Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

03.07.2020


ФИТНА-ФАСОД ҚАНЧАЛАР ЁЛҒОН БЎЛСА - ШУНЧАЛАР ЯШИН ТЕЗЛИГИДА ТАРҚАЛАДИ

Сараланган сатрлар

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг сўнгги - "Бу дунёда ўлиб бўлмайди" романи қаҳрамони Ленин, Сталин, Брежнев, Горбачёвнинг "қайта қуриш" сиёсати ичра яшаб, мустақиллик даврига қадам қўяди. Бундай олганда, ўтган аср кишиларининг умумлашма образи. Сиёсат, ҳукуматлар, мафкуралар ўткинчи, тузумлар алмашиб, қарашлар ўзгаравераркан, асар қаҳрамони ўзи бу дунёда нимага ишониб, нимага эътиқод қўйиб яшаш кераклигини англолмай сарсон қолади. "Худо мени раҳматига олмайди... Боиси, мен умримда худони отини атамай яшадим, худога тош отиб яшадим. Шундай экан, худо мени... итмисан, эшакмисан, демайди!" дейди у афсус билан.

Ёзувчи ХХ аср воқелигига теран нигоҳ билан назар солади, ютуқ ва камчиликларни борича ифодалайди, ўзбек зиёлиларининг кўргиликлари, дард-аламлари, фожиаларини ўзига хос услубда, шамолдай эркин бир тарзда баён қилади.

* * *

"Гитлер уруш бошлашдан олдин... мағлуб бўлди. Ўз-ўзига гўр ковлади. Ўз бошини ўзи еди.

Гитлер СССР армияси имкониятларини билди. 1-фронт кучларини тош-тарози этиб кўрди. 2-фронт қудратини-да ўлчаб кўрди.

Аммо-лекин 3-фронт ҳақида ўйлаб кўрмади. Оқибат, 3-фронтни ҳисобга олмади.

3-фронт... фронт орти бўлди. Меҳнаткаш халқ бўлди. Чол-кампирлар бўлди. Бева-бечоралар бўлди. Етим-есирлар бўлди. Бир сўз билан айтсак, тонгдан шомгача... фронт учун тер тўкувчи жафокаш халқ бўлди".

* * *

"Ўзингдан баланд амалдор нима деса - ана шуни бажар. Сўзсиз бажар. Аҳмоқона бўлса-да, бажар. Аблаҳона бўлса-да, бажар. Кўр-кўрона бажар. Ана шунда - ўсасан!

Ўзингдан баланд амалдордан... қўрқиб яша. Ўзингдан катта амалдор... етти пуштингни ҳақорат этиб сўкса, сен... кечирим сўра!

"Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз" қўшимчаси билан аталувчи амалдорни... Мункар-накир деб бил! "Муҳтарам зот", "улуғ зот", "вич-вич" қўшимчалари билан аталувчи амалдордан қўрқ. Қўрқмасанг-да, ўзингни қўрққанга ол. Боиси, амалдор зоти... ҳайиқиб турувчи одамни ёқтиради. Амалдор зоти қўлини кўксига қўйиб турувчи одамни яхши кўради.

Бир қудратли амалдор... оталиғида бўл. Ана шу амалдорга қўл бер. Ана шу амалдорни пирим - шефим, деб бил. Ана шунда - кўтариласан!"

Ботир фирқа коммунист бўлибдики - ана шу ҳаёт мантиқларини шиор этиб олди. Ана шу ҳаёт мантиқларига амал этиб яшади.

Оқибат - ҳузур-ҳаловат кўрди.

* * *

Совет медицинаси тараққий этиб шизофрения билан паранойянинг янги-янги турлари очилди. Академик Снежневский "вяло протекающая шизофрения" - секин-аста, кўзга чалинмай   дардманд этадиган шизофренияни кашф этди. Бу ўта хавфли касалликдир. Академик Снежневский кашфиётининг буюклиги шундаки, бу диагнозни... ман-ман деган одам пешонасига ёпиштириб... психбольницага ўтқизса бўлади. Бу диагноз совет медицинаси учун... ўта қулай диагноздир.

