Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Файзулла ҒУЛОМОВ

15.05.2020


ФЕРМЕРГА ЕР УЙ ҚУРИШ УЧУН БЕРИЛМАГАН

Назорат ва натижа

Аҳоли томонидан ноқонуний тарзда, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни аниқлаш ва бунга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тизимли тадбирлар олиб борилмоқда.

Албатта, фуқаро ҳам ерни кимнингдир алдовларига, "ҳужжатларини кейин тўғрилаб бераман" қабилидаги ваъдаларига ишониб сотиб олган бўлиши мумкин. Бироқ бу деҳқончилик учун мўлжалланган сувли майдонлардан тегишли ҳужжатларга эга бўлмасдан туриб, ноқонуний тарзда иморат қуришга изн бермайди. Қолаверса, экин ерлари давлат учун қимматбаҳо мулк саналади ва унинг қонунга зид равишда ўзлаштириб олиниши келгусида қишлоқ хўжалиги тармоғи ривожига салбий таъсир этиши муқаррар.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан ҳам бу борада тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, Ғузор туманида ўтказилган мониторингда ҳудуддаги "Шохмалик Шермурод ўғли" фермер хўжалиги ерларининг 5 сотих майдонига фуқаро Тошмурод Умрзоқов уй-жой қуриб олгани аниқланиб, иш белгиланган тартибда судга оширилди.

Ғузор тумани маъмурий суди томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, айни пайтда ноқонуний қурилиш объектининг бузиб олиниши таъминланган.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак,  жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида инспекциянинг вилоят бошқармаси ва унинг худудий бўлимлари томонидан бу борада ўтказилган назорат тадбирлари давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш бўйича 30 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Айни вақтга қадар ушбу қонунбузарликларнинг бир қисми тўлиқ бартараф этилган бўлса, қолгани бўйича масъул органлар томонидан ҳуқуқий баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда.

Файзулла ҒУЛОМОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи

 

 

Report typo