Шундай бўлса-да, фирибгарликни касб қилиб олган ёки фириб орқасидан кун кечирадиганлар ҳам борлиги кишини ранжитади. Бу жиноят орқали содир бўлаётган воқеалар кишини ҳушёрликка ундайди. Фирибгарлик оғир гуноҳ экан, ундан барчамиз эҳтиёт ва огоҳ бўлишимиз лозим.
Ҳадиси шарифларда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом инсонларни ҳалол касб қилишга қаттиқ тарғиб этганлар. Ҳаттоки хонадонининг нафақаси учун ҳалол касби билан эрта тонгдан кечгача ҳаракатда бўлган кишини кун бўйи ибодат қилганлик мартабасига кўтарганлар.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 188-оятида “Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар”, деб уқтиради. Бу инсониятга қилинган хитобдир.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, фирибгарлик айнан бир соҳа ёки касбда эмас, бошқа кўринишларда ҳам намоён бўлади. Хусусан,
бировни алдаш;
ўзганинг ҳақини ошкор ёки ботил йўл билан ейиш, яъни ўғрилик;
омонатга хиёнат қилиш;
фириб-алдов билан бировларнинг молини ўзлаштириш;
қарзга нарса олиб ундан тониш;
пора бериш ва олиш;
зўрлик билан бировнинг мол-мулкини тортиб олиш;
қимор ўйнаш;
одам савдоси;
ўлчов ва тарозидан уриб қолиш;
сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш;
сотаётган молининг айбини харидордан яшириш;
сотилаётган нарсанинг яхшиси ва ёмонини бир-биридан ажратмасдан юқори нархда сотиш;
асл нарсани сохталаштириш;
ваъдабозлик қилиш, яъни кўп ваъда бериб, уларнинг устидан чиқмаслик.
Юқоридаги барча усуллар орқали мол топиш муқаддас динимиз таълимотларида қайтарилгандир.
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) таом сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибди. Унинг емишига қўл тиқиб кўрсалар, пасти намланиб қолган экан. “Бу нима?!” деб сўраганларида, сотувчи: “Эй, Расулуллоҳ! Унга осмондан ёмғир ёки намлик тушган” деган маънода жавоб берган. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уни тепасига қўймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва “Кимки алдаса, биздан эмас!” деб марҳамат қилдилар.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз таомини роса мақтаб сотаётган одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Муборак қўлларини унга тиқиб кўрсалар, унга бузуқ, расво таом ҳам қўшилган экан. Шунда Расули акрам (с.а.в.): “Буни алоҳида, бунисини алоҳида сотгин!” дея юқоридаги ҳадиси шарифни айтган эканлар.
Бошқа бир ҳадисда “Кимки оиласидаги ёки қўшнисидаги мусулмонни алдаса, биздан эмас!” дейилади. Демак, умумий маънода алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда бировнинг ҳақини билиб ё билмасдан еб қўйишдан эҳтиёт бўлиши, атрофдагиларни ҳам бу йўлдан қайтариши лозим.
Ҳалол касб орқали рўзғор тебратишга не етсин. Буни англаган ҳолда фарзандларимизни ҳалол, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, комил инсонлар этиб тарбиялаш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Бобур РАҲМОНОВ,
Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз жомеъ масжиди имом-ноиби