Қарши шаҳрида вилоят прокуратураси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, вилоят хўжалик суди ҳамкорлигида ўтказилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди. Семинар вилоятимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига тегишли фармоннинг мазмунини кенгроқ тушунтиришга бағишланди.
- Юртимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сирожиддин Эшматов. - Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келаяпти. Қолаверса, иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар бозорларимиз тўкинлиги, халқ фаровонлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшаяпти. Ҳукуматимиз шуни эътиборга олиб, соҳа ривожига, ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратмоқда. Тегишли фармоннинг қабул қилиниши эса бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Таъкидланганидек, ушбу ҳужжатда тадбиркорликка янада эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, бюрократик тўсиқларни буткул бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш кўзда тутилган. Мазкур фармонга асосан, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди. Шунингдек, 2017 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.
- Албатта, бу тартиб тадбиркорга янада кенг қулайлик яратади, ортиқча оворагарчиликдан холи ишбилармон эса қонуний фаолиятини бамайлихотир ривожлантиради, янги лойиҳаларни амалга ошириш устида ишлайди, - дейди "Касби умумий овқатланиш" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳамро Аҳмедов. - Бир неча йилдирки, биз ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб келаяпмиз. Фаолиятимизда бир қанча тармоқни йўлга қўйганмиз. Қишлоқ жойда умумий овқатланиш ва чакана савдо хизматини кўрсатаяпмиз, нон маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз. Сўнгги вақтда ишимизда сезиларли ўсиш кўзга ташланмоқда. Бироз олдин ишлаб чиқаришни модернизация қилишга эришдик. Қиймати 80 миллион сўмлик лойиҳани ҳаётга татбиқ этдик. Бунинг 30 миллион сўми тижорат банкининг кредити, қолгани ўз маблағимиздир. Шу мақсадда Хитойдан замонавий пишириш печлари олиб келдик. Натижада самарадорлик ошди. Бугунги кунда 15 нафар кишини доимий иш билан таъминлаганмиз. Ютуқларимиз замирида юртимизда кичик бизнес ривожи учун яратилган имкониятлар ётибди, десам адашмайман.
Семинар давомида фармонда белгилаб берилган устувор йўналишлар, истиқболдаги вазифаларга батафсил шарҳ берилди. Шундан сўнг, тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммо ва саволлар юзасидан мутахассислар билан фикрлашишди.
М.ЖЎРАЕВ