* * *

Жамият мисоли бир иморат бўлади. Эски иморатни бузишдан олдин янги иморатни қуриш керак бўлади. Бўлмаса, бузувчи хароба иморат ичида қолади. Ёмондан-ёмони - бузувчи вайрона иморатда қолишини-да билмайди, ҳали битмаган иморатга кўчиб ўтишини-да билмайди. Аросатда қолади. Аросатдан ёмони йўқ!

* * *

Оппозицияни учта талаб-тамғаси бор: нима қилса - келажак яхши бўлади? Нима қилса - келажакда юрт обод бўлади? Нима қилса - келажакда халқ тўқ бўлади?

Ана шу учта талабга жавоб берувчи зот... оппозиция шон-шавкатига лойиқ бўлади. Ана шу учта талаб учун курашувчи зот... оппозиция шон-шавкатига муносиб бўлади...

Ўтмишга қайрилиб бош эгувчи зот, келажакка талпиниб енг шимарувчи зот - чинакам оппозициячидир!

Манавилар эса... ўз тарихига тош отишдан бошқа нимани билмайди. Ўз ўтмишига тупуришдан бошқа нарсага кучи етмайди. Ўз аждодлари шаънига лой чаплашдан бошқа иш қўлидан келмайди.

* * *

"Намоз ўқиш учун торгина бурчак керак. Хилватгина бурчак керак, - деди Ботир фирқа. - Намоз бир метрча жойда ўқилади. Ҳа, йиқилиб-туриш учун бир метргина ер керак. Беш-олти минутгина вақт керак. Ахир, совет давридаям тор бурчаклар бор эди-ку? Совет давридаям беш-олти минутлик вақт бор эди-ку? Нега булар совет даврида намоз ўқимади? Чин, коммунистик партия намозга қарши эди. Аммо-лекин КПСС шу намоз ўқимасин дея... деразангдан мўралаб турмаган эди-ку? КПСС шу ётиб-турмасин дея... оёқ-қўлингни ушлаб турмаган эди-ку? КПСС шу намоз вақтини билолмай қолсин дея... билагингдаги соатингни олиб қўймаган эди-ку?"

* * *

Чин, одам ўз динидан ташқарида яшай олмайди. Одамни одам этиб турувчи-да динидир. Одам қиёфасига солувчи-да диний мазҳабидир.

* * *

Интеллектуаллик донолик деб ўйлайсизми? Кечириб қўясиз. Интеллектуаллар халқ ҳисобига яшовчи бетайин бир тоифа бўлади. Интеллектуаллар халқ қалбида нима дард бор, ҳеч қачон англаб етмайди. Шу сабаб, интеллектуаллар халқдан оёғи узилиб қолган зотлар бўлади. Интеллектуаллар китобга қараб ўйлайди, китобга қараб фикрлайди. Интеллектуаллар китоб саҳифаларида яшайди, китобий яшайди. Шу сабаб, китоблардан оғзини тўлдириб цитаталар келтиради, тарихдан сабоқлар ўқийди. Аммо... кўчат экиб, дарахт ўстиролмайди. Лой қориб, иморат қуролмайди. Гўнг сепиб, ерни тўйдиролмайди. Сабаби, интеллектуалларда ҳаётий ақл бўлмайди! Китоб бошқа, ҳаёт бошқалигини тасаввур ҳам этолмайди. Оқибат, ҳаёт ҳақида қоғоздай қуруқ ўйлайди, қоғоздай жонсиз ўйлайди. Ўйлари ҳаётдан жуда-жуда олис бўлади...

* * *

Аслида эса, интеллектуаллар жисман ҳам, руҳан ҳам заиф зотлар бўлади. Масалан, интеллектуаллар изғирин шамол нималигини яхши билади, аммо ана шу шамолга бардош бериш қўлидан келмайди. Интеллектуаллар ўз мақсадлари йўлида ҳеч балодан тап тортмайди. Маразлик билан бўлса ҳам - кўзлаган мартаба-мансабларини эгаллайди. Аблаҳлик билан бўлса ҳам - ўйлаган шон-шуҳратларига эришади. Кейин... Ватани ёниб кетмайдими - интеллектуаллар телевизорга қараб ўтираверади. Халқи ўлиб кетмайдими - интеллектуаллар газета-журнал ўқиб ўтираверади.

