Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ФИКРГА ҚАРШИ ФИКР ИЛА ЗАРБА УРИНГ, ЗЕРО МЎМИННИНГ ҲАЙБАТИ, ЗИЙНАТИ МАЪРИФАТДАДУР

Б.САЙФИЕВ

03.08.2023


ФИКРГА ҚАРШИ ФИКР ИЛА ЗАРБА УРИНГ, ЗЕРО МЎМИННИНГ ҲАЙБАТИ, ЗИЙНАТИ МАЪРИФАТДАДУР

Сараланган сатрлар

Ўтган ҳафта ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Шуҳрат" медали соҳиби, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Луқмон Бўрихон 58 ёшида вафот этди.

Айтиш ўринли, Луқмон Бўрихон мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ бадиий ижод билан шуғулланган. 1987 йили "Бегимқул катта" номли илк ҳикояси "Ёшлик" журналида чоп этилиб, адабиёт синчилари назарига тушади. 1991 йили "Ялангоёқ" деб номланган илк ҳикоялар тўплами нашр этилади. 2005 йили "Жазирамадаги одамлар" номли романи кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Бир йил ўтиб, "Сирли муаллим" қиссасини ёзди. Ўзига хос услубдаги ушбу асар ўз вақтида Халқ таълими вазирлиги эълон қилган танловда муаллифга ғолиблик келтиради.

Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл тармоғини барпо этган инсонлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи "Темир йўл" романи замондошларимиз қиёфаси ёритилган энг яхши асарлардан бири сифатида эътироф этилади. Шу йили адиб бадиий публицистик мақолалари учун "Олтин қалам" халқаро танлови совриндори бўлади.

Шундан кейин Луқмон Бўрихоннинг "Тун қаъридаги шуъла" қисса ва ҳикоялар тўплами, "Буюк ўзбек йўли" бадиий публицистик мақолалар жамланмаси, "Олов тутган одам", "Бегоналар юрмас бу ерда", "Сокин дарё" каби романлари эълон қилинди.

Айниқса, адибнинг буюк аллома Имом Мотуридий ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи "Имом Мотуридий" романи таниқли ижодкорлар, мутахассислар, диний соҳа олимлари томонидан юксак эътироф этилди. Асарга таниқли уламо Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид масъул муҳаррирлик қилгани ва китоб Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида ўқувчилар қўлига етиб боргани унинг савия-даражасидан дарак бериб турибди.

Ушбу романида ёзувчи олис Х аср бошларидаги кўҳна Самарқанднинг сиёсий-ижтимоий, маърифий ҳаётидан айрим лавҳаларни қаламга олади. Улуғ аждодларимиздан бири, машҳур аллома Абу Мансур Мотуридийнинг бадиий сиймосини акс эттиради. Асар драматик воқеаларга, қизиқарли, сермазмун баҳс-мунозараларга бой. Роман "2022 йилнинг энг яхши асари" сифатида баҳоланди.

Эътиборни тортадиган жиҳат шуки, Луқмон Бўрихон қайси мавзуда ёзмасин, шунчаки назардан четда қолмаган, балки адабий давраларда "ғалва" қўзғаган, муҳокамалар мавзуига айланган. Биргина "Жазирамадаги одамлар" романи неча йилдирки Президент соврини учун ўтказилаётган "Ёш китобхон", "Китобхон оила" танловлари адабиётлари рўйхатидан ўрин олиб, юз минглаб ёшлар томонидан ўқиб келинмоқда.

Адабиётимизнинг ана шундай чинори қулади. Ундан бадиий бақувват асарлар, теран ва эзгу фикрлар қолди...

Қуйида "Имом Мотуридий" романидан айрим лавҳаларни келтираяпмиз. Умид қиламизки, бу асарни тўлиқ ўқиб чиқасиз. Ишончимиз бор: адибнинг роман яратиш йўлидаги изланишлари, илмий факт ва далиллар тўплаши ҳамда уларни бадиий тизимга солиш йўлидаги заҳматларини яна бир бор ҳис этасиз... 

