Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилло УСМОНОВ

21.12.2017


ФОЛБИННИНГ ҚЎЛИДАН МАНСАБГА КЎТАРИШ КЕЛСА

Қолаверса, жодугарни ҳам, фолбинларни ҳам фақат иблис бошқаради. Мустаҳкам ва равшан эътиқод бўлмагандан кейин турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетавериш кузатилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади.

Асосан хасталиклар оғир кўтариш, зах-нам жойларда кўп ўтириш ва ғам-қайғу каби омиллар сабабли келиб чиқади. Улар тиббий йўл билан муолажа қилинади. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда хасталик сабаби сеҳр бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда беморни даволаш учун Қуръони карим ҳамда суннати Набавийдан ривоят қилинган дуоларга мурожаат этилади.

Баъзи инсонлар эса дунёдаги барча муаммоларни фолбин ёки дуохонлар ҳал қилади, деб ўйлайди. Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам, кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар, иши юришмай қолган тижоратчилар, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор, қўли келмай қолган қиморбоз ҳам, хуллас, кўпчилик фолбин ҳамда турли дуохонлардан нажот кутади.

Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева экани, оиласи бузилган ёки яқин кишиларида худди шу муаммо борлигини билмайди. Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор, бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, ўрнимга ўзи чиқиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб кўрмайди.

Фолбин, дуохон ва бошқалар эса келганларнинг ҳаммасини қабул қилиб, уларнинг бошини айлантиришда давом этаверадилар. Уларнинг кўплари жин урган шахслар бўлиб, ўзларидан инсонларга, жамиятга, эл-юртга тегаётган зарарни англаб етмайдилар. Ҳақиқатан ҳам жин теккани учун уларда баъзи нарсалар пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу – касб қилиб олиниб, одамларнинг бошини айлантиришга ҳуқуқ берадиган фазилат эмас, балки даволашга муҳтож дарддир.

Аллоҳ таоло ўзи яратган барча мавжудот ва махлуқотнинг ҳолатини, ғайбий нарсаларини ёлғиз ўзи билади. Келажак ҳам, инсонларнинг тақдири ҳам фақат унга аён. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (“Анъом” сураси, 59-оят).

Ривоятларда келишича, жин ва шайтонлар осмондан фаришталарнинг сўзларини ўғирлаб, кейин бу хабарларни Ердаги инсонларнинг шайтонларига, яъни турли усуллар билан фол очиб, ғайбни билишни даъво қилувчи фолбинлар, шайтон ва жинлар билан алоқага киришиб, хабарларни узоқ-юлуқ ҳолда етказар экан.

Инсонлар ва жинларнинг ғайб илмини, сирларни билиш ҳақидаги даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас. Ислом шариати бундай номақбул, ҳаром ишлардан мусулмонларни қатъий қайтаради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “...Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди)...” (“Моида” сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (“Моида” сураси, 90-оят).

Аллоҳ бандаларини ғайбий нарсаларни биламан деб даъво қилувчи фолбин, коҳинлар фитнасига учмасликка чақириш билан бирга, бу каби одамларнинг шайтонларига охиратда аламли азоблар тайёрлаб қўйгани хабарини беради: “Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!” (“Мулк” сураси, 5-6-оятлар).

Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки бир фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса, кейин фолбин берган жавобга ишонса, ўша кишининг қирқ кун ўқиган намози қабул бўлмайди”.

Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот розийаллоҳу анҳу: “Улар ҳақ эмаслар”, дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, у ҳақ бўлиб чиқади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб бердилар: “Бу ҳақ калимани жин ўғирлаб (ўғринча билиб) олади-да, уни дўсти (фолбин)нинг қулоғига қуяди. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборадилар”.

Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, “иссиқ-совуқ” қилишлар ҳам ҳаром ва катта гуноҳдир. Сеҳр қилгани учун олинадиган ҳақ ҳам, шариатда тақиқланган ишни қилгани учун, ҳаром.

Абу Мусо (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: “Маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош-уруғлар билан алоқани узган кимса ва сеҳрни тасдиқловчи кимса”.

Уламолардан Ибн Қудома: “Сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш ҳаромдир. Илм аҳли ўртасида бу масалада хилоф йўқ”, деб таъкидлаган. Чунки айнан сеҳр ва фолбинлик каби иллатлар туфайли одамлар орасида фитна пайдо бўлиб, ака-ука, опа-сингил, қўни-қўшни, овсинлар ўртасига шубҳа-гумон аралашиб, оқибатда қариндош-уруғ, қўшничилик ришталарига путур етмоқда.

Шуни яхши билиб олиш лозимки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Сарвари коинот (с.а.в.) фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши мумкин.

Фолбин ва дуохонлар сабабли вужудга келаётган ноқулайликлар жуда кўп. Хусусан, уларнинг тахминий маълумотларига ишониш натижасида эр-хотинлар бир-биридан шубҳаланиб, оилавий ажримлар келиб чиқаяпти. Фолбинлар ака-ука, қуда-андалар, қўни-қўшнилар ҳамда ҳамкасблар орасига совуқчилик туширадиган, уларнинг бир-биридан юзкўрмас бўлишига олиб келадиган турли ёлғонларни, шубҳаю гумонларни айтишмоқда.

Фолбинга ишониб, касални ўтказиб юборганлар ҳақида ҳам тез-тез эшитамиз. Шифо талаб бўлиб фолбин ва дуохонларга борган беморларнинг уларнинг кўрсатмаси билан мозорларга атаб қўй, эчки ёки товуқ сўйишга ўхшаш ношаръий, гуноҳ ишларга ружуъ қўйиш ҳолатлари кўпайган.

Қолаверса, фолбинлар “сeн сeҳрланган-сан”, “сeни кимдир ўқияпти ва сeҳрлаб қўйяпти”, “яқин вақтда сенга фалон-фалон кўнгилсизликлар етади” деган ёлғон сўзлар билан баъзи кўнгилчан инсонлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уйингдан дуо ва сеҳрларни тозалайман, деган бузуқ даъволар ҳамда товламачилик йўли билан баъзи ишонувчан инсонларнинг катта миқдордаги моддий бойликларини эгаллаб олиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Фолбин ва сеҳргарларга қатнаш натижасида кўплаб фойдали ишларни амалга ошириши мумкин бўлган инсонлар ўзларининг олтиндан қиммат вақтини фолбину дуохонларнинг эшигига беҳуда қатнаш билан ўтказмоқдалар.

Бу зарар жиддий ижтимоий зиддиятларга олиб боради. Бунинг энг кичиги – одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир. Масалан, бир инсон фолбинга боши оғриётгани учун мурожаат қилди. Албатта, фолбин уни тиббий муолажага  буюрмайди. У ўзининг содда мижозига: “Тўғри, мен ҳам сизни узоқдан кўриб, шу одамнинг боши оғриётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Буни ўзингиз тасдиқлаб турибсиз. Энди биз бир ожиз одаммиз, ҳамма нарса яратганнинг ўзидан бўлади, келинг, бир кўриб қўяй-чи”, дейди-да, ўзига хос хатти-ҳаракатлар қилгач: “Сизга илму амал қилишибди. Ё қариндошларингиз ичида, ё маҳаллангизда, ё бўлмаса иш жойингизда сизга нисбатан ёмон ниятли кишилар борга ўхшайди. Тупроққа дам солиб сочган бўлишлари ҳам мумкин”, дейди. Шундан кейин боши оғриётган киши ҳаммадан шубҳаланиб, душман ахтара бошлайди. Ўзича чора-тадбирлар кўради. Натижада жамиятда ўзаро душманлик ва ишончсизлик ортиб боради.

Фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимлик бир-бирига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Деярли ҳар бир ҳадисда бундай инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бу маънавий жиноятлар катта гуноҳ, куфр ва ширк эканлиги қайта-қайта таъкидланади.

Фолбинга бориш Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи амалдир. Аллоҳ таолонинг неъматига уни рози қиладиган амаллар билан эришилади. Шу сабаб фол, сеҳр деган иллатлардан йироқда бўлайлик, азизлар!

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Report typo