Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

12.05.2021


ЭЗГУЛИК, ШУКРОНАЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

 

Қадрият

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойнинг султони бўлган муборак Рамазон ойи тугаб, юртимизга Рамазон ҳайити - Ийд ал Фитр байрами кириб келди.

Биз ҳайит деб атайдиган байрам араб тилида "ийд", яъни "қайтиш", "такрор келиш" маъноларини англатади.  Баъзи уламолар "Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам ташвишларига қарамасдан ҳар йили хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун "ийд" деб номланган, деганлар. Ҳайит барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, ҳайит намозларини адо этадилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Уларнинг (мадиналикларнинг) ўйнаб ҳордиқ чиқарадиган икки кунлари бор эди. У зот алайҳиссалом: "Бу икки кун қандай кун?", дедилар. Мадиналиклар: "Биз жоҳилиятда бу икки кунда ўйнаб ҳордиқ чиқарар эдик", дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Албатта Аллоҳ таоло сизларни бу иккисидан яхшироқ кунларга алмаштирди, ийдул азҳо ва ийдул фитр", дедилар".

Рамазон ҳайити Рамазон ойи тугаб, Шаввал ойининг дастлабки кунида ўтади. Ислом шариатида Шаввал ойининг дастлабки кунида мўмин-мусулмон (жума намози вожиб бўлган)ларга жамоат бўлиб икки ракат ийдул-фитр намозини адо қилишлик вожиб (шарт) амал ҳисобланади. Ийдул-фитр намози қуёш бир найза бўйи кўтарилганидан то туш вақтигача ўқилади. Туш вақти киргач ийд намози ўқилмайди. Ийд намози жамоат намози бўлиб, у якка шахс томонидан адо қилинмайди.

Ҳайит намозига чиқишда ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқилади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити кунида ва Қурбон ҳайити кунида (албатта) ғусл қилар эдилар". Шунингдек, ҳайит намозига ювиниб, тоза-озода, мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқилади.

Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб саналади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Бунга имкони йўқлар энг яхши тоза-озода кийимларини кийиб чиқадилар.

Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай хабар берилган: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига бир нечта (тоқ ҳолда) хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар".

Агар бирор узр бўлмаса, ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳам суннатдир. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар". Шунга кўра, бирор касаллик ёки узоқлик, ёки қору ёмғир сингари бирор узр бўлмаса, намозгоҳга пиёда бориш суннат бўлади.

Маълумки, Рамазони шариф катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ойи ҳамдир. Шунингдек, бу ой халқимиз ардоқлаган саховат, меҳр-мурувват каби асрлар оша амал қилиб келаётган бобомерос қадриятларимизга алоҳида эътибор қаратиладиган ойдир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни, саховат мавсумий қадрият эмас. Бироқ муқаддас китобларда Рамазонда қилинадиган ҳар қандай эзгу амаллар, жумладан, хайру саховат ишларига ҳам бошқа ойлардагидан кўра, бир неча ҳисса кўпроқ ажр берилиши қайта-қайта таъкидланади, шунга кўра кишиларда бу ойда савобли ишларни ҳар қачонгиданда кўпроқ қилишга интилиш майли янада ортади. Бир ой давомида фақат яхши ниятда, яхши амалда бўлган кишиларнинг рўзадан кейинги ойларда ҳам бундай яхшиликларда бардавом бўлишлари табиийдир. Шунингдек, уламолар ва толиби илмларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит байрамидаги фазилатли амаллардан саналади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради. 

Муҳтарам юртдошлар! Ҳайит байрамига соғ-омон етиб келиб, юртимиз бўйлаб кенг нишонлаётганимиз учун Аллоҳ таолога шукрона айтиб, янада ҳамжиҳат бўлиб яшашга интилайлик. Яратган парвардигор барчамизнинг хонадонларимизга, жонажон юртимиз Ўзбекистонга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ато қилсин, бошимиз узра меҳр-оқибат ва илму маърифат нурлари ёғилаверсин.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби


Суратларда: ўтган йил тубдан қайта қурилган Қарши шаҳридаги Араловул масжиди кўринишлари.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo