Йиғилиш танқидий руҳда ўтди.
Хусусан, ўтган йил давомида деярли барча туманлар депутатлик гуруҳларида бирорта ҳам раҳбарнинг ҳисоботи эшитилмаган ва фаолиятига муносиб баҳо берилмаган. Депутатлар ҳам ўз масъулиятини тўла ҳис қилаётганлари йўқ. Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Миришкор, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида жорий йил давомида бирорта бошланғич партия ташкилоти тузилмаган. Шу сабаб партия аъзолари сонининг ўсиш суръатлари юқори эмас.
- Партиямиз фаоллари ва депутатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан муҳокамага қўйилаётган қонун лойиҳаларига, ҳукумат қарорларига муносабат билдиришда фаоллик етишмаяпти, - дейди "Адолат" СДП вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раупов. - Шунга мувофиқ бугунги тадбирда галдаги вазифалар муҳокама этилди, фаолиятида нуқсон ва камчиликларга йўл қўяётган масъул ходимларга зарур тушинтиришлар берилди. Оммавий ахборот воситаларида қонунлар тарғиботи, ислоҳотлар моҳиятига бағишланган чиқишлар қилиш, энг муҳими, халқ билан бирга бўлиш, уларнинг дарду ташвишларини ҳал этиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш даркор. Шундагина халқ депутатга, партия фаолига, улар тимсолида партияга ишонади, ундан мадад кутади.
Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Моҳинабону УБАЙДУЛЛАЕВА