Спорт
Кеча Қарши давлат университетида ажойиб футбол “спектакл”и намойиш этилди. Вилоятдаги олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилар биринчи бор яшил майдонда ўзаро баҳс олиб бордилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ташаббуси асосида ва раҳбарлигида ўтказилган бу футбол учрашувининг аҳамияти катта. Биринчидан, у соғлом турмуш тарзи тарғиботида яна бир муҳим қадам бўлди. Иккинчидан, раҳбарият ва профессор-ўқитувчиларни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилди. Учинчидан, томошабинларга бир олам завқ-шавқ ва кўтаринки кайфият улашди.
- Энг муҳими, янги ўқув йили бошланиши арафасида ана шундай зўр ташаббусга старт берилди, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Азамат Хайриддинов. - Насиб бўлса, бу хайрли анъана давом этади. Келгусида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида ҳам нафақат футбол, балки спортнинг бошқа туралари бўйича ҳам беллашувлар ўтказилади. Бугун кайфиятимиз ҳар қачонгидан кўра аъло бўлди. Энг муҳими, футбол раҳбарларни профессор-ўқитувчиларга янада яқинлаштирди.
Дарвоқе, учрашув тенг курашлар остида ўтди ва голларга бой бўлди. Дарвозаларга 16 та тўп киритилди. Сабаби ҳар икки жамоа фақат ҳужумларга зўр берди. Дастлаб раҳбарлар жамоаси вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Йўлдошевнинг икки голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Профессор-ўқитувчиларнинг биргина тўпига ҚарМИИ ректори Орифжон Бозоров учинчи гол билан жавоб қайтарди. Шундан сўнг чиройли зарбалар, хавфли вазиятлар ва ажойиб дриблинглар шоуси шиддатли тус олди.
Спорт - дўстлик, бирдамлик элчиси, деб бежиз айтмайдилар. Томонлар якунда муроса йўлини танлашни маъқул кўрдилар. Ўйинда дуранг қайд этилди (8:8). Дўстлик ғалаба қилди.
Абдураззоқ МУРОДОВ