Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ФАҲШГА ЙЎЛ ОЧГАН ҚЎШМАЧИ, АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТА, ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН СОБИҚ МАҲКУМ

Ж.БОЙМУРОДОВ

30.05.2017


ФАҲШГА ЙЎЛ ОЧГАН ҚЎШМАЧИ, АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТА, ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН СОБИҚ МАҲКУМ

ҚАЛБ ДУНЁСИ БЕПАРДАЛАР ЁХУД ТУБАНЛИК БОТҚОҒИДАГИ АЁЛ

Аёл шахсига таъриф берар эканмиз, кўз олдимизда нафақат ожиза, нозик ҳиссиётлари ила яшовчи бир шахс, балки шу билан бирга матонатли, вафоли, садоқатли, ҳам жисмонан, ҳам маънан чидамли бир зот гавдаланади. Аёл кишининг сифатларини санаб ўтарканмиз, уларга тугал таърифни топа олмаймиз. Чунки ҳеч қандай сўз билан аёл матонатини, унинг меҳр ва муҳаббатини, вафо ва садоқатини, шарму ҳаёсини тўла ифодалаб бўлмайди.

Афсуски, ана шундай сифатлардан мосуво, аёллик, оналик номига доғ тушираётган аёлларимиз ҳам йўқ эмас. Улар аёл, она деб аталишга-да нолойиқ. Профилактика кунида Қарши шаҳрилик О.Ҳазратованинг ана шундай аёллар сирасига кириши аён бўлди.

Гап шундаки, 25 май куни Қарши шаҳри 7 миттитумандаги хонадонлардан бирида истиқомат қиладиган Ш.Бўронов аввалдан ўзига таниш бўлган, Нишон туманида яшайдиган М.Ғуломовани учратиб қолади. Аллақачон енгил-елпи ҳаёт тарзига кўниккан бу икки шахсда бирга "дам олиш" истаги пайдо бўлади. Ўз шаҳвоний истакларини амалга ошириш учун эса жой керак эди. Улар кимдандир эшитган манзиллари бўйича "Пахтазор" миттитуманидаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонга йўл олди. Хонадон эгаси О.Ҳазратова "меҳмон"ларнинг мақсадини яхши англаган эмасми, уларни илиқ кутиб олиб, уйидаги хоналардан бирига киритди. Хонанинг бир фурсатлик ижара баҳоси эса нақд 30 минг сўм эди.

Текин келган даромаддан кайфияти чоғ аёлнинг хаёлларини ташқари эшикнинг тақиллаши бузиб юборди. У югуриб бориб эшикни очганида бир неча нафар ИИБ ходимлари турарди.

Профилактика куни муносабати билан ҳудудда хонадонма-хонадон юриб, уй эгаларининг аҳволи, яшаш тарзи, таклиф ва муаммолари ҳақида сўраб суриштираётган ИИБ ходимларининг эътиборини хонадон соҳибасининг нимадандир безовталанаётгани тортади. Улар уй ичкарисига кириб кўришганида эса, хоналардан бирида йигит ва қиз ранги учганча қараб туришарди.

Кўп ўтмай, хонадон соҳибасининг қўшмачилик билан шуғулланаётгани фош бўлди. У бу иши эвазига Ш.Бўроновдан олган 30 минг сўм пул эса холис кишилар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди ва ҳолат юзасидан қонун талаблари асосида тегишли ҳаракатлар бошланди.

ТАРТИБНИ УНУТГАНЛАРГА ЧОРА КЎРИЛДИ

Профилактика кунида ИИБ ходимлари томонидан илгари судланган, шунингдек, махсус рўйхатда турган, маъмурий назорат остидаги фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг белгиланган тартибларга амал қилиш ёки қилмаслик ҳолатлари ҳам ўрганилмоқда.

Мисол учун, Чироқчи туманида яшовчи Н.Жўраев 2014 йилда Жиноят ишлари бўйича Муборак туман судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбланиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2017 йилда эса жазони ўташдан озод этилиб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича  Чироқчи туман судининг тегишли қарори билан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилиб, белгиланган тартибда чекловлар эълон қилинган. Аммо профилактик тадбир давомида Н.Жўраев Ўзбекистон Республикасининг "Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тўғрисида"ги Қонуни талабларини бузгани аниқланиб, у тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ушбу туманнинг Паканди маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.Чўллиев ҳам жиноят содир этиб, бу қилмиши учун жиноят ишлари бўйича вилоят судининг 2007 йил 1 июлдаги ҳукми билан 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди. 2016 йилда эса у тегишли тартибда жазодан озод этилган. Унга жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилиб, чекловлар эълон қилинган.

Буни билса-да, белгиланган тартибга амал қилмаган Р.Чўллиев ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди.

«ҚОЧОҚ ОТА» ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Оталик бурчи инсон учун дунёдаги энг масъулиятли вазифа ҳисобланади. Фарзанд кўриш осон, лекин унга ҳақиқий ота, маънавий раҳнамо бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қачонки, фарзандига ҳам моддий, ҳам маънавий озуқа берган, уни тарбияли, ақл-ҳушли, шу билан биргаликда илму ҳунарли шахс сифатида жамиятга қўша олган кишигина ҳақиқий оталик номига муносибдир.

Фуқаро О.Гаппаровда эса  бу фазилатларнинг бирортаси ҳам йўқ экан. Ҳатто ўз фарзандларининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган бирламчи таъминотини тўлашдан ҳам бош тортгани унинг асл қиёфасини намоён этади.

Вояга етмаган фарзандларига белгиланган таъминотни тўлаш ҳақидаги суд қарорини бажаришдан кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб юришни афзал билган ушбу фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган эди. Ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида у бекинган манзил фош бўлди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган С.Яралов ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган. Сўнг жазодан қутилиб қолиш мақсадида яшириниб келган.

25 май куни ўтказилган тадбирлар давомида С.Яралов ҳам қўлга олинди.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ўтган ҳафтадаги профилактик тадбирларга 1066 нафар ички ишлар, 236 нафар бошқа ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ҳамда 3696 нафар турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилган. Тадбир иштирокчилари томонидан 9615 та хонадон ўрганиб чиқилган. Аҳоли билан мулоқотлар, сўраб-сўриштиришлар жараёнида 850 нафар фуқаронинг турли даражадаги ҳуқуқбузарлик содир этганлиги аниқланиб, маъмурий тартибда чоралар кўрилган. Шунингдек, паспорт тизимига амал қилиш, ёнғин хавфсизлигига оид ва бошқа масалалар бўйича тушунтириш- тарғибот ишлари олиб борилган. Бу, албатта, бевосита халқ ичига кириб, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш тизим учун нечоғлик самарали кечаётганлигини англатади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo