Қилмиш-қидирмиш
Биласиз, бугунги фермерга “қишлоқ мулкдори” сифатида таъриф берилади. Чунки имкониятлардан унумли фойдаланган, ғайрати зўр, ишбилармон деҳқон кам бўлаётгани йўқ. У ўз турмушини обод этиш билан бирга, ишлаб чиқариш фаолияти, тармоқ турларини кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиб, бошқаларнинг корига яраяпти, ҳудуд ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Умуман, бугунги кунда рўзғори ҳаминқадар фермерни топиш қийин – бу тоифа вакилларининг бари ўзига тўқ, деб бемалол айтиш мумкин.
Ҳалол меҳнат ортидан мўмай даромадли бўлиш имкони бор экан, бирор фермернинг пул, маблағ умидида жиноятга қўл уришини тасаввур қилиш қийин.
Афсуски, шунақаси ҳам учраб тураркан. Вилоят ИИБ маъсул ходими катта лейтенант У.Мустафақуловнинг маълум қилишича, шундай ҳолатлардан бири Касби туманида юз берган.
1986 йилда туғилган, Хўжақарлиқ қишлоғида яшовчи фермер Х.Ф.нинг таниши - 1984 йилда туғилган фермер К.М.нинг хаёлига пластик карточкадан пул ўғирлаш фикри келиб қолади. Натижада у Х.Ф.нинг ишончига кириб, унинг пластик картасидан 52 миллион 400 минг сўм ечиб олади ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Йўқ ердан шунча пулдан маҳрум бўлган фермер эса кўмак сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.
Шунга асосан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида К.М. фирибгарлик йўли билан танишининг пулларини ўзлаштириб олгани маълум бўлган ва ҳолат юзасидан шу йилнинг 10 февраль куни жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Машойихлар “Машаққатсиз бахт келмас, меҳнатсиз тахт келмас” деганларидек, касбилик фермер машаққатсиз роҳат кўришга уринди, оқибатда эндиликда “эккан”ини ўришга мажбур.