*  *  *

Нега биз турклар от устида туғилиб, от устида ўламиз? Ёзуғимизда нечун фақат жангу жадал? Нега бир парча яйлов, бир сурув чорва, от ва яроғ биз учун ҳаёт-мамот масаласи?! Умримизга, қадр-қимматимизга эмас, ана шу арзимас матоҳлар учун қайғурамиз. Ана, умрида ўқ-ёй кўрмаган, қилич тақмаган одамлар ҳам туппа-тузук тирикчилик қилиб юрибди-ку?! Бири савдогар, бири бинокор, бири тақинчоқлар ясайди, бири кийим-кечак тикади. Нега биз йил-ўн икки ой қон ва қурум кечиб юрамиз? Аммо турмушимиз уларники янглиғ тўкин эмас. Бугун топганимиз эртага етмайди. Нечун бу аянчли ҳол?!

*  *  *

Турклар шижоатда, садоқатда тенгсиз. Аммо ўта содда, ишонувчан қавм. Осонгина алданади. Ўзингни дўст кўрсатишни эпласанг, бас. Алар дўст учун қурбон бўлишга ҳам тайёр.

*  *  *

Мантиқ бамисли чақмоқтош, ушбу ила ўчоққа ўт ёқмоқ ҳам, хонумонни куйдирмоқ ҳам мумкин. Не тонгки, мўътазила аталмиш фирқа бамисли чақмоқтош тутган норасида, оламға ўт қўймоқ истарлар. Билиб-билмай, ислом ақидаси пойиға аланга тутарлар.

*  *  *

Нафақат мусулмонлар, балки ғайриислом киши учраса-да, баҳс-мунозарада жоҳилона ҳақоратдин тийилинг, ки бу марду майдонларға хос эрмас. Қарғиш, маломат, айюҳаннос заифлар ишидур. Сиз фикрга қарши фикр ила зарба уринг, раддия беринг. Унутманг, ки мўминнинг ҳайбати, зийнати маърифатдадур, илм нуридадур.

*  *  *

Бугун Аллоҳ таолонинг ҳақ дини бўлмиш Ислом узоқ-узоқ диёрларға ҳам ёйилди. Ки не бир салтанатлар, не бир Қайсарлар мўмин мужоҳидлар тиғи қаршисинда тиз чўкди. Куч-қудратимиз олдида ожизу лол қолди. Албатта, бундай зафарлар, улуғворлик аҳли исломни, мусулмонлар жамоасини хушнуд қилади. Дилларимизни фахру ифтихорга тўлдиради. Ва лек худди шу саодатмандлиғ, мағрурлиқ бизни зиёда банд қилиб қўйғанға ўхшайди. Аҳли илм, аҳли уммат, динимиз раҳнамолари зиёда хотиржамлиққа, фароғатға чўмған кўринади. Унутманг, ки тан фароғати ғафлатға, ғафлат ҳалокатға бошлагай. Мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар, ки ул зот бир кун келиб умматим маишатға берилиб, семириб кетишидин қўрқаман, қабилинда сўз айтдилар.

*  *  *

Адашган баъзи фирқалар Аллоҳнинг манзил-макони Арш устида дейди, Қуръон қадим эмас, кейин яратилган, қабилида ғавғо қўзғагай. Магарамки, биз охират куниға, ҳисоб-китобға ишонар эканмиз, Аллоҳнинг ўрни Арш устинда ёхуд бошқа жойда эканлигидин, Қуръоннинг қачон воқе бўлганини аниқлашдин бизга не наф? Ахир қиёматда бандадин очиқ фарз қилинган амаллар борасинда сўралгай. Ақл идрок эта олмайдиган, нақлий далиллар кифоя саналадиган масалалар бобинда, иншааллоҳ, маломат йўқ. Магарамки, бу борада беҳуда, бефойда баҳсларға чек қўйсак. Илло, бу янглиғ интиҳосиз ихтилофларға маҳлиёлик комил имондан дарак эмас.

*  *  *

Эй аҳли илм, шуни яхши англаб, билиб олингизки, агар бирон баҳсу мунозара кўтарилса, дарҳол кўтарилган баҳс мавзусига кириб кетмаслик керак. Олдин бу баҳснинг нимага кўтарилаётгани, инсон учун ечими зарур бўлган масала сифатида қанчалик аҳамияти борлигини билиш керак.

