Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" ташаббуси билан хотин-қизларнинг етакчилик фазилатларини аниқлаш, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу кўрик-танловда танловнинг шаҳар ва туманлар босқичи ғолиблари иштирок этди.
Иштирокчилар учта шарт, яъни ўзини таништириш маҳорати, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий саводхонлик даражаси ва партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тушунтириш шартлари бўйича билим ва салоҳиятини синовдан ўтказишди.
- Бугун рўзғор тебратишдан тортиб, давлат ва жамият қурилиши, илм-фан, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва спорт соҳалари ривожини хотин-қизлар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди, - дейди ЎзМТДП Китоб туман кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Гуландон Сатторова. - Уларнинг сиёсий соҳадаги фаоллиги сиёсий партиялар фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳуқуқий, сиёсий маданиятини юксалтириш, улар орасидан истеъдодлиларини танлаб олиш, ҳар соҳада аёлларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танловнинг иштирокчилари сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ҳам фикримиз далилидир.
Қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтган ушбу кўрик-танловда партия фаоли, Миришкор туманидаги 1-мактабнинг "Камолот" етакчиси Гулҳаё Насруллаева биринчи ўринни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Танлов ғолиблари партия вилоят Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА