Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётгани ҳамда бу заҳри қотил инсонларнинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши, турли жиноятлар сари етаклаши тўғрисида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, айрим кишилар била туриб “оғу” гирдобидан қутулишни исташмаяпти.
Вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ноқонуний фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилиб, ўтган 2015 йилда 14 та ҳолатда 29,6 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Мазкур гиёҳвандлик воситаларининг асосий қисмини опий ва гашиш гиёҳвандлик моддалари ташкил этади.
Ушбу қонунбузарлик ҳолатларини аниқлашда жорий йилда ҳам тезкор тадбирлар амалга оширилиб, қонун устуворлиги таъминланмоқда.
Мисол учун, Сурхондарё вилояти Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда Амударёнинг чап қирғоғига яқин бўлган чегара пости ҳудуди кўздан кечирилганда, ерга кўмилган оқ рангли синтетик қопга жойланган умумий оғирлиги 3 килограммдан зиёд опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди.
Яна бир ҳолатда, жорий йилнинг 28 январь куни Чироқчи туманида жойлашган Умакай ЙПХ масканида ўтказилган тадбир натижасида, ўзини гўёки Тошкент шаҳрига сайр қилиш учун бораётгандек кўрсатган фуқаро Мансур Ҳасанов (ҳуқуқбузарнинг исм-фамилияси ўзгартирилган) ўз бошқарувида бўлган транспорт воситасининг ўриндиғи остига яширин равишда полиэтилен қопларга жойланган, оғирлиги 237 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасини 69 дона гугурт қутисига жойлаб, Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетаётганлик ҳолати аниқланди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан ҳозирда божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,
вилоят божхона бошқармаси божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бошлиғи.