Мазкур ўқув машқи фавқулодда вазиятларда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларни табиий ва техноген фалокатлар юз берганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, шунингдек, ташкилотлар, идоралар ва корхоналарнинг фуқаро муҳофазаси бўйича тайёргарлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг илк кунида туман ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, уч кунлик қўмондонлик-штаб ўқув машқида эътибор қаратиладиган муҳим вазифа ва масалалар белгилаб олинди, мутахассисларга ҳаракатланиш юзасидан зарур кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Шундан сўнг тадбирнинг асосий босқичига ўтилди. Дастлаб “йиғин” сигнали берилди. Туман ҳокимлиги биносида бошқарув штаби ва туман фуқаро муҳофазаси хизматлари ходимларидан иборат навбатчилик ташкил этилди.
Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли автосарой ҳудудида механизациялашган йиғма гуруҳ техникаларининг саф кўриги бўлиб ўтди ва улар фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланишга тайёр, деб баҳоланди.
Кейин, фавқулодда вазиятларда давлат тизими туман қуйи тизими хизматлари томонидан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатлар, туман эвакуация комиссияси ҳамда йиғув пунктлари ишини ташкил этиш ва кўчириб келинган аҳолини жойлаштириш каби амалий машқлар бажарилди.
Бундан ташқари, қўмондонлик-штаб ўқув машқи мобайнида фуқаро муҳофазасини таъминлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда асоратини камайтириш, ишлаб чиқариш объектларининг хавфсизлиги, ҳар қандай вазиятда ҳам барқарор фаолият олиб боришини таъминлаш юзасидан тумандаги кўплаб корхона, ташкилот ва ўқув муассасаларида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқлари олиб борилди. Ҳар бир кун якунида ўтказилган тадбирлар натижалари бўйича муҳокама ўтказилди.
Албатта, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарнинг олдини олиш ва унга қарши доимо тайёр туриш жуда муҳим. Чунки бу орқали киши ўзи ва ўзгаларнинг, шунингдек, фуқаролар муҳофазаси, иқтисодий ва ижтимоий объектларнинг хавфсизлигини таъминлаган бўлади.
Азизбек НОРОВ.