Давлатимиз раҳбари “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унга асосан тақдирланганлар орасида вилоятимиз вакиллари ҳам бор.
Хусусан, ўзининг юксак азму шижоати, ижодий ва интеллектуал салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, ҳалол ва самарали меҳнати, турли соҳаларда эришган ютуқлари билан юртимиз тараққиётига, унинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, она Ватанимизга меҳри ва садоқати, намунали хулқи ва одоби ҳамда ватанпарварлик фазилатлари билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган қуйидаги қашқадарёлик ташаббускор ва етакчи ёшлар “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди:
Мансурова Зарина Анвар қизи – Қарши туманидаги 71-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси;
Хақбердиев Абдуманнон Ғафурович – Муборак газни қайта ишлаш заводининг цех оператори;
Жўрақулова Маржона Садриддин қизи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг «Қизлар овози» клуби раҳбари.
Шунингдек, Президентнинг қарорига мувофиқ фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун бир қатор иқтидорли йигитлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Мукофотланганлар рўйхатидан, жумладан, асли қашқадарёлик қўйидаги йигитлар ҳам ўрин олган:
Номуродов Олимжон Обиджон ўғли – Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассиси;
Усмонов Махсуд Тулқин ўғли – Ўзбекистон Миллий университетининг 1-босқич магистранти.
Қарорда қайд этилишича, у мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада оширишга катта ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.
Айни пайтда мазкур ҳужжатда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганларга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари тантанали вазиятда топшириб, ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (16,5 миллион сўм) миқдорида пул мукофоти берилишини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар ҳам белгиланган.
Ташаббускор ва етакчи ёшларни, фидойи ва мард ўғлонларимизни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан табриклаймиз!