Йиғилишни вилоят ҳокими З.Рўзиев олиб борди.
Маълумот берилганидек, жорий йилнинг сентябрь ойида вилоятдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолияти, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг ташкил этилиши ҳолати, уларнинг ўзаро интеграцияси ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижаларига кўра, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида врачлар билан таъминланганлик кўрсаткичи ҳар 10 минг аҳолига 14 нафарни ташкил этади. 46 та оилавий поликлиникада эса ижтимоий дорихоналар ташкил этилмаган, 17 та махсус автотранспорт воситаси шу кунгача олиб келинмаган. Тез тиббий ёрдам хизмати бригадаларининг бир марталик чақируви учун дори воситаларига ажратилаётган маблағ миқдори икки бараварга оширилган бир пайтда вилоятда бу кўрсаткич 1190 сўмни ташкил этмоқда. Тез тиббий хизмат шохобчаларининг биронтасида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Патронаж хизмати яхши йўлга қўйилмагани боис гўдаклар ўлими жорий йилнинг 8 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Тизимдаги раҳбар-ходимларнинг ўз вазифаларига масъулиятсизлиги туфайли соҳада жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг бу борадаги ишлари қониқарсиз деб топилди. Вилоятдаги 23 та қишлоқ оилавий поликлиникасида ижтимоий дорихоналар ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини яхшилаш, шошилинч тиббий ёрдам хизматини сифатли ташкил этиш юзасидан соғлиқни сақлаш тизими масъулларининг жавобгарлиги оширилди. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда шу йилнинг 1 декабрига қадар мавжуд барча қишлоқ оилавий поликлиникаларида тез ёрдам шохобчалари учун навеслар қуриш ҳамда бригадалар учун хоналар ташкил этиш ишларини ниҳоясига етказиш вазифаси юклатилди. Оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш чораларини кўриш таъкидланди.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари билан таъминлаш даражасини яхшилаш, жойларда касаллик кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш, фаолияти вақтинча тўхтатилган 29 та қишлоқ врачлик пункти биноларини хусусий тиббиёт муассасаларига бериш, тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари ҳисобидан қишлоқ оилавий поликлиникаларини мутахассислар билан таъминлаш бўйича галдаги вазифалар келишиб олинди.
М.МУРОДОВ