Сараланган сатрлар
Ҳақиқий зиёлининг қалби уйғоқ бўлади. Тор доирада, турмуш ташвишларига ўралашиб қолмайди. Айтар сўзи баланд, мақсади юксак бўлади. Ҳатто уни ўз даврида қабул қилмасликлари, тушунмасликлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Вақти келиб, оломон қаршисида катта муаммолар кўндаланг тураркан, бир вақтлар ўзларини огоҳлантирган донишмандни эслаб қолишади, шундай инсонларга эҳтиёж сезилади.
Иброҳим Ҳаққул ана шундай зиёли эди. Олимнинг биргина китоблари номига қараб ҳам у интилган чўққилар улуғворлигини сезасиз. Мисол учун, "Ўзбек халқ мақоллари" тузувчиларидан бири. "Ўзбек адабиётида рубоий", "Увайсий шеърияти", "Бадиий сўз шукуҳи", "Занжирбанд шеър қошида", "Тасаввуф ва шеърият", "Камол эт касбким...", "Ғазал соғинчи" китоблари муаллифи. Қолаверса, Чўлпоннинг "Баҳорни соғиндим", Яссавийнинг "Ҳикматлар", "Боқирғон китоби", "Меърожнома" каби асарлар ўқувчилар қўлига етиб боришида алоҳида ўрин тутган.
"Тирилиш" нашриёти яқиндагина "Иброҳим Ҳаққул ҳақиқати" китобини нашр этди. Унда олимнинг адабиёт, тасаввуф, эътиқод, ватанпарварлик, комиллик ва шахсият, тарих, фикрат ва тафаккур ҳақидаги ўй-мулоҳазалари жамланган. Ушбу дурдона китобни албатта ўқиб чиқинг - янги фикр, қарашларга эга бўласиз. Энг муҳими, ҳаётни теран англашга эҳтиёж сезаётганингизни англаб қоласиз...
* * *
Ахир, тоғдай талантга Аллоҳ тариқдек шижоатни раво кўрмаса - бу ҳам бир толесизлик. Бунақа истеъдод ҳавасга арзимайди: у ёниб ёнолмайди, куйиб куёлмайди, эҳтиёткорлик "қонун-қоида"ларини четлаб, мардона қадам ташлаёлмайди. Одатда, бундай ижодкорлар ўзларининг ички кучига эмас, аллақандай ташқи кучга таслим бўлиб яшайди.
* * *
Гоҳо шундай бўладики, газета ёки журналларга етиб борар-бормас, мадори қуриб, кўп мақолалар адойи тамом бўлади. Шундай чалажон ёки жонсиз мақолалар жамлаб чиқарилганда, тўплам уларнинг қабрига айланади. Бошқача айтганда, ўқувчи билан жонли алоқа ўрнатишга на матбуот, на нашриёт уларга ёрдам беролмайди.
* * *
Дунёга розилик нигоҳи билан боққан, хушнудлик ила дунёни олқишлаган шоирни учратиш қийин. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам аҳвол деярли шундай. Чунки дунёнинг кўпдан-кўп найранг ва ўйинлари, ғаддорлик, золимлик ва қабоҳатлари шоир қалбига тамоман ётдир. Шу боисдан ҳам дунё шоирга, шоир дунёга қандайдир бегона нигоҳ билан қараб, ўртада бир ихтилоф пайдо бўлиб келган.
* * *
Аввало, номард курашга кирмайди. Номардлик - курашдан чекинишнинг энг чиркин кўриниши.
* * *
Одам қувончдан ўлмайди, деб ким кафолат беради? Ёлғон қувонч, сохта шодликлар ўлдирсин-да одамларни. Баъзи кимсаларнинг умрини яшаб, ўз ажалида ўлганлиги ғирт ёлғон. Тийиқсиз маишат, ҳаром-хариш чайналган луқмалар уларни хароб этган. Уларни фикрсизлик емирган, ундайлар нафс ва ҳирс, худбинлик ва ғафлат қурбонларидир.
Инсон шодликлари билан бир қаторда, ҳаётдан дардини ҳам топиши, азоб ва қалб оғриқларидан бир пайса бўлсин ажралиб, бўм-бўшлик завқларидан семириб юрмаслиги лозим. Чунки дард - бу ишқ, имон уйғоқлиги.
