Интеграция
"Шўртан газ-кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамияти ўз ишлаб чиқариш ҳудудида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти билан ҳамкорликда "Газ-кимё ва энергетика" илғор муҳандислик мактабини ташкил этди.
Янги мактабнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, муҳандис-ишчилар, талабалар иштирок этдилар.
- Бу замонавий илм даргоҳи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалий натижаси бўлди, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти проректори ўулом Узоқов. - Мактабда нефть ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
2024-2025 ўқув йилида илғор муҳандислик мактабига 24 нафар магистр, 6 нафар ёш олим ва докторант жалб этилган. Уларга Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Германиянинг Дрезден техника университети, Россиянинг Томск техника университети, Беларус миллий техника университети профессор-ўқитувчилари, корхонанинг тажрибали мутахассислари сабоқ беради. Дарс машғулотлари жаҳондаги ТОП-300 университетларнинг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар асосида ўтказилади.
Тадбир доирасида вилоят ҳокимининг муҳандис ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Шу жараёнда "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг иқтидорли талабаларини аниқлаш мақсадида ўтказилган стипендия ва амалиёт танловлари ғолибларига сертификатлар ҳам топширилди.
Абдураззоқ МУРОДОВ
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.