Хитой жанубидаги Гуандун провинцияси Маомин шаҳри маъмурияти кучли сув тошқини вақтида фермадан қочган тимсоҳларни тутишга ҳаракат қилаяпти. Бу ҳақда давлатга қарашли Dazhong Daily нашри хабар тарқатган.
Шаҳарда кузатилган кучли ёғингарчиликдан сўнг тимсоҳлар ўстириладиган хусусий ферма ҳам сув остида қолган ва судралиб юрувчилар озодликка чиқиб кетган. Ферма эгаси ҳисоби бўйича 69 та катта ва 6 та ёш тимсоҳ қочган.
Сув босган йўлларда тимсоҳларни кўрган гувоҳлар бу ҳақда фавқулодда хизматларга хабар берган, судралиб юрувчиларни қидиришга ўт учирувчилар ва қутқарувчилар жалб қилинган, бир неча гуруҳ моторли қайиқлар билан ҳудудда патруллик қилмоқда.
Расмийлар маҳаллий аҳолини сув ҳавзалари бўйида юрмасликка ва тошқин тошган участкалардан ҳаракатланишда ҳушёрликни йўқотмасликка чақирган.