Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қашқадарёда фаолият кўрсатаётган бир қатор фаол экспортёр корхона ва тадбиркорларни тақдирлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, мамлакатимизда 2022 йилда товарлар экспорти ҳажми 21,1 фоизга ошган. Ҳудудлар кесимида олинса, Қашқадарёда бу борадаги ўсиш 22,3 фоизга тенг эканини кўриш мумкин.
Албатта бундай ўсишни таъминлашда ҳудудда фаолият олиб бораётган ишбилармонлар, тадбиркорлик субъектларининг ўрни жуда муҳим. Уларни қўллаб-қувватлаш, кези келганда рағбатлантириб, эътироф этиб туриш ҳам келгуси натижаларга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Демак, ўтган йилда хорижга товар сотиш бўйича эришган натижаларига кўра:
80 миллион долларлик маҳсулот экспортини амалга оширган Қарши туманидаги "Lt Textile International" хорижий корхонаси - "Энг яхши саноат маҳсулотлари экспортчиси";
12 миллион долларлик мева-сабзавот экспортини амалга оширган Косон туманидаги "SUNNY LAND EXPORT" корхонаси - "Энг яхши мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчиси";
Доривор ўсимликлар экспорти билан шуғулланиб келаётган Қамаши туманидаги "ББУ-Aзамат" хусусий корхонаси - "Европа давлатларига маҳсулот экспорт қилувчи корхона";
SMART бренди билан телевизорлар ишлаб чиқариб, маҳсулотларини қатор МДҲ давлатларига муваффақиятли экспорт қилиб келаётган Қарши шаҳридаги "Aлп техно сервис" корхонаси - "Янги турдаги маҳсулотни чет эл бозорларига экспорт қилган корхона";
"VIRGO TRANS" МЧЖ таъсисчиларидан бири Фотима Эргашева - "Энг илғор аёл экспортчи";
"Sulton tex group" бошқарувчиси Отабек Эргашев - "Энг ёш экспортчи" номинациялари бўйича тақдирланди.