* * *

Озодлик демак - ўз оламини ўзи топиб олиш демак. Ўз йўлини ўзи топиб олиш демак. Ўзлигини топиб олиш демак.

* * *

Ўтмишга тош отиш, ўликни тепкилаш демакдир. Ўлик тирилиб, хатолари учун сендан кечирим сўрамайди... Демократ, ўтмишдан сабоқ олиш керак, сабоқ. Ана шу сабоқни хулосалаб, бугунни ўйлаш керак, бугунни. Бугунни хулосалаб, келажакни ўйлаш керак, келажакни. Демократ, сен ўтмишга тўппонча отсанг, ўтмиш сени тўпга тутади!

* * *

Иғво шамол мисол тез ёйилади. Ўқ етмаган жойга иғво етади! Ўқ етмас жойни фитна тешади. Чивин учиб киролмовчи хонадонларга иғво кириб боради. Бомба қўрқитолмовчи қалбларни фитна қалтиратиб юборади! Фитна-фасод қанчалар ёлғон бўлса - шунчалар яшин тезлигида тарқалади. Фитна-фасод яшин тезлигида эл-юрт эътиборини олади, жамият ақлини олади. Фитна-фасод яшин тезлигида... ҳақиқатга айланади!

* * *

Ўлиб кетгур, амал-мансаб деганлари... қовун-тарвуз бўлса экан, пайкалдан узиб олиб, қўлтиғига қистириб юборсанг. Амал-мансаб деганлари дала бўлса экан, беш-олти сотихдан ер бўлиб берсанг.

* * *

Она юртга бўлган муҳаббат... йигитни қизга бўлган муҳаббати мисол... ботинан бўлади, асл бўлади. Бу меҳр-муҳаббатни... оломон олдида изҳор этиб бўлмайди. Эл-юртга бўлган муҳаббатни... микрофон орқали изҳор этиб бўлмайди! Эл-юртга бўлган муҳаббатни... амалда бажарадилар, амалда кўрсатадилар! Масалан... тан-жонини қурбон қилиб кўрсатадилар! Тинчлик замонида эса - меҳнат жасорати билан кўрсатадилар, фидойилиги билан кўрсатадилар, сабр-бардоши билан кўрсатадилар.

* * *

"Гапингда маза-матра бўлса, бақирма. Одамга ўхшаб гапир. Одатда, бошида ақл-фаросат йўқлар бақириб-чақиради. Бақириб-чақириш эса... ожизлик аломати!"

* * *

Дунёда қалтис ишлар кўп. Ана шундай қалтис ишлардан бири... тентак одам қўлига милтиқ бериш, юзсиз одам қўлига мансаб бериш!

Эл-юрт учун иккови-да қалтис!

* * *

Мансаб-мартаба дарди - даволаб бўлмас дард. Шон-шуҳрат дарди - сурункали дард. Бу дардга йўлиққан одам... ўлиб қутулади! Шу боис мансаб-мартаба дардига йўлиққан одам - қаллоблик, порахўрликдан қайтмайди. Шон-шуҳрат дардига йўлиққан одам маразлик, ёвузликдан қайтмайди.

* * *

Инсонда ватан битта бўлади. Ватан ёлғиз бўлади. Шу боис - ватанга оҳанжома тақиб бўлмайди. Ватанга упа-сурма қўйиб бўлмайди. Ватанга гард юқтириб бўлмайди.

Ватан ўз оти билан - ватан!

Жуда бўлса - ватанга она сўзини қўшиб айтса бўлади. Боиси, ватан билан она айрилмасдир. Ватан билан она мангудир. Шу боисдан она-ватан, деймиз. Она-ватан!

* * *

Одам ҳамиша... уфққа қараб яшайди. Уфққа қараб юради. Уфққа қараб хаёл суради. Уфққа қараб орзу қилади. Уфққа қараб... дуои фотиҳа ўқийди.

Умид - одам учун мисоли уфқ.

Оламни охири - уфқ. Одамни охири - умид!

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo