ТАНКЛАР ВА ЖАНГОВАР САМОЛЁТЛАР ҚУРИШ УЧУН 260 МИЛЛИОН СЎМ
Албатта, ғалаба ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Умумий ҳисобда 60 миллион одамнинг жасади жанггоҳларда қолган бўлса, 90 миллиондан зиёд киши майиб-мажруҳга айланган. Биргина Ўзбекистон 500 мингдан ортиқ ўғлонини бой берган. Ғалабага ҳарбийлардан ташқари, жанггоҳлардан узоқда туриб, машаққатли меҳнати билан бемисл ҳисса қўшган юртдошларимиз сони ҳам жуда кўп.
Фронт аскарлари учун мўлжалланган "Ватан учун" газетаси 1942 йил 27 декабрдаги сонида республиканинг ўша вақтдаги раҳбари Усмон Юсуповнинг Москвага, Марказий комитетга йўллаган хати босилиб, унда жумладан, шундай дейилади: "Ўзбекистон колхозчи хотин-қизлари олти кун бадалида танклар ва жанговар самолётлар қуриш учун нақд пул билан 260 миллион сўм тўпладилар". Бунга жавобан Марказдан келган миннатдорлик хати ҳам эълон қилинган.
Газетанинг навбатдаги сонида ўзбек халқи томонидан фронтга 340 вагон гуруч, гўшт, мева ва бошқа совғалар юборилаётгани, қолаверса, Украинанинг озод қилинган районларига чорвани қайтадан тиклаш учун Ўзбекистон колхозлари томонидан 200 минг қўй, эчки ва 9000 бош қорамол танлангани айтиладики, ушбу рақамлар ғалаба қозонишга Ўзбекистон нечоғлик тиришганини кўрсатади. Иттифоқнинг ҳарбий қудрати ўсишида яхшигина иқтисодий улушимиз борлиги АҚШда чиқадиган "Ферин коммерс уикли" журналининг ўша пайтдаги сонида алоҳида таъкидланади.
Уруш тугагач ҳам, Ўзбекистондан ёрдам тўхтамаган. Буни газетанинг 1945 йил 21 сентябрь сони тасдиқлайди. Хабарда ёзилишича, Польша, Финляндия ва Болқон мамлакатларининг тўқимачилик корхоналарини тиклаш учун пахта юборилиб, июль ойида биргина Польшага 200 вагондан ошиқ юқори навли пахта жўнатилган.
ЖАНГЧИЛАРДА ИШОНЧНИ МУСТАҲКАМЛАШ УЧУН
Ўша давр газеталарининг фронтортига оид мақолаларини кўздан кечираркансиз, оддий хабарлар ҳам фронтда жанг олиб бораётган ҳарбийларнинг руҳини кўтариш, ишончини мустаҳкамлаш, бола-чақасидан кўнглини тўқ қилишга қаратилганини кўриш мумкин.
Мисол учун, Китоб туманидаги "Ғалаба" газетаси муҳаррири Ҳайдар Қаюмовнинг "Гектаридан 130 пуддан арпа" сарлавҳали мақоласида айтилишича, тумандаги "Бирлик" колхозининг юзпудчилар ҳаракатига қўшилган Берди Ҳусаинов бошлиқ ғаллачилик бригадаси аъзолари 13,5 гектар ердаги арпани ўз вақтида ўриб-янчиб, гектарига 130 пуддан ҳосил кўтаришган. Бу борада Варганзадаги Абдулла Каримов бошлиқ звено иши ҳам юқори баҳоланган.
"Суворовчи" газетасининг 1944 йил 23 март сонида Ўзбекистон пахта далаларида 100 минг гектарга яқин ер ҳайдалгани, бу айниқса, Қашқадарё ва Сурхондарёда қизғин тус олгани қайд этилади.
1944 йил июнда "Муборак" қоракўлчилик совхози жамоаси кўкламда ҳар юз она қўйдан 160 қўзи олгани, сут ва пишлоқ етказиб бериш ортиғи билан уддалангани, давлатга 3 минг дона қоракўл тери топширилгани, шу билан бирга, Мамадиёров бригадасида чорва яхши парвариш қилинаётгани, ферма ходими Сандир Авазов ўз ишларини кўнгилдагидай бажараётгани ҳақида маълумот берилган.
