Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Одил ХУШМУРОДОВ

25.04.2017


ФЕРМЕР ҒАМЛАГАН МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАР

Шунга мувофиқ, ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ички ишлар идоралари ходимлари томонидан  ҳудудларда содир этилган жиноятлар, уларни келтириб чиқарган сабаблар ҳамда олдини олиш бўйича тадбирлар, профилактикага қаратилган учрашувлар ўтказилмоқда. Прокуратура органлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда жойларда содир бўлган жиноятларнинг сабаб ҳамда оқибатлари атрофлича муҳокама қилинаётир. Шу билан биргаликда, ички ишлар идоралари ходимларининг халқ орасида бўлиши, хонадонма-хонадон юриши натижасида кўплаб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг фош этилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Хусусан, апрель ойида ўтказилган тадбирлар давомида ҳам бир қанча ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, шу жумладан 10 та ҳолатда фуқароларнинг аммиакли селитра минерал ўғитини ноқонуний сақлаб келаётганлиги фош этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аммиакли селитрани ишлаб чиқариш, ташиш ва сотишни назорат қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига аммиакли селитра сотиш белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Шунингдек, ушбу турдаги минерал ўғитларнинг йўқолиши, ўғирланиши ҳолларига, портловчи моддаларни яширин тайёрлаш учун ундан компонент сифатида фойдаланиш имкониятига йўл қўймаслик мақсадида уни белгиланмаган жойларда, аҳоли хонадонларида ноқонуний сақлаш тақиқланади.

Бу борада олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, айрим фуқаролар, фермер хўжаликлари раҳбарлари аммиакли селитрани қонунга хилоф равишда сақлаш, уни сотишга ҳаракат қилиши ачинарлидир.

Мисол учун, ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида Қамаши тумани Тўқбой қишлоғи ҳудудидаги “Равшан Қорақулов” фермер хўжалиги раҳбари Мурод Жовлиев 1500 тонна, умумий қиймати бир миллион сўмдан ортиқ бўлган  аммиакли селитра минерал ўғитини ўз уйининг дарвозахонасида ноқонуний сақлаб келаётгани аниқланди. Ушбу минерал ўғитлар далолатнома асосида ҳужжатлаштириб олиниб, вақтинча сақлаш учун туман агрокимёҳимоя бўлими омборига топширилди.

Шунингдек, Касби туман Чўлқувар қишлоғи ҳудудидаги “Томорқа сабзавот” фермер хўжалиги раиси Асрор Тиркашев 500 килограмм, нархи 414 минг 250 сўмлик, худди шу қишлоқ ҳудудидаги “Юлчиев Файз” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Астанов 2 тонна, нархи 2 миллион 236 минг 950 сўмлик аммиакли селитра минерал ўғитини ноқонуний сақлаб келаётгани фош этилди.

Ҳозирги пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, профилактика куни тадбирлари мана шундай ҳуқуқбузарликларни фош этиш билан бирга, фуқароларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш йўлларини ўрганиб, бу борада тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда ҳам самарали бўлмоқда.

Одил ХУШМУРОДОВ,

 

вилоят ИИБ инспектори, катта лейтенант

Report typo