланди. Умуман, жамиятнинг ўзи бой-камбағалга ажратилмайдиган бўлди. Бундай шароитда, бундай мамлакатда камбағал бўлиш - айб, деб қарай бошлади кишиларимиз. Меҳнат қилган одам рағбат кўриб, эл орасида обрў-эътибор топаяпти. Аввалгидек меҳмон келса, дастурхонга нима қўйиш ҳақида эмас, бунча ноз-неъматни дастурхонга қандай сиғдириш ҳақида ўйлаб қоладиган бўлдик.

Аввалгидек рўзғорнинг муштини болаликдан елкамизга олаётганимиз йўқ. Ҳозир болаларимиз ҳақиқий болаликни ҳис қилиб, кўриб улғаймоқда. Бемалол ўқиб, тил ўрганаяпти, санъат, спорт соҳасида юқори натижаларни кўрсатаяпти. Собиқ тузум пайтида жаҳон аренасида зафар қучган спортчини вилоят миқёсида ҳам топиш мушкул эди. Ҳозир ҳар бир қишлоғимизда бир нечталаб чемпион топилади. Чунки бунга шароит, замонавий муҳит бор.

Биргина Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилаётган  бунёдкорлик ишларини олинг. Хўш, буларнинг барчаси ким учун? Албатта, кишиларимиз, фарзандларимизнинг яхши яшаши, фаровон умр кечириши, яйраб ўқиб-изланиши учундир. Давлат бунёдкорлик учун маблағ ажратаётган экан, демак, ўз фуқаросининг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитда ҳаёт кечиришини истаяпти. Бу айни ҳақиқат.

Бу кунларни неча-неча ота-боболаримиз орзу қилиб ўтганди. Ҳурликда ўтган бир кун учун бутун умрини алмаштиришга тайёр кишилар қанча эди. Шундай дориломон кунларда яшаш бизга насиб қилган экан, бу неъматнинг қадрига етиш зарур. Ҳар ким Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан юрт равнақига ҳисса қўшишни ўзининг фарзандлик бурчи деб билмоғи керак. Зотан, бу кунларга етиш осон бўлгани йўқ. Бу кунлар қадрини, баҳосини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган нурли дамлардир.

Абдуқаҳҳор АҲМЕДОВ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Report typo