Шу йил августда Косон район комитети секретарининг ёрдамчиси Нурия Хасаншина таҳририятга хат йўллаб, фронтчиларнинг оилаларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида маълум қилади. Жумладан, ўша йил баҳорда 3020 ҳарбийнинг оиласи учун 542 гектар ерга экин экиб берилган. Вақтинча ва доимий фойдаланиш учун 847 бош қорамол тарқатилган. Фронтчилар оилаларига колхоз правлениелари томонидан 44 минг 683 сўм, давлатдан 14 минг 134 сўм ажратилган. Бундай оилалар учун 237 гектар ерга экилган ғалла ҳисобидан махсус фондлар тузилган.
"Душманга қарши олға" газетаси 1944 йил 15 июнь сонидаги хабарига кўра, Шаҳрисабзда юқори сифатли пишлоқ ишлаб чиқарадиган Ўзбекистондаги биринчи завод ишлай бошлаган. Заводнинг асбоб-ускуналари шу жойнинг ўзида тайёрланган. Янги корхонада сўнгги икки ойда 3 тоннага яқин пишлоқ ишлаб чиқарилган. Ўзбекистон гўшт-сут саноати халқ комиссарлиги пишлоқнинг сифатини жуда яхши деб топган.
МЕҲНАТИГА ЯРАША
Фронт газеталарида Қашқадарёга тааллуқли хабарлар асосан қишлоқ хўжалигига оид. Жумладан, ғалла, арпа, пахта тайёрлангани, давлатга гўшт топшириш режаси уддалангани ва ҳоказолар. Бу йўлда самарали ишлаганлар эса рағбатлантириб борилган. "Ватан шарафи учун" газетасининг 1945 йил 7 январь сонида Олий Совет Президиумининг фармони билан турли орден ва медаллар билан тақдирланганлар рўйхати келтирилган. Улар орасида Яккабоғдаги "Ўзбекистон" колхози раиси Имом Абдиев, Китоб туманидаги "Қизил юлдуз" колхози раиси Жўра Элбоев, Қарши туманидаги "Коммунизм" колхози раиси Раҳмат Имомов, Шаҳрисабздаги "Қизил агроном" колхози раиси Турди Қораев номлари бор. 1944 йил 26 январь сонида эса фронтда юрган Косон тумани Пўлати қишлоғилик капитан Терков Дониёровнинг сурати босилган.
МУАММОЛАР ҲАМ ЙЎҚ ЭМАС
"Ватан шарафи учун" газетасининг зафар учқунлари кўринаётган 1944 йил сонида Қорақалпоғистон, Сурхондарё ва Бухоро билан бир қаторда Қашқадарёнинг узоқ районлари маҳаллий халқ тилини биладиган медицина ходимларига жуда муҳтожлиги, шундан келиб чиқиб, ёшларни медицина юқори ўқув юртларига тайёрлаш учун махсус курслар очилиши айтилган.
6-АТАКАНИ ҚАЙТАРГАН ҚАРШИЛИК ЕФРЕЙТОР
"Совет жангчиси" газетасининг 1945 йил 21 март сонида Қарши туманилик гвардиячи ефрейтор Жалол Билолов ва гвардиячи Абдуқодир Қорақулов жангда ажойиб мардлик кўрсатишгани ҳақида "Оғир пайтларда" сарлавҳали мақола чоп этилган. Батальон командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, лейтенант В.Булатовнинг маълум қилишича, катта тош йўл учун бораётган шиддатли жангда немислар, кўп талафот беришига қарамай, 5 марта атакага ўтишган.
"Кечки пайт. Жанг майдонида душман танклари, бронетранспортёрлари ёниб ётади, - деб ёзади лейтенант. - Қорақулов Билоловга диск узатиб:
- Жамол! Энг сўнгги диск! Нима қиламиз? - деди.
- Нима қиламиз эмиш, - деди Билолов кўзини душмандан узмай. - Кенгашиб ўтириш вақти эмас. Ўқ керак. Ўқланган дисклар керак!
Қорақулов эмаклаганча қаёққадир ғойиб бўлди.
Билолов пулемётидан сийрак ўт узилаётганидан фойдаланган немислар 6-атакасини бошлади.
Немислар бизнинг позициямизга яқинлашиб келар эди. Дискда ҳаммаси бўлиб 40 тача ўқ бор. Қутурган гитлерчилар тобора яқинлашиб келмоқда. Шу пайтда Билоловнинг биқинида диск узатган бир қўл пайдо бўлди. У ўқланган учта диск келтирди. Немислар бирин-кетин олға югуриши биланоқ Билолов пулемётдан узун-узун ўт очиб юборди. Фашистлар қамишдек қулай берди.
Ўзбек халқининг баҳодир фарзандлари Билолов ва Қорақулов шу кун немисларнинг олтинчи атакасини муваффақият билан қайтариб, бир неча ўн гитлерчини қириб ташладилар".
"ТИЛ"СИЗ ҚОЛИШДИ
"Қизил армия" газетасининг 1944 йил 29 октябрдаги сонида қаршилик ефрейтор Соат Маллаев гитлерчиларнинг уч "тил"ини тутгани ҳақида мақола чоп этилган. Жангчи фриц жосусларининг ҳамма ҳаракатларини пайқаб, қалин ўт орасида жимгина турган ва ўз шериги сержант Поповнинг ҳам немислар "қилиғи"дан хабардор эканини сезиб турган. Иккиси бир бўлиб "тил" олиб кетишга келган уч немиснинг ўзини "тил" сифатида штабга ҳайдаб кетишган.
ДУШМАННИ ЎЗ УЯСИДА ДАБДАЛА ҚИЛМАГУНЧА...
"Қизил армия" газетасининг ғалаба арафасидаги - 1945 йил 25 апрель сонида эълон қилинган Китоб тумани Урус қишлоғида туғилган Шодмон Умаров ҳақидаги "Қаҳрамонлар батальони" номли мақола эътиборга молик.
"Тўпчиларимиз зарбаси тобора кучайди. Қисмнинг олдинги отряди ҳисобланган гвардиячи капитан Умаров батальони дарё бўйидаги ғиштин уйга штурм ясади, - дейилади мақолада. - Немислар бу бинони "дарё қалъаси" атаб кучли айланма мудофаа қурганлар. Душман гарнизони бизнинг ҳаракатимизни шу ерда "қотиб қолар" деб умид қилган. Бироқ жангчиларимиз бу ерда ҳам тўхтамадилар, қаттиқ жанг бошладилар.
Гвардиячи капитан Шодмон Умаров батальони гитлерчилар мадорини қуритди. Ҳатто немисларнинг танланган "СС" группаси ҳам гвардиячилар зарбасига бардош бера олмади.
Саноқсиз талафот кўрган немис гарнизони бинони ташлаб шармандаларча чекинди. Дарё йўлига тўсиқ бўлган "қалъа" қулади.
Серқуёш Ўзбекистоннинг Китоб районидан келган бу йигит Ватан ҳурматига сазовор бўлмоқда. У жанг майдонида офицерга хос усталик кўрсатиб, фашист газандаларини шафқатсиз мағлубиятга учратмоқда. Ўтган йили Ковель ёнида катта операция бошлаган илғор отрядни ҳам, Висла дарёси бўйида душман мудофаасини емирувчиларнинг олдинги қисмини ҳам гвардиячи капитан Шодмон Умаров бошқарган эди.
Ҳозир унинг батальони Одер дарёсининг ул юзида - фашист Германиясининг маркази - Берлин учун шиддат билан жанг қилаётир. У: "Душманни ўз уясида дабдала қилмагунимча хумордан чиқмайман", - дейди".
Қайд этиш лозим, Шодмон Умаров бу хизматлари учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, яна қатор юксак орденларга сазовор бўлган. У Польшани озод этишда ўзини кўрсатган. Унинг батальони 1945 йил Вайссенбургдаги жанг давомида душманнинг 7 танк, 3 ўзиюрар қурилмаси, 3 бронетранспортёрини яксон қилган, душман батареяси ва ўқ-дори омборини эгаллаган, 300 га яқин гитлерчи йўқ қилинган. Сўл қирғоқда плацдармни эгаллаб, уни сақлаб қолган.
Умуман олганда, фронт газеталари уруш даҳшатлари, оқибатларини бор бўй-басти билан, ғалабага нечоғлик катта қурбонлар билан, қадамба-қадам эришилганини акс эттиради. Ўз навбатида бу сарғайган саҳифалар тинчликнинг энг олий неъмат эканини ҳам мудом уқтириб туради.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.