Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

21.06.2016


СУЮН БОБОНИНГ БОFИ

 

Ҳовлисидаги 4 сотихлик мўъжазгина боғчада турли-туман дарахт кўчатларини экиб, парваришлаб келаётганди. Энди 25 сотихлик томорқанинг 10 сотихини ҳам боғга айлантирди. Шафтоли, ўрик, қароли, гилос, олча, ёнғоқ кўчатларини экди. Олманинг бир эмас, уч хил навига қизиқиб қолиб, кўчатини топди. “Боғни боқсанг, боғ бўлар”, деганларидай, 3-4 йилда дарахтлар ҳосилга кирди. Бугунга келиб, Суюн Эсоновнинг боғи ҳамқишлоқлари орасида овоза бўлди.

- Боғдорчилик азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган иш, - дейди у киши. – Шунинг учун умрида дарахт экмаган одам бўлмаса керак. Лекин экиш билан экишнинг, қараш билан қарашнинг ҳам фарқи бор. Боғбонлик шундай инжиқ, нозик иш, ҳамма ҳам уни эплай олмайди.

Суюн Эсоновнинг ўзи эса боғ ишига ниҳоятда ҳавас қўйган. Эрта тонгда боғини бир айланиб чиқмаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Ҳар бир дарахт унга яхши таниш, ҳар бири гўё қадрдон кишисидай. Меҳр билан парваришлагани учунми, боғ ҳам ҳар йили шиғил ҳосил беради. Албатта, мева-чеванинг олдини фарзанду набираларига илинади. Ортгани эса қўни-қўшни, дўст-биродарларга улашилади.

- Бозорга ҳам чиқарамиз, одамлар эҳтиёжига яраша олади, - дейди боғбон. – Бир қисмини қишга асраймиз, мураббою шарбат қилинади. Зеро, ҳар нарсанинг ўзингдан чиққани бошқача, баракали бўлади.

Суюн Эсонов боғининг парваришини бировга ишонмайди, ўзи эплайди. Пайванд қўйиш борми, буташ борми, ўзи бажаришга ўрганган. Ора-сирада дарахтларида бирор тажриба ўтказиб туради. Бир-икки йил олдин меваси ялтироқ, ўртапишар ўрик дарахтига олча билан қароли куртагини пайванд қилиб кўрди. Ҳар иккала куртак ҳам танага бинойидай ўрнашиб, тутиб кетди. Ҳозир битта дарахтда ҳам ўрик пишади, ҳам қароли, ҳам олча. Бири пишиб тугай бошлаши билан иккинчисига ранг киради.

Бундай тажрибаларни боғбон кўп ўтказади. Боғдорчиликка доир китобларни ўқийди, газета-журналларда чиққан бирор янгилик уни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатиладиган “Менинг боғим” кўрсатувининг ҳар бир сонини кўриб боради. Кўрганларини амалда синаб кўргиси, тажрибадан ўтказгиси келади. Қисқаси, бу тиниб-тинчимаган одам учун боғи ҳам тажриба майдончаси, ҳам даромад манбаи.

- Бир парча ер бўлса ҳам бўш қолмаслиги керак-да, - дейди у набираларига. – Бирор экин ё ниҳол экиб қўйсанг, эртага ўзингга яхши. Сен ерга бир хизмат қилсанг, у сенга минг хизмат кўрсатади.

Бу нақлга унинг ўзи оғишмай амал қилади. Боғдан ташқари яна 15 сотихлик ерни чорва учун ем-хашак экиладиган, бошқа турли полиз маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонига айлантирган. Ердан унумли фойдаланиш мақсадида алмашлаб экиш йўлга қўйилган. Арпа, буғдой ёки шунга ўхшаш дон уруғи қадалган  ернинг ҳосили йиғиштирилгач, унга кечки қовун-тарвузми, помидор-бодрингми экади. Набираларини ёнига олиб, экинга ишлов беради, эринмай қарайди. Роҳатини кўриб, ҳосилини олганида эса чин дилдан қувонади.

- Бизнинг еримиз унумдор, саховатли ер, - дейди Суюн Эсонов. – Телевизорда кўп кўрганмиз, айрим мамлакатларда яшайдиган одамлар тупроқдан бирор нима ундира олмайди, ерида жон йўқ, қувват кам. Бизда-чи? Яратган бизни унумдор, тупроғи тиллога тенг замин билан сийлаган. Демак, ерни бекор қўйишнинг ўзи гуноҳ.

Дарҳақиқат, саховатли заминимизнинг имкониятлари катта. Билиб-англаб ёндашган одамни бой қилади. Баракали меҳнати ортидан даромад топиб, бошқаларга ҳам фойда келтираётган Суюн Эсонов сингари юртдошларимиз эса воҳамизда кўплаб топилади. Уларнинг саъй-ҳаракати ҳудудлар ободлиги, бозорлар тўкинлигида ҳам ифодасини топмоқда.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo