Касби туманидаги мавжуд 40 та фуқаролар йиғинининг 13 тасида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, 7 та фуқаролар йиғини раиси илк марта сайланди.
- Сайлов ошкоралик, муқобиллик ва тенг ҳуқулилик асосида ўтказилмоқда, - дейди туман кўмаклашувчи комиссияси раиси Бекзод Эшонқулов. - Аввало сайловга пухта тайёргарлик кўрилди. Ишчи гуруҳлари тузилди. Қишлоқлар ва кўчаларда йиғилишлар ўтказилиб, фуқаролар йиғинига эл ичида ҳурмати бор, маҳалланинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган вакиллар сайлаб олинишига эришилди. Айниқса, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларни танлашда уларнинг ишчанлик қобилияти, билими, тажрибаси, халқ орасидаги обрў-эътиборига алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳамиятли.
Тумандаги Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган сайловда йиғин раислигига кўрсатилган 3 нафар номзоддан бир нафари, маслаҳатчиликка тавсия этилган 16 нафар номзоддан 11 нафари сайловчиларнинг 71 нафар вакили овоз бериши натижаларига кўра сараланди.
Ҳудуддаги Қамаши қишлоқ фуқаролар йиғини, Мустақилобод, Оқжангал, Пандрон, Қўнғирот маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтган сайловда сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига кўра, раислар ёпиқ овоз бериш йўли билан сайлангани ушбу муҳим ижтимоий тадбирда қатъий демократик тамойилларга таянилаётганининг ўзига хос намойиши бўлди десак, муболаға эмас.
***
Деҳқонобод туманидаги Сарчашма маҳалласида бўлиб ўтган сайловда ишчи гуруҳ раҳбари Тошбой Шоймардонов сўзга чиқиб сайловчиларни овоз бериш тартиби билан таништирди. Маҳаллада фуқаролар йиғини раиси лавозимига уч нафар, маслаҳатчиликка 14 нафар номзод кўрсатилди. Муқобиллик асосида ўтган сайловда сайловчилар - энг муносиб деб топган номзод маҳалла фуқаролар йиғини раислигига, 9 нафар киши эса маҳалла раиси маслаҳатчилигига сайланди.
Қайд этиш ўринли, туманда жорий сайловда 37 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 375 нафар маслаҳатчиси сайланади.
***
Қамаши туманидаги Бобуртепа маҳалла фуқаролар йиғини ишчи гуруҳи томонидан ҳудуддаги кўчаларда ташкил этилган умумий йиғилишларда аҳолининг фикри ҳисобга олинган ҳолда, йиғин раислигига 2 нафар ва раис маслаҳатчилигига 18 нафар номзод тавсия этилди. Бунда, албатта, уларнинг маълумоти, ташкилотчилик қобилияти, раҳбарлик ҳамда ҳаётий тажрибаси ва аҳоли ўртасидаги обрў-эътиборига алоҳида аҳамият берилди.
Йиғин раислигига номзодлар ўзларининг келгуси фаолият дастурларида маҳаллани янада обод қилиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантириш, ёшлар тарбияси ҳамда ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш каби вазифаларни аниқ белгилаб олгани билан сайловчилар эътиборини тортди.
Ошкоралик принципи асосида ўтказилган сайловда фуқаролар вакиллари йиғин раиси ва унинг 9 нафар маслаҳатчисини сайлашди.
Шоҳиста БОЗОРОВА