* * *
Тарихни ўзгартириб бўлмайди. Уни тушуниш керак.
* * *
Қуллик кишанларидан қўрқув занжирлари ёмон.
* * *
"Нопок" деган биргина сўз одамнинг барча яхши хусусиятини йўққа чиқаради.
* * *
Одам одамдан қўрқса - улар бир-биридан йироқлашади ёки қай бирининг бағрида нафрат ва ғазаби қўзғалади. Илоҳий қўрқувдан эса қалб покланади ва Аллоҳга муҳаббат кучаяди.
* * *
Давлат маҳкамаларига одамларда қачон ишонч шаклланади? Қачонки, ўша жойларни тўғри, ҳалол, тўла маънода эркин ва шижоатли шахслар эгаллашса. Бироқ ҳеч бир даврда, ҳеч бир халқнинг давлатчилик тарихида бундай бўлмаган.
* * *
"Буюк ғоя... буюк ғоя..." дейишдан мурод ҳосил бўлмайди. Пана-пастқамларда тўпланиб, ҳасрат тўкиш билан буюк ғояни ҳаётга жорий қилиш ва олий бир натижаларга эришиш орасидаги фарқ ердан осмон қадардир.
* * *
...кўнгил тош ё темир эмас - уни ҳам андуҳ барибир емиради.
* * *
Соатлаб ортидан қувган овчининг қўлига қуённи олиб келиб тутқазинг, уни қабул қилмайди. Чунки у ўзини ўзи камситиш ва овчилик завқини ерга қориштиришни истамайди. Ҳақиқий олим ҳам шунга яқин завқ соҳиби. Илмдаги жозиба ҳамма билган, кўниккан аниқликда эмас, балки олдинга чорловчи ахтариш ва мустақил тушунишдадир.
* * *
Император Франц Иосифга Бетховенни суяш лозим, у - гений, деганларида, бепарволик билан: "Менга гений эмас, содиқ фуқаро керак", деган экан. Буюк истеъдод эгалари жаҳоннинг ҳамма жойида шоҳлар, давлат арбобларига ёқавермаган. Нега? Чунки истеъдоднинг ўзи мустақил Давлат. Чунки талант халқ қалбини ишғол қилиш ва оммани эргаштиришда ҳар қандай ҳукмдордан қудратлироқдир.
* * *
...ўзбек тафаккурининг умумий аҳволини шарҳлашга қодир файласуфнинг ўзи йўқ. Вақт етиб шундай олим дунёга келса, у албатта, ўзбекларни икки гуруҳга ажратади. Бири - Навоий "Хамса"сини ўқиганлар. Иккинчиси - "Хамса"ни ўқимаганлар. Менимча, "Хамса"ни ўқиб англамаган, англаб ўқимаган ўзбек ҳеч пайтда чинакам ўзбек бўлолмайди.
* * *
Ҳаётдаги хору зорлик, тенгсизлик, ғам-андуҳларнинг аксарияти қашшоқликдан юзага келади. Қашшоқлик, камбағаллик ҳукм сурган жойда одам ва одамийликнинг эмас, пул ҳамда бойликнинг қадр-қиймати осмонга кўтарилиб, фақиру фуқарога турмуш дўзахга айланади. Аммо ақл-идрок, меҳнат-машаққат билан бу "дўзах"дан қутулиш мумкин. Моддий муҳтожликка маънавий муҳтожлик қўшилиб, кейингиси олдингисини эргаштирса ва кучайтирса-чи? Инсон шунчалик тубанлашадики, ҳатто ҳайвон ҳам унинг кунига ачинади. Шунақа ҳолат, аянчли манзаралардан ҳам адабиёт нигоҳини четга тортмаслиги, қайси бир шаклда бўлмасин, уларга муносабат билдириши лозим. Шунда ҳаққоний битилган мўъжазгина бир асар ҳам ўқувчи қалбида тубанликка қарши бир дунё таассурот уйғотиши ҳеч гапмас.
* * *
Ўлимни билиш - ўлимдан қўрқиш ёки дунё завқи, ҳаёт гўзалликларидан кўз юмиб, қабрга юз бурмоқ дегани эмас. Аксинча, тириклик ва гўзалликни севиш, вақтни ғанимат билиб амалга ошириладиган ҳар бир эзгу ишни кечиктирмасдан садоқат ила бажариш, фоний умрни юксак ҳақиқатларга бағишлашдир. Ўлимни Ҳақ ҳадяси сифатида қабул қилишга тайёрланмаган киши Маърифат сирларини ўзлаштириш билан ҳам ҳеч қачон қизиқа олмайди.
* * *
Бизнинг танқидчи, адабиётшунос ва ижодкорлар орасида ғалати бир қитмирлик мавжуд: ўзи тушунмаган, ҳис қилмайдиган асарлардан ё айб ахтаришади ёки бефаросатларча уларни инкор қилишади. Аммо ўлса ҳам бунга тишим ўтмади, менинг қорайган кўнглим, тўнка табиатим бунақа латифлик, бунақа зарифлик ва гўзалликдан завқланмайди, демайди.
* * *
Яқинда мен бир йигитчани ўзимча рағбатлантиргандай бўлиб: "Одам ёшликда кўп нарсани ўқишга, билишга уринмоғи керак", десам у: "Йўқ, домла, одам фақат нақд фойда чиқадиган нарсага вақт сарфлаши лозим", деди. Мен бу гапни эшитиб жимиб қолдим. Демак, китоб ўқишдан ҳеч қандай фойда йўқ, китобсиз ҳам яхши яшаш мумкин, деб ўйлайдиган ва шунга қатъиян ишонадиган авлод шаклланаётир.
* * *
Инига чўп суқилса, ари ҳам одамга ёпишади, талайди. Юрт босиб олинса, вайрон этилса, элнинг қони тўкилса, ҳокимият зўравонликка, қарамликка асосланса, одам фарзанди ари қадар қаршилик кўрсатмасинми?! Аричалик ҳам қаҳри йўқми унинг?!
* * *
Вазият ва шароит одамни не кўйларга солиб, қандай кўргиликларга юзлаштирмайди, дейсиз? Ёзувчи ҳам инсон: қўрқади, фикр-қарашини ўзгартиради, адашади... Аммо адабиётда қўрқоқлик бўлмайди. Туб моҳиятда адабиёт адашмайди, тўхтамайди: ҳар қандай қаршилик ё тўсиқни енгиб янгиланаверади. Улкан рус ёзувчиси М.Е.Салтиков-Шчедрин таъкидлаганидек, "Адабиёт ўткинчи ва ўткинчилик қонуниятларидан холи. Фақат биргина адабиёт ўлимни тан олмайди".
* * *
Олим секин вояга етадиган, ўсиб-улғайгани сайин илдизи чуқурлайдиган дарахтни эслатади. Ёшликда албатта куч, ғайрат, шиддат тўлиб тошади. Бундан фойдаланиш керак. Куч-қувватни илмга сарфлаш яхши. Аммо уни "тежаш"ни ҳам билиш зарур. Нега? Чунки ғайрат, ташаббус, тезкорлик - бу ҳали тажриба деганимас. Изланиш ва тажриба "тегирмони"да янчилишга чидамли олимга мен ҳавас қиламан. Ҳеч пайт дид ва савия пастлигига у кўниколмайди. Ўзининг мавжудлигини кўрсатиш, "аллома"лигини тан олдириш учун талашиб, тортишиб юрмайди.
* * *
Шундоғ қаламкашлар борки, қоғоз қоралаб, китоб чиқаришдан бошқа ҳеч қандай ижодкорлик хислати ва фазилатига соҳиб эмас. Улардаги билим, дид, савия, фаҳм-фаросат ночорлиги айтилган билан тугамайди - шунчалик мўл-кўл...
* * *
Вақт ҳар қандай масаланинг мазмунига ўзгартириш киритиши мумкин.
* * *
Инсон тақдири ниҳоятда сирли ва мубҳам. Унда нима битилган, умр қандай бошланиб, қандай тугайди - буни азал котибидан ўзга ҳеч ким аниқ билмайди. Бироқ феъл-атвор, фаҳм-фаросат, зеҳн ва заковатга қараб одамнинг истиқболига умид билдириш мумкин.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.