Касби тумани тиббиёт бирлашмаси чақалоқлар бўлими неонатолог шифокори Саодат Каримова ўз касбининг ҳадисини олган. Чунки 40 йилдан ортиқ умрини ана шу гўшага, севган ишига бахшида этган. У доимо соҳага доир янгиликлардан бохабар бўлишга интилади, изланади. Шу мақсадда тез-тез тиббий адабиётларга мурожаат қилади. Ҳамкасбларидан, шогирдларидан ўрганаётганлари ҳам йўқ эмас. Унинг наздида шифокор иш фаолиятини ўқимасдан, ўрганмасдан, такрорламасдан олиб бориши мумкин эмас. Зеро, ўртада инсон тақдири бор.
– Қирқ йиллик иш фаолиятим давомида шуни аниқ айта оламанки, илгари тиббиёт соҳасига эътибор бугунгидек бўлмаган, - дейди Саодат Каримова. - Туғруқ муассасаларининг, айниқса, туманлардаги ана шундай масканларнинг мустақилликдан олдинги аянчли аҳволи, эскирган жиҳозлар, совуқ ва санитария талабларига жавоб бермайдиган хоналар ҳали кўпчиликнинг ёдида. Ўша кезларда чироқ деярли ҳар куни ўчар, кечқурун аёллар шам ёруғида туғдириб олинарди. Айниқса, қиш кунлари, совуқ ҳавода туғилган чақалоқларнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг. Шунинг учун кўпчилик аёлларимиз шундай аҳволдаги шифохонага боришдан уйда туғишни афзал кўриб, бунинг оқибати аянчли якун топган ҳолатлар ҳам кўп учрарди. Янги туғилган чақалоқларни парваришлашда ҳам номақбул ёндашувлар мавжуд эди. Бола туғилган заҳоти онасидан ажратилар, ўғиз сути эммаган болаларда ҳар жиҳатдан нуқсонлар пайдо бўларди. Энди эса бошқача. Айниқса, туғруқ комплексимизга замонавий аппаратлар келтирилгани чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилишда қўл келмоқда. Янги аппаратлар автоматик равишда бола тана ҳароратини назорат қилади. Айрим ҳолатларда даволаш вазифасини ҳам бажаради.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, тажрибали шифокор ёш оналарга болани кўкрак сутидан озиқлантиришнинг аҳамиятини тушунтиради, керак жойда талаб қилади.
– Чунки болага сўрғич тутиб она ўз меҳрини иккига бўлганини билмайди, - дейди Саодат опа. - Бола унга вақт ўтиши билан ўрганиб қолади, сўрғичсиз инжиқлиги ортаверади. Қолаверса, сўрғичдан бола организмига турли микроблар тушиши мумкин.
Қирқ йил... Кичкина муддат эмас аслида. Саодат Каримова бу йиллар оралиғида ўз соҳасининг нозик ва сирли қирраларини эгаллаб бориш учун тинмай изланди, тиббиёт оламидаги қанча китобларга кўз нурини тўкди.
... Мана, йиллар ўтиб Саодат Каримова номи эҳтиром билан тилга олинадиган шифокорлар сафидан жой олди. Касбига умрини бахшида этган аёлнинг меҳнати муносиб баҳоланиб, у Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан мукофотланди.
- Институтда олган билимим бир тараф бўлса, Саодат Каримовадан олган амалий билимим бир тараф, - дейди шогирди Наргиза Равшанова. - Чунки бу ерда ҳаёт мактабида тобландим. Бунинг учун устозимдан миннатдорман. Туғруқхона шифокори зиммасида жуда катта масъулият бор. Буни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Тажрибали устозлар ўгити, маслаҳати бизга доим керак.
Саодат опа ҳар тонг яхши ният, янги орзулар билан уйғонади. Уй юмушларини адо этгач, яна чақалоқлар ҳузурига... Яна оппоқ халат кийилади, беҳуда ташвишлар унутилади... Бутун хаёли умрини бахшида этган севимли ишига, чақалоқларга, уларнинг онасига қаратилади. Чунки бу аёлларнинг бирортаси Саодат опа учун бегона эмас, бирини қизим, бирини синглим, бирини келиним, деб эркалайди. Аслида ҳам яхши ниятли инсонлар учун одамнинг бегонаси бўлмайди...
Шоҳиста БОЗОРОВА