*  *  *

Гуноҳ амалларни қилишлук имондан чиқармайди, балки, қатъий ҳаром саналмиш амални ҳалол деб эътиқод қўйиш, ҳаромнинг ҳаром эканин инкор этиш кишини имондан чиқаради ва бундай киши кофир бўлади. Инчунин, чўчқа гўштини еган киши, модомики анинг ҳаромлигин инкор айлаб, ҳалол дея эътиқод қўймас экан, у кофирға дўнмағай, балки, қаттиқ гуноҳга қолгай. Аммо кишики гарчи чўчқа гўштини емаса ҳам анинг ҳаромлилигин инкор айлаб, ани ҳалол деб эътиқод қўйса, у киши кофир бўлади.

*  *  *

Гарчи Аллоҳнинг розилиги учун бўлса-да, амаллар Ҳақ таолонинг Ўзи кўрсатгани, буюргани янглиғ бажарилмас экан, алал-оқибат адашишликка олиб келгай. Аллоҳу таолониг Ўзи насронийлар мисолида бизни бундай ҳолатдан огоҳ этмоқда, ки айтур, роҳибликни биз аларга буюрмаган эдик. Маълумки, роҳиблик бу Аллоҳ ризосини кўзлаб тарки дунё айлаб узлатга чекинишдир. Ҳақ таоло худди шу мушкулотни, яъни Аллоҳнинг розилиги учун тарки дунё айлаб узлатга юзланмоқни буюрмадик демоқда. Ҳолбуки, роҳиблар нияти ёмон эмас. Ҳақ таоло учун дунё неъматларидан воз кечмоқчи!

Ҳа, Аллоҳ ризолиги йўлида ҳимматлари жуда улуғ, аммо шундай бўлса-да, Тангри таоло бу амални маъқулламади. Чунки бу вазифани Улуғ Холиқ аларга юклаган эмас. Хўш, у ҳолда насронийлар бу хил мушкулотларни қайдан олди? Насронийлар мазкурларни қадим юнон, алалхусус, Афлотун таълимотидан келиб чиқиб бажарар эди.

*  *  *

Расулуллоҳ асҳоблари Аллоҳга, у кишига, қайта тирилишга ҳеч қандай мантиқ илмисиз имон келтиришди. Илло, алар саводсиз қавмдан чиққан, ҳеч қандай мантиқ илмидин хабардор бўлмасалар-да, энг тўғри динга имон келтирган кишилардир. Вале, мазкурға мантиқ қоидаси ила қаралса, бу саводсиз одамлар залолатда қолиб кетган, юнон файласуфлари эса ҳидоят топган бўлишлари керак эди.

*  *  *

Турли фирқалар фикридан келиб чиқсак, молу дунё инсонни Аллоҳдан узоқлаштириши керак. Лекин закот берувчи мўминнинг даражаси Аллоҳ олдида закот бермаган мўминдан баланд-ку. Закот берадиган мўмин бу даражага чиқиши учун дунё билан машғул бўлиши керак. Адашган оқимлар фалсафасида дунё билан машғул бўлиш гуноҳ ва фитнага олиб келади. Закот берувчи мўмин дунё билан машғул бўлиб Аллоҳнинг бир фарзини бажариб улуғ ажру савобларга эга бўлмоқда, ки қани унинг адашиб гуноҳ ва фитна йўлига киргани?

*  *  *

Хуш амалларни адо этганларни кишилар мақтагайлар, охиратда ҳам алар савобга ноил бўлгайдирлар, аларда Жаноби Ҳақнинг ризоси бор. Хунук ва ёмон нарсаларким, аҳли дунё ҳам хуш кўрмагай, охиратда жазога сабаб бўлгай. Бу Ҳақ ризоси билан эмасдир. Банда кучи, тоқати етмайдиган бирор амалга таклиф қилинмагай. Савоб бериш Жаноби Ҳақ таолонинг фазлидир, азоблаши эса айни адолатидир. Мақтул, яъни ўлдирилган киши ўз ажали билан ўлгандир. Яъни урдилар, шунинг учун ўлди, демоқ жоиз эмас, ажали етди, ўлди, бунга пичоқ ёки ўқ сабаб бўлгандир, қабилинда сўйламоқ мақсадга мувофиқдур. Ажал биттадир. У қайта-қайта келмагай. Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар ким ўз ризқини ейди, хоҳ ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром. Ҳеч ким бировнинг ризқини ейишга қодир эмас. Аллоҳ таоло залолат ва ҳидоятни яратгандир. Хоҳлаган бандасига залолатни ва хоҳлаганига эса ҳидоятни насиб этар. Банда учун манфаатли бўлган ишларни қилмоқ Аллоҳ таолога вожиб эмас.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo