Жумладан, 2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини “ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан амалга ошириб келинган бўлса, 2016 йил 1 январдан бошлаб улар негизида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди. 2017 йил 1 февралдан эса ягона марказлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса бу борада янги даврни бошлаб берди. Мазкур фармонга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан агентлик тасарруфида Давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
- Олдинги “ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, давлат хизматлари марказлари барча жисмоний ва юридик шахсларни бирдек қамраб олади, - дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Қурбонов. - Уларнинг Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб бориши ҳам фуқаролар муаммоларини жойида ҳал қилиш тез, мурожаатчиларга қулай ва шаффоф хизмат кўрсатиш имконини яратди. Бугун фуқаро ёки юридик шахс вакилининг тегишли ҳужжатни расмийлаштириши учун у ёки бу идорага вақт сарфлаб қатнашига ҳожат йўқ. Барча ҳужжатлар бир жойнинг ўзида тақдим этилади. Улар электрон тизим орқали ҳаракатланади.
Тасаввур қилинг, фарзандингизни мактабгача таълим муассасасига жойлаштирмоқчисиз. Илгари бунинг учун муассаса маъмуриятига мурожаат қилинарди. Агар улар буни хоҳлашмаса, исталган баҳона билан фарзандингизни боғчага қабул қилишни рад этиши, турли оворагарчиликларга бошлаши мумкин эди. Табиийки, бу ҳолда ўз-ўзидан коррупцияга йўл очилади. Энди эса тўппа-тўғри ҳудуддаги давлат хизматлари марказига мурожаат этасиз. Бу ерда мутахассис керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, сизга йўлланмани тутқазади.
- Невараларим Зебо ва Санжарбекни боғчага жойлаштириш учун Қарши шаҳар давлат хизматлари марказига мурожаат этдим, - дейди Нурия Тошмурадова. – Марказ ходимлари ҳужжатларни қабул қилиб, шу вақтнинг ўзида шаҳардаги 50-сонли мактабгача таълим муассасасига йўлланма беришди. Илгари бунинг учун қанча одамга мурожаат этишимиз, уларнинг кўнглига йўл топишимизга тўғри келарди. Бу ишга ойлаб вақт сарфлаган пайтларимиз бўлган. Яратилган бундай қулайликдан жуда мамнун бўлдим.
Айни вақтда давлат хизматлари марказлари томонидан кундалик ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган 80 дан ортиқ йўналишда давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ҳозир абитуриентлардан Тошкент давлат юридик университетига ҳужжатларни қабул қилиш ҳам мазкур марказлар орқали амалга оширилаяпти.
- Бу янгиликни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, - дейди Қарши шаҳрилик Ғуломжон Ғайбуллаев. – Боиси, мен ҳам Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришни мақсад қилгандим. Ҳужжатларимни Қарши шаҳар давлат хизматлари марказига топширдим. Бу иш учун Тошкентга борганимда анчагина маблағ ва камида уч кун вақт йўқотардим. Энди бунинг ўрнига тест синовларига тайёргарликни давом эттираман.
Бир сўз билан айтганда, “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида йўлга қўйилган, замонавий технологияларга асосланган бу тизим одамларнинг мушкулини осон қилаяпти, халқимизга катта енгиллик бермоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