Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Низомиддин ЖЎРАЕВ

16.03.2017


ЎFИЛГА АТАЛГАН ПЛАНШЕТ

Фақат ўз манфаати, бузуқ нафсини ўйлайдиган кишилар ҳам борки, афсуски, улар учун маънавият, ахлоқ масалалари бирламчи эмас. Улар халқимиз асрлар давомида қадрлаб, амал қилиб келган ор-номус, ғурур, андиша туйғуларини топташга уринишади ва охир-оқибатда ўзларини шарманда қилиб, пушаймон ва афсус гирдобида қоладилар.

Масалан, Китоб тумани Санам кўчасида истиқомат қилувчи Содиқжон Рамазонов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, жорий йилнинг февраль ойида юртимизга қайтди. Қарши халқаро аэропортида унинг ўзи ва юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли планшет хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.

Энг қизиғи, Содиқжон ушбу планшетни ўғли учун совға сифатида олганини айтди. Ҳайрон қоласан киши: совға олиб келингани яхши, бироқ унинг ичидаги нопок тасвирлар-чи?! Содиқжон Рамазонов уларни кимга "туҳфа" этмоқчи эди?!

Яна бир ҳолатда ушбу халқаро аэропортда парвозини якунлаган Китоб тумани Ризвонтепа қишлоғилик Сардор Маҳмудовнинг қўл юклари унинг ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли уяли телефон хотирасида ҳам порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги маълум бўлди.

Якунда фуқаролар Содиқжон Рамазонов ҳамда Сардор Маҳмудовга нисбатан божхона қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида баённома тузилди.

Фуқароларимиз шуни билиб олишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги "Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, порнографик мазмундаги маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб    кириш тақиқланган.

Шунингдек, 2012 йил 12 апрелдаги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, унга мувофиқ порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби ҳаракатлар учун жазо чоралари кескин оширилган.

Яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига кўра, порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш - бундай маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор  шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 130-моддасига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ, ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Халқимизда миллий қадриятлар ва урф-одатларимизга содиқлик, ёшлар тарбиясида ибо ва ҳаёга эътибор қаратиш асосий мезонлар сифатида улуғланади. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий онгини менталитетимизга хос бўлмаган ёт ғоялардан асраш бугунги кундаги долзарб вазифалардан бири экан, юқоридаги каби ҳолатларга қарши қатъий кураш олиб борилади,  чоралар эса кескин бўлади.

Низомиддин ЖЎРАЕВ,

"Қарши аэропорти" чегара божхона пости бошлиғи

Report typo