Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

03.02.2017


ЭЗГУ ИНТИЛИШЛАРИМИЗ ТИМСОЛИ

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўзбек миллий давлатчилик рамзлари анча қадимга бориб тақалади. Бундан 2500 йил муқаддам Эрондан Олтойга қадар чўзилган улкан сарҳадда ҳукм сурган қадимги турк xони Ўғузxон даврида ҳам туркча “тамға” сўзи айнан шу маънони билдирар эди. XII асрнинг машҳур тариxчиси Рашидиддин Ҳамадоний “Танланган тариxлар” номли китобида шаҳодат беришича, Ўғузxон ўз мол-мулкини ўғилларига улус сифатида кичик давлатларга бўлиб, инъом этган. Ушбу давлатлар ҳам ўзларининг xонлик тамғаларига эга эди. Ўша,    “тамға” сўзининг маъноси бугунги польякча “herb”, немисча “Erbe” – “мерос” сўзига тўла мос келади.

Амир Темур давлатида ҳам гербга алоҳида аҳамият берилган. Марказлашган давлатнинг 3 ҳалқа тасвирланган герби бўлган. Бу улуғ бобомизнинг уч иқлим – шимол, жануб ва ғарбда ҳукмрон эканига ишорадир. Замонлар ўтиши билан байроқлар, қоғоз пуллар ва муҳрларда гербларнинг тасвири туширила бошлаган.

Мустақил диёримиз гербида тасвирланган гуллаган водий узра нур сочаётган офтоб серқуёш юртимизга, ундаги обод манзилларга ишора. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар - ҳаёт боқийлиги тимсоли бўлса, буғдой бошоқлари халқимизнинг ризқ-рўзи бутунлигидан, қийғос очилган ғўза ифодаланган чамбар халқимизнинг эзгу ниятларидан далолатдир. Гербнинг юқори қисмидаги саккиз қиррали юлдуз мамлакатимиз халқининг жипслигини, мусамман ичидаги ярим ой қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Герб марказидаги Ҳумо қуши қадимдан бахт ва давлат қуши, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонимиз герби мамлакатимиз кечаси, бугуни ва эртасини, ўзлигимизни ифода этган тимсолдир.

Б.ЖОНИМОВ

Report typo