Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Омон БУРҲОНОВ

03.10.2017


“ФОТОАППАРАТИНГИЗДА ПЛЁНКА БОРМИ?..”

Қарор асосида ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз, маданият, иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов мемориал уй-музейини ташкил этиш, “Сайланма” китобини нашр этиш, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташ-қалб фарзанди” хотира китобини чоп этиш, ҳаёти, ижодий фаолияти тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, илмий анжуманлар ўтказиш, хотира тадбирларини ташкил этиш белгилаб қўйилди ва бу ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Мен ҳам шундай атоқли шахс билан бир неча марта учрашиш бахтига муяссар бўлганимдан ҳамиша фахрланиб юраман.

У вақтлар профессионал сураткашлар кам бўларди. Қизиқишларим туфайли кўпчилик мени фотомухбир сифатида яхши биларди.

Ўтган асрнинг 60-йиллари. Миришкор қишлоғи у пайтларда катта бир совхознинг бир бўлими эди. Кунларнинг бирида Миришкорга Шароф Рашидов келаётгани маълум бўлди. Табиийки, учрашувни суратга оладиганлар қаторида мен ҳам бор эдим.

Шароф ака дастлаб пахта даласига йўл олди. У ердагилар билан кўришиб, ғўза ораларига ишлов берадиган механизаторни чақиришни сўради. Механизатор етиб келди, ҳамма ҳаяжонда, давлат раҳбари тракторчи йигит билан худди эски қадрдонлардек қуюқ сўрашди. Яратилган шароитлар, муаммолар бор-йўқлиги билан қизиқди. Қисқа суҳбатдан сўнг “Қайси ёзувчи-шоирларни биласиз? Қанақа асар ўқигансиз?” деб сўради. Бояги йигит Садриддин Айнийнинг “Қуллар” романини ўқиганини айтди.

Кўпчилик тракторчи йигит Шароф Рашидов ёзган “Самарқанд ўйлари”, “Ўлкам”, “Орзуимиз”, “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли” каби асарларидан бирини айтса, ҳар жиҳатдан соз бўларди, деган ўйда. Шунда Шароф ака “Навоийни, халқ достонларини ўқинг. Қайси касб эгаси бўлишдан қатъи назар кўпроқ китоб ўқиган маъқул. Фойдаси кўп”, дедилар. Ўшанда у кишининг ниҳоятда маърифатпарвар шахс эканига яна бир бор амин бўлганман.

Шундан кейин Шароф Рашидовнинг Нишон, Муборак, Қамаши, собиқ Баҳористон каби туманлардаги ташрифларида ҳам иштирок этдим. Учрашувлар давомида шуни англадимки, Шароф ака ҳазил-мутойибани хуш кўрадиган инсон экан.

Бир гал суратга тушираяпман. Шароф  Рашидов нафақат раҳбарлар, балки оддий одамлар билан ҳам самимий суҳбатлашмоқда. Шу дам нигоҳи менга қадалди. “Укажон, фотоаппаратингизда плёнка борми? Ёки ёлғондан чирқиллатаётибсизми?” дедилар. Бу ҳазил бошқаларнинг кўнглини кўтариш учун қилинганини кейинроқ англаганман.

Аслини олганда ўзим ҳам ҳазилни хуш кўраман. Шароф Рашидов билан учрашув якунлангандан сўнг овқатланишга чиқдик. Офтоба ушлаган йигит ҳамманинг қўлига сув қуймоқда. Мен ҳазил оҳангида “Шароф ака билан кўришдим. Бундай одамлар билан кўришиш ҳар куни ҳам насиб қилавермайди. Энди қўлимни бир ҳафта ювмайман”, дедим. Шу гапимни маҳаллий раҳбарлардан бири эшитган экан, ҳар гал мени кўрса, “Омонхон, қўлни ювдингизми?” деб ҳазиллашиб юрди.

Одамлар яхши инсонларни доим алқаб гапиради. Шароф Рашидовнинг ниҳоятда камтарлигига кўп бор гувоҳ бўлганман. Бир сафар тумандаги ҳашаматли шийпонлардан бирида Шароф Рашидовнинг ташрифини кутаяпмиз. Шийпонга элтадиган йўлакка гиламлар тўшалган. Шароф ака етиб келгач, машинадан тушиб гилам устидан эмас, қуруқ ердан юриб кетдилар. Кейинги манзил – Қорахўжа қишлоғига кираверишдаги дала шийпонини кўк мато билан ўраб қўйишганди. Шароф  Рашидов буни кўриб, истеҳзоли кулганча раҳбарларга “Бирданига устини ҳам ёпиб қўймабсизлар-да” деганди. У киши каттахиллик,  лаганбардорлик ва манманликни асло хушламасди.

Миришкор канали очилишида Ўзбекистон раҳбарига қўшилиб қўшни Туркманистон чегарасига қадар борганмиз. Бу ерларга Амударё суви Шароф ака ташаббуси билан келганди.

Шароф Рашидовни турли учрашув ва йиғинларда туширган суратлардан элликтасини саралаб, ўша пайтлар туман раҳбари бўлиб ишлаган Абди Умировга совға қилгандим. У киши идорасига катта фотолавҳа ўрнатди, мен эса суратлар остига битилган “Омон Бурҳонов олган суратлар” деган сўзлардан фахрланардим.

Бироқ у кишининг вафотидан сўнг шўроларнинг мустабид сиёсати сабаб Шароф  Рашидов шахси қораланди, ноҳақ равишда туҳмат ва ҳақорат тошлари отила бошланди.

Бугун шу зот таваллудининг юз йиллиги муносабати билан кўп улуғ ишлар қилинаётгани барчанинг дилидаги гап сифатида тарих хатосининг тўғриланиши ҳамдир. Зеро, мозий кўрсатадики, юрти, эли учун қайғурган, унинг эртанги куни учун жонини жабборга берган фидойи фарзандлар ҳеч қачон унутилмайди.

Омон БУРҲОНОВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo