Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

21.02.2020


ФАН, САНЪАТ, СПОРТ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ РИВОЖИ ЙЎЛИДА

Мулоқот

Ушбу ҳафта вилоят ҳокимининг фан, санъат, спорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан учрашувлари орқали эсда қоларли бўлди.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 8-9 февраль кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ментал арифметика бўйича "Caspian Cup-2020" мусобақаси ўтказилган, эътиборлиси, унда қашқадарёлик 8 иштирокчи барча йўналишларда зафар қучишган эди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ёш чемпионлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди. Мусобақада зафар қучган ёшлар ва уларнинг ота-оналарига эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.

Зойир Мирзаевнинг "Насаф", "Машъал" ҳамда "Шўртан" футбол жамоалари мутасаддилари, футбол мухлислари ҳамда соҳага алоқадор масъуллар билан кўришуви ҳам мазмунли ўтди. Вилоятимиз жамоаларини янада кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда туман ва шаҳар ҳокимликларининг ҳам ўз футбол клублари бўлиши кераклиги айтилиб, "Вилоят ҳокими кубоги" учун 400 миллион сўм ажратиладиган бўлди. Ўз навбатида вилоятдаги футболга ихтисослашган барча муассасаларнинг бугунги кундаги ҳолати ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланиши қайд этилди.

Мева-сабзавотчилик, пахтачилик ва ғаллачилик тармоғини янада ривожлантиришда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, кластерлар фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда экспорт масалалари бўйича семинарда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва идоралари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги улкан салоҳиятга эга, бугунги кунда вилоятда 26 минг 937 гектар ер майдонида боғ ва токзорлар мавжуд бўлиб, шундан 19 минг 330 гектари боғ, 7 минг 607 гектар токзорлардир. Ўтган йили 53,3 миллион долларлик 34 минг 71 тонна мева-сабзавот экспорти амалга оширилиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 3,2 баробарга кўпайган.

Семинар давомида мева ва сабзавот етиштириш, экспорт ва қайта ишлаш жараёнларидаги муаммолар, кластерларни ташкил этишда янада самарали имкониятлар ва долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Қамаши туманлари ҳокимлари ҳамда мева-сабзавотчилик   кластер корхоналари раҳбарларининг бу борадаги тақдимотлари кўздан кечирилди.

Маданият ва санъат ходимлари, ижодкорлар билан учрашувда эса соҳага тегишли муассасалар,   театрлар, музейлар, бадиий жамоалар, аҳоли дам олиш масканлари, истироҳат боғларидаги шарт-шароитлар, иқтидорли ёшларга кенг имкониятлар яратиш, соҳа ривожига ҳисса қўшаётганларни рағбатлантириб бориш ҳамда жорий йилда Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган II Халқаро мақом фестивалига тайёргарлик ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, вилоят раҳбари соҳадаги камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, вилоятда 124 та маданият муассасаси мавжуд бўлса-да, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар кўнгилдагидек эмаслиги, кишиларни театр, музей ва концертларга жалб этишда янгича ёндашув йўлга қўйилмаётгани таъкидлаб ўтилди.

- Истироҳат боғлари фаол дам олиш ва тинч зоналарга бўлиниши Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгилаб қўйилган. Бироқ, шу талабларга риоя этилган маданият ва истироҳат боғларини учратмадим. Доим айтаман, истироҳат боғларини обод қилинг, электр энергияси, чироқ, тротуар, ўриндиқлар ўрнатиб боғнинг бирламчи инфратузилмасини тайёр қилинг. Ундан кейин тадбиркорларга замонавий аттракционлар ўрнатиш бўйича таклиф беринг. Бунинг учун раҳбарларда изланиш ва ташаббускорлик етишмаяпти, - дея таъкидлади вилоят ҳокими.

Тадбирда вилоятда маданият ва санъатни янада қўллаб-қувватлаш, кенг шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Алоҳида айтиб ўтиш керак, маданият ва санъат ходимларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида ипотека кредити асосида мавжуд кўп қаватли арзон уйлардан берилиши, келгусида янги уйлар қуриш учун замонавий дизайнда лойиҳалар тайёрлаш бўйича келишиб олинди. Ушбу уйлар "Ижодкорлар уйлари" деб аталиши, кейинчалик эса "Санъаткорлар ва ижодкорлар квартали" деб номланиши бўйича таклиф билдирилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo