Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

02.01.2017


ФАХРУ ИФТИХОР ТИМСОЛИ

 

Байроқ ҳар доим аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлиб келган. Тарихдан маълумки, Нажмиддин Кубро ёв қўлида шаҳид бўлса-да, чангалида маҳкам тутган яловни қўйиб юбормаган. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжаларини кесиб олади. У ўз юртининг байроғини мана шу даражада муқаддас билган.

Буюк бобокалонимиз Амир Темур қўшинида ҳам байроқнинг аҳамияти юқори бўлган. У адолат, куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли баҳодирларга ҳадя қилинган. Байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиши мағлубият белгиси, деб қабул қилинган.

Давлат байроғи ана шундай қадрли, мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. Бугун жаҳоннинг юксак минбарларида, дунё саҳнасида, олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз, санъат ва илм фанда эришган юксак натижалари билан дунёга довруғ солаётган ёшларимиз қўлида сарбаланд бўлган юртимиз байроғи ҳар биримизга юксак ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди. Шундай лаҳзаларда қалбимизда шу байроққа, унинг тимсолида она Ватанимизга бўлган чексиз ҳурмат, чуқур дахлдорлик ҳисси жўш уради. Юракларда ўз-ўзидан жўшқинлик, шижоат пайдо бўлади.

- Миллий байроғимизнинг халқаро майдонларда баланд ҳилпираши ҳар бир инсон қалбида чексиз фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади, - дейди XV паралимпия ўйинлари ғолиби ва рекордчиси Фотимахон Амилованинг отаси Равшан Амилов. - Буни жорий йилда Бразилияда бўлиб ўтган ёзги олимпия ва паралимпия ўйинлари давомида яна бир маротаба ҳис этдик. Мусобақа давомида спортчиларимиз шарафига байроғимиз баланд кўтарилган ҳар бир кун юртдошларимиз учун байрам бўлди, десам янглишмаган бўламан. Хусусан, қизим Фотимахоннинг олтин медални қабул қилиб олаётган вазиятидаги ҳолатни кўз олдимдан кетказа олмайман. Ўртада Ўзбекистон байроғи, икки ёнидан эса Буюк Британия ва АҚШ байроқлари жой олганди. Бу вақтдаги ғурурим, фахру ифтихоримнинг чеку чегараси бўлмаган.

Аслида ҳам юртимиз байроғи ўзида бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, қадриятларини, ғайрат ва шижоатини, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган. Ундаги ҳар бир ранг, ҳар бир тасвирда катта маъно ва мазмун мужассам. Шундай экан, миллий байроғимиз Ватанимизнинг рамзи, халқимизнинг орзу-интилишлари ифодаси эканини унутмаслигимиз, унга ҳурмат ва эътиборни сақлаган ҳолда, янада сарбаланд этишга ўз ҳиссамизни қўшмоқ бурчимиздир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo