Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

09.04.2021


"Forbes" дунёнинг энг бой одамлари янги рейтингини эълон қилди

SpaceX ва Tesla компаниялари мулкдори Илон Маск "Forbes" журнали эълон қилган талқин бўйича дунёнинг энг бой одамлари йиллик рўйхатида 151 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги бойлиги билан иккинчи ўринга жойлашди. Бинобарин, рейтинг маълумотлари унинг молиявий ҳолати ўтган бир йил давомида олти баробарга ўсганини кўрсатади.

Бу миқдор тадбиркор рейтингда 24,6 миллиард доллар бойлиги билан 31-ўринни эгаллаган палла - бир йил аввалгига қараганда 126,4 миллиардга кўп. "Forbes" изоҳига кўра, бунга дунё бойларининг ўтган йилги рўйхати эълон қилинганидан буён Tesla акцияларининг қиймати саккиз мартага ўсгани асосий омил бўлган.

Шундай қилиб, рейтингда кетма-кет тўртинчи йил ҳам Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос лидер бўлиб қолаяпти. Унинг молиявий ҳолати ўтган даврда 64 миллиард долларга яхшиланиб, бойлиги 177 миллиардга чиққан.

Журнал шакллантирган дунёнинг энг бой одамлари 35-йиллик рейтингида Louis Vuitton Moёt Hennessy компаниялар гуруҳи президенти Бернар Арно 150 миллиард долларлик бойлиги билан  кучли учликни якунлаган. Нашрнинг қайд этишича, унинг молиявий ҳолати бир йилда қарийб икки баробарга ўсган.

Тўртинчи ўринга Microsoft асосчиси Билл Гейтс жойлашган. Унинг сармояси кўрсатилган вақт давомида 26 миллиард долларга кўпайиб, 124 миллиардни ташкил этган. Facebook раҳбари Марк Цукерберг эса 97 миллиард  долларга баҳоланган бойлиги билан рейтингда бешинчи ўринни банд этган. Айтилишича, унинг молиявий ҳолати ўтган йилдагига нисбатан 42,3 миллиард долларга яхшиланган.

Рейтингдан ҳаммаси бўлиб 2755 миллиардер жой олган. Бу ўтган йилги рўйхатдагига нисбатан 660 кишига кўп. Уларнинг умумий молиявий ҳолати рекорд даража -13,08 триллион долларни ташкил этаяпти, ўсиш кўрсаткичи 5,08 триллионга тенг.

Рейтингга 493 нафар янги бойлар киритилган бўлса, 84 киши, шундан 23 нафари вафот этгани муносабати билан ундан чиқарилган.

Шунингдек, "Forbes" жорий йилги дунёнинг энг бой аёллари рўйхатини ҳам алоҳида эълон қилди. Рейтингни L'Oreal бизнес империяси меросхўри Франсуаза Бетанкур Майерс очиб берган. Рўйхатга 328 нафар аёл киритилган бўлиб, улардан 108 нафари ўз бойлигини  мустақил тарзда ишлаб топган тадбиркорлар ҳисобланади. Миллиардер  хотин-қизларнинг умумий бойлиги 1,53 триллион долларни ташкил этаяпти.

 

Report typo